Ўзбекистон Республикаси Президентининг
Қарори
ХАЛҚАРО ШАРТНОМАЛАРНИ ТАСДИҚЛАШ ТЎҒРИСИДА
1. 2011 йил 5 май куни Тошкент шаҳрида имзоланган:
Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Туркманистон Ҳукумати ўртасида савдо ваколатхоналарини ўзаро таъсис этиш тўғрисидаги Битим;
Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Туркманистон Ҳукумати ўртасида илмий-технологик ҳамкорлик тўғрисидаги Битим тасдиқлансин.
2. Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги Ўзбекистон Республикаси томонидан мазкур халқаро шартномалар кучга кириши учун зарур бўлган ички давлат тартиб-қоидалари бажарилгани тўғрисида тегишли билдиришнома йўлласин.
3. Белгилансинки:
Ўзбекистон Республикасининг Туркманистондаги Савдо ваколатхонаси фаолияти Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги томонидан мувофиқлаштирилади ва унга ҳисобот беради;
Ўзбекистон Республикасининг Туркманистондаги Савдо ваколатхонаси фаолиятини юритиш билан боғлиқ бўлган сарф-харажатлар Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги томонидан мутасаддилик қилинадиган «Ўзинтеримпэкс» ДАТСК, «Ўзмарказимпэкс» ДАТСК, «Марказсаноатэкспорт» ДАТСК, «Ўзсаноатмашимпэкс» ДАК ихтисослаштирилган ташқи савдо компаниялари маблағлари, шунингдек бошқа манбалар ҳисобидан молиялаштирилади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
4. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ушбу халқаро шартномалар кучга киргандан кейин:
бир ой муддатда Ўзбекистон Республикасининг Туркманистондаги Савдо ваколатхонасини ташкил қилиш, молиялаштириш ва фаолият юритишини тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг ишлаб чиқилиши ва тасдиқланишини таъминласин;
Ўзбекистон Республикаси мажбуриятлари бажарилиши устидан белгиланган тартибда назоратни таъминласин.
5. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири Ш.М. Мирзиёев зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти И. КАРИМОВ
Тошкент ш.,
2011 йил 19 июль,
ПҚ-1581-сон
(Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2011 й., 29-сон, 300-модда; 2016 й., 48-сон, 547-модда; 2017 й., 22-сон, 422-модда)