Ўзбекистон Республикаси Олий суди ПЛЕНУМИНИНГ
Қарори
СУДЛАР ТОМОНИДАН ОТАЛИКНИ БЕЛГИЛАШГА ОИД ИШЛАРНИ КЎРИШДА ҚОНУНЧИЛИКНИНГ ҚЎЛЛАНИЛИШИ ТЎҒРИСИДА
Судлар томонидан оталикни белгилашга оид ишларни кўришда қонунчиликни қўллаш амалиёти судлар оилавий ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган низоларни асосан тўғри ҳал этишаётганликларини кўрсатади. Шу билан бирга, судлар фаолиятида мазкур қонунчиликни қўллашда хатоликлар ҳам мавжуд.
Оталикни белгилашга оид ишларни кўришда қонунчиликнинг судлар томонидан тўғри ва бир хилда қўлланилишини таъминлаш мақсадида, «Судлар тўғрисида»ги Қонуннинг 17-моддасига асосланиб, Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленуми қарор қилади:
1. Тушунтирилсинки, давлат томонидан оналик ва болаликнинг муҳофаза қилиниши, болалар ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларининг, ота-онанинг келиб чиқиши ва фуқаролик ҳолатидан қатъи назар, ҳимояланиши каби конституциявий принципни таъминлаш судларнинг устувор вазифаларидан бири ҳисобланади.
Шу муносабат билан, судлар оталикни белгилаш тўғрисидаги ишларни тўғри, ўз вақтида кўриб чиқиш ва ҳал этишга нисбатан эътиборни оширишлари, мазкур тоифадаги ишларни судда кўришга пухта тайёрлашлари, ишнинг ҳақиқий ҳолатлари ва тарафларнинг ўзаро муносабатларини тўла аниқлаш юзасидан чоралар кўришлари лозим.
2. Оила кодексининг 61-моддасига кўра, ўзаро никоҳда бўлмаган ота-онадан бола туғилганда, оталик онанинг ва ўзини боланинг отаси деб тан олган шахснинг биргаликдаги аризасига мувофиқ (боланинг онаси вафот этган, у суд томонидан муомалага лаёқатсиз деб топилган, унинг яшаш жойини аниқлаш имкони бўлмаган ёки у оналик ҳуқуқидан маҳрум этилган ҳолларда — ўзини боланинг отаси деб тан олган шахснинг аризасига мувофиқ) фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органи томонидан белгиланади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Оталик, агар боланинг ота-онаси қандайдир сабабларга кўра фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органига унинг келиб чиқиши (насл-насаби) тўғрисида биргаликда ариза бермаган бўлсалар, суд томонидан белгиланади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
3. Оталикни белгилаш тўғрисидаги масала суд томонидан боланинг ота-онасидан бирининг, васий (ҳомий)си ёки бола қарамоғида бўлган шахснинг ёхуд вояга етганидан сўнг боланинг ўзи берган аризага мувофиқ даъво ишини юритиш тартибида ҳал этилади (ОК 62-моддаси).
Боланинг онаси вафот этган, муомалага лаёқатсиз деб топилган, она қаердалигини аниқлашнинг имкони бўлмаган ёки у оналик ҳуқуқидан маҳрум этилган ҳолларда ҳам, агар васийлик ва ҳомийлик органи боланинг онаси билан никоҳда бўлмаган шахснинг аризасига биноан оталикни белгилашга розилик бермаган бўлса, суд ўша шахснинг аризасига мувофиқ оталикни даъво ишини юритиш тартибида белгилаши мумкин (ОК 61-моддаси иккинчи қисми).
4. Оила кодексининг 72-моддасига кўра, никоҳда бўлмаган вояга етмаган ота-онадан бола туғилган ҳолда улар ўн олти ёшга тўлганларидан сўнг оталикни белгилаш тўғрисида мустақил равишда талаб қўйишга ҳақлидирлар. Шу муносабат билан суд уларнинг оталикни белгилаш тўғрисидаги аризасини қабул қилишни ФПК 152-моддаси биринчи қисмининг 6-бандига асосан рад қилишга ҳақли эмас.
Оталикни белгилаш тўғрисидаги иш бўйича тараф вояга етмаган шахс бўлса, суд унинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатлари ҳимоясини таъминлаш мақсадида унинг ота-онаси ёки васийсини қонуний вакил сифатида ишда иштирок этишга жалб этиши шарт (ФПК 38-моддаси иккинчи қисми).
Кейинги таҳрирга қаранг.
5. Оталикни белгилаш ҳақидаги ариза суднинг иш юритувига фақат бола туғилганлиги фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органларида қайд этилганидан сўнг ва отаси ҳақидаги ёзув ОК 207-моддасининг учинчи қисмига мувофиқ амалга оширилган туғилганлик тўғрисидаги гувоҳнома тақдим этилганда қабул қилиниши мумкин. Фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органларида боланинг туғилганлиги қайд этилмаган бўлса, суд аризани қабул қилишни рад этади. Бундай ҳолда суд манфаатдор шахсга туғилишни қайд этиш учун фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органига мурожаат қилиш ҳуқуқини тушунтириши шарт.
Боланинг отаси тўғрисида фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органлари томонидан амалга оширилган ёзув бола унда кўрсатилган шахсдан келиб чиққанлигини тасдиқловчи далил ҳисобланиши туфайли, туғилиш тўғрисидаги далолатнома ёзувида ОК 207-моддасининг биринчи ва иккинчи қисмига мувофиқ боланинг отаси сифатида бошқа аниқ шахс кўрсатилган ҳолда ҳам суд аризани қабул қилишни рад этади.
6. Судлар шуни назарда тутишлари лозимки, қонунда мазкур тоифа ишлар бўйича даъво муддатлари назарда тутилмаган бўлиб, оталик бола туғилганидан сўнг ҳар қандай вақтда белгиланиши мумкин. Бунда шуни эътиборга олиш керакки, ОК 62-моддасининг иккинчи қисми мазмунига кўра, 18 ёшга тўлган шахсга нисбатан фақат унинг розилиги билан, агар у муомалага лаёқатсиз деб топилган бўлса — унинг васийси ёки васийлик ва ҳомийлик органининг розилиги билан оталик белгиланилишига йўл қўйилади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
7. Оила қонунчилигига мувофиқ ота-оналар ва болаларнинг ўзаро ҳуқуқ ва мажбуриятлари болаларнинг келиб чиқишига асосланади. Шунинг учун оталикни белгилашга оид ишларни кўришда суд боланинг даъвогар ва жавобгардан туғилганлигини аниқлаши шарт.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Шуни назарда тутиш лозимки, қонунда (ОК 62-моддаси учинчи қисми) оталикни белгилаш тўғрисидаги низоларни ҳал этиш чоғида суд эътиборга олиши зарур бўлган муайян шартлар белгиланган. Бу шартлар қуйидагилардир:
боланинг онаси ва жавобгарнинг бола туғилишига қадар биргаликда яшаганликлари ва умумий рўзғор юритганликлари;
боланинг онаси ва жавобгар болани биргаликда тарбия қилганликлари ёки таъминлаб турганликлари;
жавобгар оталикни тан олганлигини ишончли тасдиқловчи бошқа далиллар мавжудлиги.
Судларга тушунтирилсинки, оталикни белгилаш тўғрисидаги талабларни қаноатлантириш учун кўрсатиб ўтилган шартлардан биттаси иш бўйича аниқланиши етарли.
8. Жавобгарнинг боланинг онаси билан биргаликда яшаганликлари ва умумий рўзғор юритганликлари оилавий муносабатларга хос бўлган ҳолатлар (ҳомила пайдо бўлган вақтда ва бола туғилгунга қадар битта турар жойда яшаш, умумий бюджет юритиш, биргаликда овқатланиш, ўзаро ғамхўрлик, умумий фойдаланиш учун мол-мулк сотиб олиш ва ҳ.к.лар) мавжудлиги билан тасдиқланади.
Тарафлар биргаликда яшашганми ва умумий рўзғор юритишганми, деган масалани ҳал этишда суд алоҳида олинган ҳар бир ҳолда ишнинг муайян ҳолатларидан ва тарафлар ҳаётининг объектив шарт-шароитларидан келиб чиқиши лозим.
Бола туғилгунга қадар тарафлар ўртасида бундай муносабатларнинг тугатилиши, ўз-ўзидан, оталикни белгилаш тўғрисидаги даъвони рад этиш учун асос бўлиб хизмат қилмайди, улар ҳомиладорлик бошлангунга қадар тугатилган ҳоллар бундан мустасно.
9. Болани биргаликда тарбия қилиш боланинг онаси ва жавобгар билан бирга яшаганлигида ёки жавобгарнинг бола билан муносабатга киришиб, унга нисбатан оталарча ғамхўрлик ва эътибор кўрсатганлигида намоён бўлади.
Боланинг биргаликда таъминлаб турилиши деганда, бола онаси ва жавобгарнинг қарамоғида бўлганлиги ёки жавобгар томонидан бола таъминоти учун муттасил ёрдам кўрсатилиб келинганлиги, бундай ёрдам миқдоридан қатъи назар, тушунилиши лозим.
10. Жавобгар томонидан оталик тан олинганлигини тасдиқловчи бошқа далиллар сифатида суд ишончли деб топган ҳар қандай фактик маълумотлар (хатлар, телеграммалар, фотосуратлар, анкеталар, турли инстанцияларга ёзилган аризалар), у боланинг отаси эканлигини тан олганлигини тасдиқловчи бошқа ҳаракатлар, шунингдек гувоҳларнинг кўрсатувлари бўлиши мумкин. Бундай иқрорлик онанинг ҳомиладорлиги даврида ҳам (масалан, болалик бўлишни хоҳлаш, бўлажак боланинг онаси ҳақида ғамхўрлик), бола туғилганидан сўнг ҳам ифода этилиши мумкин.
Кейинги таҳрирга қаранг.
11. Агар оталикни белгилаш ҳақидаги даъвога асос сифатида даъвогар томонидан кўрсатилган ҳолат ўз тасдиғини топмаса, суд ўз ташаббуси билан ОК 62-моддасининг учинчи қисмида кўрсатилган бошқа ҳолатлар ёки улардан бири мавжуд бўлган-бўлмаганлигини аниқлаши шарт ва даъво асосини даъвогарнинг розилиги билан ўзгартириб, ҳал қилув қарорини аниқланган бошқа ҳолатларга ҳавола қилган ҳолда асослантиришга ҳақли.
Кейинги таҳрирга қаранг.
12. Ишни судда кўришга тайёрлаш жараёнида судья даъвогар ва жавобгар билан суҳбат ўтказиш орқали улар ўртасидаги ҳақиқий муносабатларни аниқлаш чораларини кўриши, низони тарафларнинг ўзаро розилиги билан ҳал этиш имкониятини аниқлаши, зарур ҳолларда, ОК 62-моддасида кўрсатилган шартларни тасдиқловчи далилларни талаб қилиб олиши лозим.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Агар суҳбат давомида жавобгар боланинг отаси эканлигини тан олса, суд тарафларга оталикни ОК 61-моддасининг биринчи қисмига мувофиқ фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органига биргаликда ариза бериш орқали ихтиёрий расмийлаштириш имкониятини тушунтириши ва шу мақсадларда тарафларга муайян муддат бериши лозим.
Оталик тарафларнинг биргаликдаги аризасига асосан фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органи томонидан белгиланган ва боланинг туғилганлиги ҳақида гувоҳнома тақдим этилганда, суд ФПК 100-моддасининг биринчи қисмига мувофиқ иш бўйича иш юритишни тугатади. Агар оталикни белгилаш ҳақидаги даъво билан бир пайтда алимент ундириш тўғрисида талаб қўйилган бўлса, ишнинг шу қисми суд томонидан умумий асосларда кўриб чиқилиши лозим.
Кейинги таҳрирга қаранг.
13. Жавобгар томонидан оталик суд мажлисида тан олинганда, суд ФПК 40, 180-моддаларига мувофиқ даъво тан олинганлигини қабул қилиш масаласини муҳокама қилиши ва у қабул қилинганда, иш ҳолатларини мазмунан текширмасдан, оталикни белгилаш тўғрисида ҳал қилув қарори чиқаришга ҳақли.
Оталикни белгилаш шартлари, тартиби ва ҳуқуқий оқибатлари қонун билан белгиланганлиги сабабли, суд бундай иш бўйича келишув битимини тасдиқлашга ҳақли эмас.
Кейинги таҳрирга қаранг.
14. Зарур ҳолларда боланинг келиб чиқишини (масалан, ҳомила пайдо бўлиш вақтини, уруғлантириш қобилияти бор-йўқлигини ва ҳ.к.) аниқлаш мақсадида суд, ОК 62-моддасининг учинчи қисмида назарда тутилган шартлар мавжуд бўлганда, ўз ташаббуси ёки тарафларнинг илтимосномаси бўйича иш юзасидан суд-тиббий экспертизаси, одам ДНКси суд-биологик экспертизаси тайинлаши мумкин.
Бундай экспертизалар тайинлашда судлар Олий суд Пленумининг 2008 йил 12 декабрдаги «Фуқаролик ишлари бўйича экспертиза тайинлаш, ўтказиш ва эксперт хулосасига баҳо беришда суд амалиётида келиб чиқадиган айрим масалалар ҳақида»ги 24-сонли қарорида берилган тушунтиришларга асосланишлари лозим.
15. Судлар шуни назарда тутишлари лозимки, ФПК 67-моддасига мувофиқ суд-тиббий экспертизаси, одам ДНКси суд-биологик экспертизаси хулосалари исботлаш воситаларидан бири ҳисобланади ва шу сабабли улар иш бўйича тўпланган бошқа далиллар мажмуи бўйича баҳоланиши лозим.
Кейинги таҳрирга қаранг.
16. Судлар оталикни белгилаш тўғрисидаги талабни оталикни тан олиш фактини белгилаш ва оталик фактини белгилаш тўғрисидаги алоҳида иш юритиш тартибида кўриладиган талаблардан фарқлашлари лозим.
Агар оталикни тан олиш фактини, оталик фактини белгилаш тўғрисидаги аризани бериш ёки кўриш вақтида судга тааллуқли бўлган ҳуқуқ тўғрисида низо келиб чиқса, ариза кўрмасдан қолдирилади, аризачи ва бошқа манфаатдор шахсларга низони даъво ишларини юритиш тартибида ҳал қилиш ҳуқуқи тушунтирилади (ФПК 282-моддаси).
Кейинги таҳрирга қаранг.
17. Ўзини боланинг отаси деб тан олган, бироқ боланинг онаси билан никоҳда бўлмаган шахс вафот этган тақдирда, суд унинг оталикни тан олганлиги фактини белгилашга ҳақли (1968 йил 1 октябрга қадар туғилган болаларга нисбатан бундай факт фақат бола марҳум вафот этган пайтда ёки олдинроқ унинг қарамоғида бўлган ҳолдагина йўл қўйилади).
Оталикни тан олиш факти суд томонидан вафот этган шахс болага нисбатан ўзининг оталигини тан олганлигини ишончли тасдиқловчи ҳар томонлама текширилган маълумотларга асосан белгиланиши мумкин.
Бундай факт ишнинг муайян ҳолатларини инобатга олган ҳолда, шунингдек, ўзини бўлажак боланинг отаси деб онанинг ҳомиладорлиги даврида тан олган шахс вафотидан кейин туғилган болага нисбатан ҳам белгиланиши мумкин.
18. Боланинг онаси билан никоҳда бўлмаган шахс вафот этган ҳолда, суд оталик фактини, яъни боланинг ўша шахсдан келиб чиққанлиги фактини белгилашга ҳақли.
1968 йил 1 октябрдан кейин туғилган болаларга нисбатан оталик факти ОК 62-моддасининг учинчи қисмида кўрсатилган шартлардан ҳеч бўлмаганда биттасини ишончли тасдиқловчи далиллар мавжуд бўлгандагина белгиланиши мумкин.
19. Ишда иштирок этувчи шахсларнинг шахсий ҳаётига тааллуқли маълумотлар ошкор бўлишига йўл қўймаслик мақсадида тарафларнинг илтимосномасига кўра оталикни белгилаш ҳақидаги иш ёпиқ суд мажлисида кўрилиши мумкин (ФПК 10-моддаси иккинчи қисми).
Кейинги таҳрирга қаранг.
20. Оталикни, оталикни тан олиш фактини, оталик фактини белгилашга оид ҳал қилув қарорлари суд томонидан ҳар томонлама текширилган ва арз қилинган талабларни тасдиқловчи ёки инкор этувчи маълумотларга асосланган бўлиши лозим. Ҳал қилув қарорининг хулоса қисмида фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органида оталикни белгилашни қайд қилиш учун зарур бўлган маълумотлар (отанинг фамилияси, исми, отасининг исми, унинг туғилган куни, ойи, йили ва туғилган жойи, миллати, доимий яшаш ва иш жойи) кўрсатилиши лозим.
21. Қорақалпоғистон Республикаси фуқаролик ишлари бўйича Олий суди, фуқаролик ишлари бўйича вилоятлар ва Тошкент шаҳар судлари оталикни белгилашга доир ишлар бўйича суд амалиётини мунтазам равишда умумлаштириб боришлари ва ушбу тоифа ишлар бўйича қонунчиликни қўллашда суд хатоларининг олдини олиш юзасидан зарур чоралар кўришлари лозим.
Кейинги таҳрирга қаранг.
22. Мазкур қарор қабул қилиниши муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2001 йил 1 июндаги «Оталикни белгилаш ҳақидаги ишларни кўришда судлар томондан қонунларнинг татбиқ этилиши тўғрисида»ги 6-сонли қарори ўз кучини йўқотган деб топилсин.
Олий суд раиси Б. МУСТАФАЕВ
Пленум котиби, Олий суд судьяси В. НАЗАРОВ
Тошкент ш.,
2011 йил 25 ноябрь,
8-сон