Тошкент вилояти ҳокимининг
Қарори
ВИЛОЯТ ШАҲАРЛАРИДА ҚАТНАЙДИГАН ЙЎЛОВЧИ ТАШУВЧИ ТРАНСПОРТИ ХИЗМАТЛАРИ ТАРИФЛАРИНИ ОШИРИШ ТЎҒРИСИДА
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1994 йил 8 сентябрдаги «Шаҳарда ва шаҳар атрофига қатнайдиган йўловчи ташиш транспорти хизматларининг тарифлари тўғрисида»ги 455-сонли қарори талабларидан келиб чиқиб хамда Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг 2009 йил 23 июндаги ЁТ/15-04-19-12/11-1836-сонли хатига асосан вилоят шаҳарлари ички йўналишларида йўловчи ташувчи транспорти хизматлари харажатларини қоплашни инобатга олган ҳолда автобус транспорти хизматининг барқарор ишлашини таъминлаш ва йўловчилар ташиш транспорт хизматлари тарифларини асосли шакллантириш мақсадида,
1. Тошкент вилояти ҳудудидаги шаҳарларида қатнайдиган йўловчи ташувчи автобус транспорти хизматларининг чекланган тарифларини йўловчилар ташишнинг амалда шаклланаётган харажатларини қоплашни таъминлаш ва шу орқали шаҳарларда йўловчи ташувчи автобус транспортининг барқарор қатновини таъминлаш мақсадида, 2009 йил 15 августдан бошлаб вилоят ҳудудидаги шаҳар ичи йўналишларида қатновчи автобусларда бир марталик юриш чипта нархи 350 сўм этиб белгилансин.
2. Вилоят ҳокимлигининг йўловчи транспортининг барча турлари ҳаракатини лицензиялаш ва мувофиқлаштириш Департаменти (Э.Азизов)га:
транспорт хизматларининг чекланган тарифини шаҳар йўловчи ташиш автокорхоналарида жорий этилишини таъминлаш:
шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда шаҳар ички йуналишларида фаолият кўрсатаётган корхона ва ташкилотларнинг Ўзбекистон Автомобиль ва дарё транспорти агентлиги томонидан 2003 йил 2 июлда тасдиқланган «Автобус йўналишларига параллел йўналишли такси йўналишларини очиш (ёпиш) тўғрисида»ги тавсияномасига катъий амал қилган ҳолда шаҳар ичидаги йўналишли такси йўналишларида бир марта юриш чипта нархи 500 сўм этиб белгилансин ва уларнинг ушбу нархда хизмат кўрсатиши устидан назорат ўрнатиш вазифаси юклатилсин.
3. Мазкур қарор қабул қилиниши билан вилоят ҳокимининг 2008 йил 21 майдаги 104-сонли қарори ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
4. Ушбу қарор ижросини назорат қилиш вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари С. Ильхамов ва ҳоким ўринбосари С. Абдуллаев зиммаларига юклатилсин.
Ҳоким Р. ХОЛМАТОВ
Тошкент ш.,
2009 йил 14 август,
173-сон