ЎЗБЕКИСТОН ФАРМАЦЕВТИКА САНОАТИ («ЎЗФАРМСАНОАТ») ДАВЛАТ-АКЦИОНЕРЛИК КОНЦЕРНИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ ТЎҒРИСИДА
LexUZ шарҳи
Мазкур Фармон Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 27 сентябрдаги ПФ-6075-сонли «Ўз аҳамиятини йўқотган қонунчилик ҳужжатларини қайта кўриб чиқиш тизимини жорий этиш орқали мамлакатда ишбилармонлик муҳитини яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармонига асосан ўз кучини йўқотган.
Дори-дармонлар ва биологик моддалар ишлаб чиқарувчи бирлашмалар, корхоналар, ташкилотлар фаолиятини мувофиқлаштириш, фармацевтика саноатини янада ривожлантириш ва республика аҳолисининг доривор моддаларга бўлган эҳтиёжини яхшироқ қондириш мақсадида:
1. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, «Ўзкимёфарм» ишлаб чиқариш бирлашмаси, «Вакцина» илмий-ишлаб чиқариш бирлашмаси, Ўзбекистон кимё технологияси ва катализи илмий-тадқиқот институти, Кимё ва пахта целлюлозаси технологияси илмий-тадқиқот институтининг Ўзбекистон фармацевтика саноати («Ўзфармсаноат») давлат-акционерлик концернини ташкил этиш тўғрисидаги таклифи қабул қилинсин.
2. Белгилаб қўйилсинки, Ўзбекистон фармацевтика саноати («Ўзфармсаноат») давлат-акционерлик концерни:
бирлашмаларни, корхоналарни ва мулкчиликнинг барча шаклларидаги ташкилотларни акциялар билан таъминлаш принциплари асосида уларни ихтиёрий бирлаштиради ҳамда ташкилотларнинг хўжалик мустақиллигини ва юридик шахс ҳуқуқларини сақлаб қолади;
Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонунлари ва Вазирлар Маҳкамаси тасдиқлаган Низом асосида ишлаб чиқариш — хўжалик фаолиятини амалга оширади;
фармацевтика саноатини ривожлантириш учун марказлаштирилган тарзда концернга ажратиладиган капитал маблағлар ва моддий-техника захиралари лимитлари жамғармаларини сақлайди ва тақсимлайди;
концерн таркибига кирувчи бирлашмалар, корхоналар ва ташкилотларни акционерлик, жамоа, қўшма корхоналарга ва мулкчиликнинг бошқа турларига айлантириш, жумладан бу ишни хорижий юридик шахслар, фирмалар ва давлатлар иштирокида амалга ошириш тўғрисида белгиланган тартибда таклифлар киритади.
дори-дармонлар яратиш ва уларни ишлаб чиқаришни ташкил этиш, аҳолининг, даволаш-профилактика муассасаларининг дори-дармонларга, биологик моддаларга, бошқа тиббий ва санитария-гигиена маҳсулотига бўлган эҳтиёжини қондиришга оид тадбирларни амалга ошириш;
фармацевтика саноатини комплекс ривожлантириш, ушбу тармоқ корхоналарини ҳудудий жиҳатдан жойлаштиришни такомиллаштириш, табиатни муҳофаза қилиш сиёсатини ўтказиш масалалари юзасидан давлат ҳокимияти ва бошқарувнинг республика ҳамда маҳаллий органлари билан ҳамкорлик қилиш;
доривор воситалар ва уларни ишлаб чиқариш технологияларини яратиш соҳасида Ўзбекистон Республикасида Соғлиқни сақлаш вазирлиги, бошқа вазирликлар ва идоралар билан биргаликда ягона илмий-техника сиёсатини ўтказиш;
республикамизда доривор моддалар ишлаб чиқаришни кўпайтириш, хорижий шериклар билан илмий-техникавий ва иқтисодий ҳамкорликни такомиллаштириш ва кенгайтириш ҳисобига уларни четдан харид қилишни қисқартириш дастурини ишлаб чиқиш ва изчил амалга ошириш.
4. Ўзбекистон Республикасининг Вазирлар Маҳкамаси 20 кун муддат ичида «Ўзфармсаноат» концернини ташкил этиш ва унинг фаолияти масалаларига доир қарор қабул қилсин, концерн тузилмаси ва Уставини тасдиқласин.