Ўзбекистон Республикаси Молия вазирининг
буйруғи
УЙ-ЖОЙ-КОММУНАЛ ХИЗМАТЛАР ҲАҚИНИ ТЎЛАШ БЎЙИЧА КОМПЕНСАЦИЯ ПУЛ ТЎЛОВЛАРИНИНГ МЕХАНИЗМИ ТЎҒРИСИДАГИ НИЗОМГА ЎЗГАРТИРИШ КИРИТИШ ҲАҚИДА
[Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2011 йил 17 ноябрда рўйхатдан ўтказилди, рўйхат рақами 2175-1]
Мазкур буйруқ Ўзбекистон Республикаси иқтисодиёт ва молия вазирининг 2026 йил 12 январдаги 319-сонли ««Уй-жой-коммунал хизматлар ҳақини тўлаш бўйича компенсация пул тўловларининг механизми тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида»ги буйруқ, шунингдек унга ўзгартириш ва қўшимчаларни ўз кучини йўқотган деб топиш тўғрисида»ги буйруғига (рўйхат рақами 2175-9, 19.01.2026 й.) асосан ўз кучини йўқотган.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 8 сентябрдаги 252-сон «Давлат пенсияларини тайинлаш ва тўлаш тартибини янада такомиллаштиришга йўналтирилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тасдиқлаш тўғрисида»ги қарорига (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2011 й., 37-сон, 377-модда) мувофиқ буюраман:
1. Ўзбекистон Республикаси молия вазирининг 2010 йил 30 ноябрдаги 102-сон буйруғи (рўйхат рақами 2175, 2010 йил 30 декабрь) (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2010 й., 52-сон, 531-модда) билан тасдиқланган «Уй-жой-коммунал хизматлар ҳақини тўлаш бўйича компенсация пул тўловларининг механизми тўғрисида»ги низомнинг 1-банди «б» кичик бандининг биринчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён қилинсин:
«б) 1941 — 1945 йиллардаги иккинчи жаҳон уруши ногиронлари, қатнашчилари ва уларга тенглаштирилган шахслар, 1941 — 1945 йиллардаги иккинчи жаҳон урушида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчиларнинг оилалари ва вафот этган ногиронларининг хотинлари. Уруш ногиронлари ва қатнашчиларига тенглаштирилган шахслар доираси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 8 сентябрдаги 252-сон қарори (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2011 й., 37-сон, 377-модда) билан тасдиқланган Давлат пенсияларини тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисидаги низомга 1 ва 2-сон иловалари билан белгиланган».
2. Мазкур буйруқ Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида давлат рўйхатидан ўтказилган кундан бошлаб ўн кун ўтгандан кейин кучга киради.
Вазир Р. АЗИМОВ
Тошкент ш.,
2011 йил 31 октябрь,
67-сон
(Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2011 й., 45-46-сон, 485-модда)