Ўзбекистон Республикаси Президентининг
Фармони
«ЎЗБЕКИСТОН ТЕМИР ЙЎЛЛАРИ» ДАВЛАТ-АКЦИОНЕРЛИК КОМПАНИЯСИНИ ТУЗИШ ТЎҒРИСИДА
Халқ хўжалиги ва аҳолининг темир йўл транспортида юк ва йўловчиларни ташиш эҳтиёжларини тўла қондириш ҳамда темир йўлнинг барқарор ва хавф-хатарсиз ишлашини таъминлаш мақсадида:
1. Темир йўл транспорти тизимининг Ўзбекистон Республикаси ҳудудида жойлашган темир йўл корхоналари ва темир йўл бўлимлари, саноат, қурилиш, савдо ва таъминот корхоналари, халқ таълими, соғлиқни сақлаш, маданият ва спорт, лойиҳа-конструкторлик ташкилотлари, бошқа ташкилотлари, корхоналари ва муассасалари негизида «Ўзбекистон темир йўллари» давлат-акционерлик компанияси ташкил этилсин.
2. Белгилаб қўйилсинки, «Ўзбекистон темир йўллари» давлат-акционерлик компанияси Ўзбекистон Республикаси давлат темир йўл транспорти бошқармасининг темир йўл транспортида юк ва йўловчиларни ташиш жараёнларига раҳбарлик қиладиган хўжалик ишларини амалга оширадиган ваколатли органдир.
Кейинги таҳрирга қаранг.
3. «Ўзбекистон темир йўллари» давлат-акционерлик компаниясининг қуйидаги асосий вазифалари ва фаолият йўналишлари белгилаб қўйилсин:
Кейинги таҳрирга қаранг.
темир йўл транспортида юк ва йўловчиларни ташиш соҳасида бозор талабларини тадқиқ этиш, уни ривожлантириш истиқболини белгилаш ва Ўзбекистон Республикаси иқтисодиётини таркибий қайта қуришни ҳисобга олган ҳолда жойлаштириш;
темир йўл транспорти хизматидан фойдаланадиган корхоналарга таклиф этиладиган кўп йўналишдаги хизмат соҳасини вужудга келтириш асосида транспорт хизмати бозорида темир йўл транспортининг рақобатга бардошлигини таъминлаш;
темир йўл тармоқлари иши барқарорлигини, поездларни ўтказиш қобилиятини оширишга доир чора-тадбирлар мажмуини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;
темир йўл транспортида илмий-техникавий ва сармоя сарфлаш сиёсатини ўтказишни, янги техника ва технологияларни ишлаб чиқиш ва амалга оширишни, темир йўл транспортини ҳар томонлама ривожлантиришни ташкил этиш;
Кейинги таҳрирга қаранг.
сарф-харажатларни камайтириш ва мижозларга хизмат кўрсатиш сифатини яхшилашни назарда тутиб, юк, йўловчилар, почта ва багаж ташиш соҳасидаги тариф сиёсатини белгиланган тартибда амалга ошириш.
Кейинги таҳрирга қаранг.
4. Белгилаб қўйилсинки, «Ўзбекистон темир йўллари» давлат-акционерлик компаниясининг ўз ваколатлари доирасида қабул қилган қарорлари вазирликлар, идоралар, корпорациялар, концернлар, уюшмалар, ташкилотлар, давлат ҳокимияти маҳаллий органлари томонидан бажарилиши мажбурийдир.
Кейинги таҳрирга қаранг.
5. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ўн кун муддатда «Ўзбекистон темир йўллари» давлат-акционерлик компаниясининг фаолиятини ташкил этиш тўғрисида қарор қабул қилсин, унинг таркибини ва низомини тасдиқласин.
Ўзбекистон Республикасининг Президенти И. КАРИМОВ
Тошкент ш.,
1994 йил 7 ноябрь,
ПФ-982-сон
(Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг Ахборотномаси, 1994 й., 11-12-сон, 288-модда; Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг Ахборотномаси, 2001 й., 3-сон, 54-модда; Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 20.03.2020 й., 06/20/5971/0348-сон)