Ўзбекистон Республикаси Президентининг
Фармони
НАВОИЙ ДАВЛАТ КОНЧИЛИК ИНСТИТУТИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ ТЎҒРИСИДА
Мазкур Фармон Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 31 мартдаги ПФ-94-сонли «Ўзбекистон Республикаси Президентининг ва Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим ҳужжатларига ўзгартиришлар ва қўшимча киритиш, шунингдек, баъзиларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида»ги Фармонига асосан ўз кучини йўқотган.
Ўзбекистон кон-металлургия мажмуининг устувор ривожланишини таъминлаш ва фойдали қазилмаларни қазиб олиш ҳамда қайта ишлаш саноати учун юқори малакали мутахассислар тайёрлашни таъминлаш мақсадида:
1. Навоий вилояти ҳокимлиги, «Қизилқумнодирметаллолтин» давлат концерни, «Навоийазот» ишлаб чиқариш бирлашмаси, Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитасининг Навоий техника коллежи негизида Навоий давлат кончилик институтини ташкил этиш тўғрисидаги таклифи қабул қилинсин.
2. Қуйидагилар институт фаолиятининг асосий вазифалари ва йўналишлари этиб белгилансин:
— кончилик ишлари, кон-металлургия, кимё-технология, энергетика ва машинасозлик соҳалари бўйича мутахассислар — конструкторлар, технологлар, таъмирлов ва шу соҳаларнинг ишлатувчиларини тайёрлаш;
— жаҳон фундаментал ва амалий тадқиқотлари ютуқларини ўрганиш асосида фойдали қазилмаларни қазиб олиш ҳамда қайта ишлаш соҳасида ўз илмий ва интеллектуал салоҳиятини ривожлантириш;
— фойдали қазилмаларни қазиб олиш ва қайта ишлаш соҳасида янги илғор технологияларни ишлаб чиқиш ва уларни республиканинг муайян геологик ҳамда иқлим шароитларини ҳисобга олган ҳолда амалиётга жорий қилиш;
— жаҳон фани ва технологияларининг энг янги ютуқлари негизида фойдали қазилмаларни қазиб олиш ва қайта ишлаш соҳасида мутахассислар малакасини ошириш, уларни қайта тайёрлаш;
— республика кончилик тармоғини ривожлантиришни илмий таҳлил ва прогноз қилиш;
— чет эллардаги йирик ўқув юртлари, МДҲ мамлакатларидаги етакчи кончилик ва кон-металлургия олий ўқув юртлари ҳамда илмий марказлари билан кенг кооперацияни амалга ошириш.
3. Навоий шаҳридаги 2-ҳунар-техника билим юрти негизида Навоий давлат кончилик институти ҳузурида коллеж ташкил этилсин.
4. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси 15 кун муддатда мазкур Фармонни амалга ошириш юзасидан ташкилий чора-тадбирларни назарда тутувчи тегишли қарор қабул қилсин.
Ўзбекистон Республикасининг Президенти И. КАРИМОВ
Тошкент ш.,
1995 йил 7 июль,
ПФ-1203-сон
(Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 1995 й., 7-8-сон, 158-модда)