ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ АДЛИЯ ВАЗИРИНИНГ
буйруғи
ФУҚАРОЛИК ҲОЛАТИ ДАЛОЛАТНОМАЛАРИНИ ЁЗИШ ОРГАНЛАРИ ТЎҒРИСИДАГИ НИЗОМНИ ТАСДИҚЛАШ ҲАҚИДА
[Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2011 йил 30 сентябрда рўйхатдан ўтказилди, рўйхат рақами 2272]
Мазкур буйруқ Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг 2018 йил 10 августдаги 412-мҳ-сонли ««Фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органлари тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида»ги буйруқни, шунингдек унга ўзгартириш ва қўшимчаларни ўз кучини йўқотган деб топиш ҳақида»ги буйруғига (рўйхат рақами 2272-3, 10.08.2018 й.) асосан ўз кучини йўқотган.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2011 йил 23 августдаги ПҚ-1602-сон «Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига мувофиқ буюраман:
1. Фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органлари тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Мазкур буйруқ давлат рўйхатидан ўтказилсин ва Идоравий меъёрий ҳужжатларни давлат рўйхатидан ўтказиш бошқармаси (Б. Болиев) Ўзбекистон Республикаси вазирликлари, давлат қўмиталари ва идоралари норматив-ҳуқуқий ҳужжатларининг давлат реестрига тегишли ёзув киритсин.
3. Қонун ҳужжатларини туркумлаш ва ҳуқуқий ахборот бошқармаси (С. Нуриев) ва Нотариат, адвокатура ва ФҲДЁ органлари бошқармаси (Д. Якубова) ушбу норматив-ҳуқуқий ҳужжатни ўн кун муддат ичида барча манфаатдор шахсларга етказилиши ва «Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами» — «Собрание законодательства Республики Узбекистан»да нашр этилишини таъминласин.
4. Мазкур буйруқ давлат рўйхатидан ўтказилган кундан бошлаб ўн кун ўтгандан кейин кучга киради.
5. Мазкур буйруқ ижросини назорат қилиш вазирнинг биринчи ўринбосари Е. Каньязов зиммасига юклансин.
Вазир Н. ЙЎЛДОШЕВ
Тошкент ш.,
2011 йил 30 сентябрь,
222-мҳ-сон
Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг 2011 йил 30 сентябрдаги 222-мҳ-сон буйруғига
ИЛОВА
ИЛОВА
Фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органлари тўғрисидаги
НИЗОМ
Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2011 йил 23 августдаги ПҚ-1602-сон «Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига мувофиқ фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органлари (кейинги ўринларда ФҲДЁ органлари деб юритилади) фаолиятининг ташкилий асосларини белгилаб беради.
I. Умумий қоидалар
1. ФҲДЁ органлари тизимини туман ва шаҳар ФҲДЁ бўлимлари, Никоҳ уйлари, Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар адлия бошқармалари (кейинги ўринларда адлия бошқармалари деб юритилади) ФҲДЁ архивлари ташкил қилади.
2. ФҲДЁ органларини ташкил қилиш, қайта ташкил қилиш ва тугатиш Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги (кейинги ўринларда Адлия вазирлиги деб юритилади) томонидан амалга оширилади.
ФҲДЁ органлари юридик шахс мақомига эга бўлмайди.
ФҲДЁ органлари фаолиятига раҳбарлик қилиш ва уларни назорат қилиш Адлия вазирлиги ва адлия бошқармалари томонидан амалга оширилади.
3. ФҲДЁ органлари ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига, бошқа қонун ҳужжатларига ҳамда ушбу Низомга амал қилади.
4. ФҲДЁ органи Ўзбекистон Республикасининг Давлат герби тасвири туширилган ва ФҲДЁ органи номи ёзилган муҳрга эга бўлади.
5. ФҲДЁ органларининг фаолияти қонун устуворлиги, фуқароларнинг қонун билан муҳофаза қилинадиган ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, фуқаролик ҳолати далолатномалари қайд этилишини ва уларга киритилаётган ўзгартириш ва қўшимчаларни сир тутиш тамойилларига асосланади.
Олдинги таҳрирга қаранг.
Фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш муносабати билан ходимга маълум бўлиб қолган ҳолатлар хизмат сири ҳисобланиб, улар, шу жумладан меҳнат шартномаси бекор қилингандан кейин ҳам ошкор этилиши ёки эълон қилиниши мумкин эмас.
(5-банднинг иккинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг 2016 йил 26 декабрдаги 305-мҳ-сонли қарори (рўйхат рақами 2272-2, 26.12.2016 й.) таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2016 й., 52-сон, 607-модда)
II. ФҲДЁ органларининг вазифаси ва функциялари
6. ФҲДЁ органларининг вазифаси фуқаролик ҳолатлари далолатномаларини қайд этиш йўли билан фуқароларга ҳуқуқий хизмат кўрсатишдир.
7. ФҲДЁ органлари уларга юклатилган вазифага мувофиқ қуйидаги функцияларни амалга оширади:
Олдинги таҳрирга қаранг.
фуқаролик ҳолати далолатнома ёзувларига ўзгартириш, тузатиш ва қўшимчалар киритиш;
(7-банд Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг 2016 йил 26 декабрдаги 305-мҳ-сонли қарорига (рўйхат рақами 2272-2, 26.12.2016 й.) асосан иккинчи хатбоши билан тўлдирилган — ЎР ҚҲТ, 2016 й., 52-сон, 607-модда)
фуқаролик ҳолати далолатнома ёзувларининг ҳисобини юритиш;
фуқаролик ҳолати далолатнома ёзувларини ва бошқа ҳужжатларни белгиланган муддатда сақлаш;
Олдинги таҳрирга қаранг.
фуқароларга (ўзларига нисбатан тузилган далолатнома ёзувлари бўйича) фуқаролик ҳолати далолатнома ёзувлари қайд қилинганлиги ҳақида гувоҳномалар, зарур ҳолларда такрорий гувоҳномалар ва маълумотномалар бериш;
(7-банднинг бешинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг 2016 йил 26 декабрдаги 305-мҳ-сонли қарори (рўйхат рақами 2272-2, 26.12.2016 й.) таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2016 й., 52-сон, 607-модда)
Олдинги таҳрирга қаранг.
Адлия вазирлиги, суд, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари, иш юритувида мавжуд бўлган ишлар муносабати билан нотариуслар, шунингдек ФҲДЁ органлари ва Ўзбекистон Республикаси консуллик муассасаларининг ёзма сўровномаларига кўра далолатнома ёзувларидан нусхалар ёки улардан кўчирмалар ва маълумотномалар бериш;
(7-банднинг олтинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг 2016 йил 26 декабрдаги 305-мҳ-сонли қарори (рўйхат рақами 2272-2, 26.12.2016 й.) таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2016 й., 52-сон, 607-модда)
қатъий ҳисобда турувчи гербли гувоҳнома бланкаларини ҳисобга олиш, сақлаш, сарфлаш ва бу ҳақда белгиланган муддатларда ҳисоботлар топшириб бориш;
белгиланган шакллар бўйича статистик ҳисоботларни юритиш ва топшириб бориш;
фуқаролик ҳолати далолатнома ёзувларининг электрон маълумотлар базасини юритиш;
мурожаатларни белгиланган муддатларда ва тартибда кўриб чиқиш ва ҳал этиш;
фуқароларни қабул қилиш;
Олдинги таҳрирга қаранг.
оила тўғрисидаги қонун ҳужжатлари, шунингдек фуқаролик ҳолати далолатнома ёзувларини қайд қилиш масалалари юзасидан ҳуқуқий тарғибот ва ташвиқот ишларини олиб бориш.
(7-банднинг ўн иккинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг 2016 йил 26 декабрдаги 305-мҳ-сонли қарори (рўйхат рақами 2272-2, 26.12.2016 й.) таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2016 й., 52-сон, 607-модда)
8. ФҲДЁ бўлимлари мазкур Низомнинг 7-бандида назарда тутилган функциялардан ташқари:
Олдинги таҳрирга қаранг.
фуқаролик ҳолати далолатномалари (туғилганлик, никоҳ тузиш, никоҳдан ажралиш ва ўлим)ни қайд этади, шунингдек оталикни белгилаш, фарзандликка олиш, фамилия, исм ва ота исмини ўзгартириш ҳаракатларини амалга оширади;
(8-банднинг иккинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг 2016 йил 26 декабрдаги 305-мҳ-сонли қарори (рўйхат рақами 2272-2, 26.12.2016 й.) таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2016 й., 52-сон, 607-модда)
фуқаролик ҳолати далолатнома ёзувларини тиклайди ва бекор қилади;
шаҳарча, қишлоқ ва овул фуқаролар йиғини раислари (оқсоқоллари)нинг ўлимни қайд этишдаги ишини назорат қилган ҳолда уларга амалий ёрдам кўрсатади, гербли гувоҳномаларнинг талаб даражада сақланиши ва сарфланиши чораларини кўради;
фуқароларнинг хоҳишига кўра никоҳни ва туғилганликни тантанали равишда қайд этади.
9. Никоҳ уйлари мазкур Низомнинг 7-бандида назарда тутилган функциялардан ташқари никоҳни қайд этади, шу жумладан тантанали равишда.
Олдинги таҳрирга қаранг.
10. Адлия бошқармалари ФҲДЁ архивлари мазкур Низомнинг 7-бандида назарда тутилган функциялардан ташқари ФҲДЁ органларининг хабарномаларига асосан далолатнома ёзувларининг иккинчи нусхаларига тегишли ўзгартириш ва белгилар киритади ҳамда уларни бекор қилади.
Далолатнома ёзувининг биринчи нусхаси мавжуд бўлмаган тақдирда, унинг иккинчи нусхасига ўзгартириш, тузатиш ва қўшимчалар киритади.
Ўзбекистон Республикасининг консуллик муассасаларида қайд этилган фуқаролик ҳолати далолатнома ёзувларининг биринчи нусхаси сақланаётган Тошкент шаҳар адлия бошқармаси ФҲДЁ архиви далолатнома ёзувларга ўзгартириш, тузатиш ва қўшимчалар киритади.
(10-банд Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг 2016 йил 26 декабрдаги 305-мҳ-сонли қарори (рўйхат рақами 2272-2, 26.12.2016 й.) таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2016 й., 52-сон, 607-модда)
III. ФҲДЁ органларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари
11. ФҲДЁ органлари қуйидаги ҳуқуқларга эга:
қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолларда фуқаролар ва ташкилотлардан фуқаролик ҳолати далолатнома ёзувларини қайд этиш учун зарур бўлган маълумотлар ва ҳужжатларни талаб қилиб олиш;
ФҲДЁ соҳасини такомиллаштириш юзасидан таклифлар ишлаб чиқиш ва адлия бошқармаларига ва Адлия вазирлигига киритиш;
Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги билан келишган ҳолда тасдиқланадиган ФҲДЁ органлари томонидан жисмоний шахсларга кўрсатиладиган пулли хизматлар рўйхатларига мувофиқ фуқароларга пулли хизматлар кўрсатиш.
12. ФҲДЁ органлари қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлади.
13. ФҲДЁ органлари:
фуқароларга ўз ҳуқуқларини амалга оширишда ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишда кўмаклашиши, уларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятларини тушунтириб бериши;
фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд қилиш вақтида фуқаролар томонидан қонунчилик бузилганлигини аниқлаган тақдирда, зарур чора-тадбирлар кўрилиши учун тегишли ташкилотларга ёки прокурорга бу ҳақда хабар қилиши;
қонун ҳужжатларига зид бўлган фуқаролик ҳолати далолатнома ёзувларини қайд этишни рад қилиши;
архив фондини юритиши ва сақлаши;
Адлия вазирлиги ва адлия бошқармаларининг топшириқларини бажариш ва уларга ФҲДЁ органлари фаолиятига оид масалалар юзасидан маълумотлар тақдим қилиши;
ФҲДЁ органларининг фаолияти юзасидан белгиланган тартибда ҳисобот бериши шарт.
14. ФҲДЁ органлари зиммасига қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа мажбуриятлар ҳам юклатилиши мумкин.
IV. ФҲДЁ органлари фаолиятини ташкил этиш
15. ФҲДЁ органи раҳбари (туман ва шаҳар ФҲДЁ бўлими мудири, Никоҳ уйи мудири, адлия бошқармалари ФҲДЁ архиви мудири) лавозимига қуйидаги талабларга жавоб берган Ўзбекистон Республикаси фуқароси тайинланиши мумкин, мазкур Низомнинг 18-бандида назарда тутилган ҳолат бундан мустасно:
йигирма беш ёшдан кичик бўлмаган;
олий юридик маълумотга эга бўлган;
юридик мутахассислик бўйича камида уч йиллик, шу жумладан ФҲДЁ органида камида икки йиллик иш стажига эга бўлган.
ФҲДЁ органи раҳбарлигига номзод бўлган шахс қоида тариқасида ФҲДЁ органи раҳбарлигига захирада турган бўлиши лозим.
16. Мазкур Низомнинг 15-банди тўртинчи ва бешинчи хатбошисида назарда тутилган талаблар Адлия вазирлиги ва адлия бошқармаларида ФҲДЁ органлари фаолиятига раҳбарлик қилиш билан боғлиқ лавозимларда ишлаган ёки ишлаб келаётган ходимларга нисбатан татбиқ этилмайди.
17. ФҲДЁ органи раҳбари адлия бошқармалари раҳбарлари томонидан Адлия вазирлиги билан келишилган ҳолда тайинланади ва лавозимидан озод этилади.
18. ФҲДЁ органи раҳбари лавозимига қўйиладиган талабга жавоб берадиган номзод топилмаган тақдирда, ушбу лавозимга адлия бошқармаси раҳбарининг асослантирилган тақдимномасига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги билан келишган ҳолда юридик мутахассислик бўйича камида ўрта махсус маълумотга ва ФҲДЁ органида камида икки йиллик иш стажига эга бўлган шахс тайинланиши мумкин.
19. ФҲДЁ органи раҳбари:
ФҲДЁ органи фаолиятини ташкиллаштиради, режалаштиради, Адлия вазирлиги, адлия бошқармаларининг топшириқларини белгиланган муддатларда ва сифатли ижро этилишини таъминлайди;
қатъий ҳисобда турувчи гербли гувоҳномалар бланкаларининг белгиланган тартибда ҳисобга олиниши, сақланиши ва сарфланишини таъминлайди;
гербли муҳр ва штампларнинг бут сақланишини таъминлайди;
фуқароларнинг қабулини ташкил қилади;
хизмат сири ҳисобланган маълумотларни ФҲДЁ органлари ходимлари томонидан ошкор этилмаслиги чораларини кўради;
ФҲДЁ органлари ходимлари томонидан меҳнат ва ижро интизомига ҳамда ички тартиб қоидаларга риоя этилишини назорат қилади;
ФҲДЁ органи ходимларини рағбатлантириш ёки уларга интизомий чоралар кўриш ҳақида адлия бошқармаларига таклифлар киритади;
ФҲДЁ органи ходимларидан ўз хизмат вазифаларини бажармаганлиги ёки лозим даражада бажармаганлиги учун белгиланган тартибда тушунтириш хатлари олади;
бўш (вакант) ўринларни тўлдириш бўйича адлия бошқармаларига таклифлар киритади.
20. ФҲДЁ бўлими ва Никоҳ уйи мудирлари мазкур Низомнинг 19-бандида назарда тутилганлардан ташқари:
никоҳни қайд этишда узрли сабаблар бўлганида аризачиларнинг илтимосларига кўра қонунда белгиланган бир ойлик муддатни қисқартиради ёки узайтиради;
фуқаролик ҳолати далолатнома ёзувларини қайд этиш дафтарлари ва бошқа ҳужжатларнинг юритилиши ва рўйхатга олинишини назорат қилади;
никоҳни ва туғилганликни тантанали равишда қайд этиш учун шарт-шароитлар яратиш чораларини кўради;
фуқаролик ҳолати далолатномалари ўз вақтида тўғри ва тўлиқ тўлдирилишини таъминлайди.
21. ФҲДЁ органи раҳбари ФҲДЁ органига юклатилган вазифа, функциялар ва мажбуриятларнинг бажарилиши учун шахсан жавобгар ҳисобланади.
22. ФҲДЁ бўлими ва Никоҳ уйи мудирлари вақтинча бўлмаган ҳолларда (меҳнат таътили, хизмат сафари, бетоблиги) уларнинг вазифаларини бажариш тегишли мансаб йўриқномасига мувофиқ адлия бошқармаси раҳбарининг буйруғи билан 1-тоифали инспекторлар ёки бошқа ходимлар зиммасига юклатилади.
Адлия бошқармаси ФҲДЁ архиви мудири вақтинча бўлмаган ҳолларда (меҳнат таътили, хизмат сафари, бетоблиги) унинг вазифасини бажариш тегишли мансаб йўриқномасига мувофиқ адлия бошқармаси раҳбарининг буйруғи билан архивариус ёки бошқа ходим зиммасига юклатилади.
23. ФҲДЁ органининг 1-тоифали инспектори лавозимига олий юридик маълумотга ва 2-тоифали инспектори ёки архивариус лавозимига юридик мутахассислик бўйича, қоида тариқасида, ўрта махсус маълумотга эга бўлган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари тайинланади.
24. ФҲДЁ органининг 1-тоифали инспектори лавозимига олий юридик маълумотли номзод топилмаган тақдирда, ушбу лавозимга адлия бошқармаси раҳбарининг асослантирилган хулосасига мувофиқ юридик мутахассислик бўйича ўрта махсус маълумотга эга бўлган шахс тайинланиши мумкин.
Олдинги таҳрирга қаранг.
25. Инспекторлар чиройли дастхатга ҳамда компьютерда ишлаш малакасига эга бўлиши лозим.
(25-банд Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг 2016 йил 26 декабрдаги 305-мҳ-сонли қарори (рўйхат рақами 2272-2, 26.12.2016 й.) таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2016 й., 52-сон, 607-модда)
26. 1 ва 2-тоифали инспектор ва архивариуслар бевосита адлия бошқармалари раҳбарлари томонидан мазкур Низомнинг 23 — 25-бандларида кўрсатилган талабларга риоя қилган ҳолда тайинланади.
27. 1-тоифали инспектор вақтинча бўлмаган ҳолларда (меҳнат таътили, хизмат сафари, бетоблиги) унинг вазифасини 2-тоифали инспектор бажаради.
Олдинги таҳрирга қаранг.
271. ФҲДЁ бўлими ёки Никоҳ уйида 3 нафар ва ундан ортиқ инспектор мавжуд бўлганда иш юритувчи лавозими жорий этилади.
(271-банд Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг 2012 йил 2 мартдаги 51-мҳ-сонли буйруғига (рўйхат рақами 2272-1, 02.03.2012 й.) асосан киритилган — ЎР ҚҲТ, 2012 й., 8-9-сон, 96-модда)
Олдинги таҳрирга қаранг.
28. ФҲДЁ органлари ходимлари ўзи, эри ёки хотини, ўзининг ва унинг қариндошлари (ота-оналари, болалари, неваралари, боболари, бувилари, туғишган ака-укалари ва опа-сингиллари) тўғрисида фуқаролик ҳолати далолатнома ёзувларини қайд этишга ёки уларга тегишли ўзгартириш, тузатиш ва қўшимчалар киритишга ҳақли эмас. Бунда фуқаролик ҳолати далолатнома ёзувлари адлия бошқармасининг ёзма кўрсатмасига асосан бошқа ходим томонидан ёки бошқа ФҲДЁ органида қайд этилади ва бу ҳақда фуқаролик ҳолати далолатнома ёзувининг белгилар устунига тегишли изоҳ киритилади.
(28-банд Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг 2016 йил 26 декабрдаги 305-мҳ-сонли қарори (рўйхат рақами 2272-2, 26.12.2016 й.) таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2016 й., 52-сон, 607-модда)
29. ФҲДЁ органи раҳбарлари ва инспекторлари илмий, ижодий ва педагогик фаолиятдан ташқари тадбиркорлик ва бошқа ҳақ тўланадиган фаолият билан шуғулланишга ҳақли эмас.
30. ФҲДЁ органи раҳбарлари захирасини шакллантириш ва уларнинг малакасини ошириб бориш Адлия вазирлиги томонидан белгиланган тартибда амалга оширилади.
31. ФҲДЁ органи ходимларининг вазифалари, ҳуқуқ ва мажбуриятлари тегишли мансаб йўриқномаларида белгилаб қўйилади.
ФҲДЁ органи ходимларининг мансаб йўриқномаси адлия бошқармаларининг раҳбарлари томонидан тасдиқланади.
V. ФҲДЁ органларининг штатлар жадвали
32. ФҲДЁ органларининг ходимлари сони Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан ўрнатиладиган тартибга мувофиқ белгиланади.
33. ФҲДЁ органлари штатлар жадвали белгиланган штатлар сони ва иш ҳақи фонди доирасида адлия бошқармалари раҳбарлари томонидан тасдиқланади.
(Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2011 й., 40-сон, 432-модда; 2012 й., 8-9-сон, 96-модда; 2016 й., 52-сон, 607-модда)