Ўзбекистон Республикаси Президентининг
Фармони
2001 ЙИЛНИНГ 1 АВГУСТИДАН БОШЛАБ ИШ ҲАҚИ, ПЕНСИЯЛАР, СТИПЕНДИЯЛАР ВА ИЖТИМОИЙ НАФАҚАЛАР МИҚДОРИНИ ОШИРИШ ТЎҒРИСИДА
Мазкур Фармон Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 25 ноябрдаги ПФ-231-сонли «Қонунчиликдаги ҳуқуқий бўшлиқларни бартараф этиш ва тартибга солиш юкини камайтириш тўғрисида»ги Фармонига асосан ўз кучини йўқотган.
Республика аҳолисининг турмуш даражасини янада ошириш ва фуқароларнинг ижтимоий муҳофазасини кучайтириш мақсадида:
1. 2001 йилнинг 1 августидан бошлаб:
бюджет муассасалари ва ташкилотлари ходимларининг иш ҳақи, барча турдаги ижтимоий нафақалар, олий ўқув юртлари талабаларининг, ўрта махсус ва ҳунар-техника билим юртлари ўқувчиларининг стипендиялари ўрта ҳисобда 1,4 баравар;
барча турдаги пенсиялар — ўрта ҳисобда 1,45 баравар оширилсин.
2. 2001 йилнинг 1 августидан бошлаб Ўзбекистон Республикаси ҳудудида:
энг кам иш ҳақи — ойига 3430 сўм;
ёшга доир пенсия — ойига 6780 сўм;
ягона тариф сеткаси бўйича бошланғич (нулинчи) разряд — ойига 3430 сўм;
болаликдан ногиронларга бериладиган нафақа — ойига 6780 сўм;
зарур иш стажига эга бўлмаган кекса ёшдаги ҳамда меҳнатга лаёқатсиз фуқароларга бериладиган нафақа — ойига 4110 сўм миқдорида белгилансин.
3. Белгилаб қўйилсинки, иш ҳақига қўшиладиган устама ва қўшимча ҳақларнинг барча турлари, шунингдек пенсиялар, икки ёшгача бўлган болаларни тарбиялаётган оналарга, болалик оилаларга бериладиган нафақалар ҳамда энг кам иш ҳақига нисбатан белгиланган бошқа тўловлар 2001 йил 1 августдан бошлаб мазкур Фармонда белгиланган энг кам иш ҳақи миқдоридан келиб чиққан ҳолда амалга оширилади.
4. Ўзбекистон Республикаси Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги:
вазирликлар, идоралар, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари, бюджетдан молияланадиган ташкилот ва муассасалар билан биргаликда мазкур Фармон қоидаларидан келиб чиққан ҳолда пенсиялap, нафақалар, стипендиялар ҳамда бюджет муассасалари ва ташкилотлари ходимларининг мансаб маошларини ўз вақтида қайта ҳисоблаб чиқишни таъминласинлар.
Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан бирга Молия вазирлиги билан келишилган ҳолда мазкур Фармонда иш ҳақи 1,4 баравар оширилиши кўзда тутилганлигини ҳисобга олиб, врачлар, кичик ва ўpта тиббиёт ходимлари иш ҳақининг янги миқдорларини, шунингдек меҳнатга ҳақ тўлаш Ягона тариф сеткаси бўйича бир разряд оширилишини тасдиқласин.
5. Бюджет муассасалари ва ташкилотлари ходимларининг иш ҳақи, пенсиялар, нафақа ва стипендияларнинг оширилиши билан боғлиқ харажатлар тегишли равишда республика давлат бюджети ва бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси ҳисобидан амалга оширилсин.
Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги билан биргаликда 2001 йилги Давлат бюджети ва бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасининг харажатларига тегишли тузатишлар киритсин.
6. Хўжалик ҳисобидаги корхона ва ташкилотлар меҳнатга ҳақ тўлаш базавий фондининг белгиланган миқдорларидан келиб чиққан ҳолда ишлаб чиқариш самарадорлигини ошириш ҳамда меҳнат сарфини камайтириш ҳисобидан 2001 йил 1 августдан бошлаб иш ҳақи миқдорини мазкур Фармонда белгиланган энг кам иш ҳақи миқдорига мувофиқ оширсинлар.
7. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги, Адлия вазирлиги ҳамда бошқа тегишли вазирликлар ва идоралар билан биргаликда 2001 йилнинг 1 августига қадар амалдаги қонунчиликка мазкур Фармондан келиб чиқадиган зарур ўзгартиришларни киритсинлар.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Ўзбекистон Республикасининг Президенти И. КАРИМОВ
Тошкент ш.,
2001 йил 29 июнь,
ПФ-2893-сон
(Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 2001 й., 6-сон, 127-модда; 2002 й., 3-сон, 49-модда)