Тошкент вилояти ҳокимининг
Қарори
2009-2010 йиллар қиш-баҳор даври мобайнида захира фондларидан аҳолига сотиладиган картошка ва мева-сабзавот маҳсулотлари нархларини (устамаларини) тасдиқлаш тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2009 йил 17 июлдаги «2009 йилнинг 1 ярим йиллигида республикани ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ҳамда жаҳон иқтисодий инқирози оқибатларини бартараф этиш, 2009 йилда иқтисодиётни барқарор ривожлантиришнинг устувор вазифаларини амалга оширишни таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги 3-сон йиғилиш баёни ва жорий йилнинг 22 июлдаги вилоят Фаоллар йиғилишининг 2-сон баёни ижроси ҳамда вилоят аҳолисини 2009-2010 йиллар қиш-баҳор даври мобайнида узлуксиз арзон картошка ва мева-сабзавот маҳсулотлари билан таъминлаш, нархларнинг асоссиз ўсишига йўл қўймаслик мақсадида қарор қиламан:
1. Шаҳар ва туман ҳокимлари, вилоят «Мевасабзавоттайёрловсавдо» (Ф. Султонов), «Матлуботинвест» ДУК (Ғ. Абдувоҳидов) ва тайёрлов ташкилотлари билан биргаликда:
2009-2010 йиллар қиш-баҳор даври учун картошка ва мева-сабзавот маҳсулотлари захирасини ғамласинлар, бунда ушбу маҳсулотларни бевосита ишлаб чиқарувчилардан харид қилиш тавсия этилсин.
2009-2010 йиллар қиш-баҳор даври мобайнида картошка ва мева-сабзавот маҳсулотлари захирасини тизимли равишда, нархларнинг асоссиз ўсишига йўл қўймаган ҳолда аҳолига сотувга чиқарилишини таъминласинлар, бунда ушбу маҳсулотларга чекланган савдо устама қиймати ҳисобланган харид қийматидан келиб чиқиб, улгуржи ва чакана товар айланмаси иштирокчиларининг сонидан қатъи назар, 25 фоиздан кўп бўлмаган миқдорда (шу жумладан, улгуржи савдо устамаси 10 фоизгача ва чакана савдо устамаси 15 фоизгача) ҳисобланади.
2. Вилоят Монополиядан чиқариш, рақобат ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ҳудудий бошқармаси (Т. Муратов):
вилоят Давлат солиқ бошқармаси (Н. Эрбеков) билан биргаликда энг зарур товарларни ишлаб чиқариш ва сотиш бўйича корхоналар, шунингдек захира фондларига қўйилган картошка ва мева-сабзавот маҳсулотларини сотиш учун масъул бўлган улгуржи ва чакана савдо ташкилотлари томонидан белгиланган нарх (устама)ларига қатъий риоя қилиниши устидан ҳафталик мониторинг ўрнатсинлар.
Монополияга қарши қонун ҳужжатларини бузувчиларга, яъни белгиланган савдо устамаларининг чекланган миқдорлари оширилган ҳолатлари аниқланган ҳолларда белгиланган тартибда тегишли чораларни қўллаб, доимий назоратини таъминласинлар.
3. Ушбу қарорнинг ижросини назорат қилиш вилоят ҳокимининг ўринбосари С. Абдуллаев зиммасига юклатилсин.
Ҳоким Р. ХОЛМАТОВ
Тошкент ш.,
2009 йил 3 сентябрь,
190-сон