Ўзбекистон Республикаси билан Ўмон Султонлиги ўртасида
Битим
Ҳамкорлик ва муносабатлар асослари тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси ва Ўмон Султонлиги, бундан кейин «Томонлар» деб аталувчилар,
ўзаро ҳурмат принципларига асосланган ҳолда ҳамкорлик ва дўстлик алоқаларини ривожлантириш ва кучайтириш истагида,
БМТ Низомининг мақсад ва қоидаларига содиқлигини таъкидлаган ҳолда,
Икки мамлакат халқларининг тарихи, маданияти ва анъаналарининг яқинлиги, улар ўртасидаги алоқаларнинг мустаҳкамланишига асос бўлишига ишониб,
қуйидагилар тўғрисида келишиб олдилар:
1-модда
Томонлар сиёсий, иқтисодий, савдо ва маданий соҳаларда алоқаларни икки мамлакат ўртасидаги ўзаро ишонч ва ҳамкорлик асосида ривожлантиришга интиладилар.
2-модда
Томонлар муносабатларни янада ривожлантириш мақсадида, ўзаро манфаатларни ифодаловчи минтақавий ва халқаро масалалар бўйича маслаҳатлашувлар ўтказадилар ва фикр алмашадилар.
3-модда
Томонлар икки томонлама алоқаларда савдо ва иқтисодий ҳамкорликнинг аҳамиятини инобатга олган ҳолда, савдо ва иқтисодиёт соҳаларидаги ҳамкорликнинг турли шаклларини ривожлантиришга интиладилар.
4-модда
Томонлар Ўзбекистон ва Ўмон халқлари ўртасида дўстликни мустаҳкамлашга, маданият, ахборот, илм-фан ва техника соҳаларидаги алоқаларни, спорт ва туризмни ривожлантиришда имкониятларни кенгайтиришга ва мустаҳкамлашга кўмаклашадилар.
Ҳар бир Томон ўз давлатларининг миллий қонунчилигига амал қилган ҳолда, бошқа Томон фуқароларини асарлар тўпламлари, коллекциялар, маданий мерослар, архивлар, кутубхоналар, илмий-техникавий манбалардан ўзларининг фуқароларига нисбатан татбиқ этилган шартлар асосида фойдаланишини таъминлайдилар.
5-модда
Томонлар иқтисодий, илмий ва техникавий соҳаларда тажриба алмашадилар.
6-модда
Томонлар муштарак дастурлар доирасида иқтисодиёт, менежмент, дипломатия соҳаларида кадрлар тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишда тажриба алмашиш, шунингдек профессор-ўқитувчилар, талабалар ва илмий гуруҳлар алмашинувини рағбатлантиришга келишдилар.
7-модда
Томонлар фуқаролик жамияти ташкилотлари, ишбилармонлар доиралари, илмий ва маданий жамиятлар ўртасида ҳамкорликни рағбатлантиришга ва икки мамлакат шаҳарлари ўртасида қўшма лойиҳаларни ривожлантиришга қаратилган чора-тадбирлар кўрадилар.
8-модда
Томонлар тарихий ва маданий меросни муҳофаза қилиш ишида ҳамкорлик қиладилар ҳамда халқаро ташкилотлар доирасида маданият, тарихий ёдгорликларни ҳимоя қилиш ва санъат соҳаларида ҳамкорликни ривожлантирадилар.
9-модда
Томонлар алоқа ва ахборот соҳаларида ўзаро ҳамкорликни кенгайтиришга келишдилар.
10-модда
Ушбу Битим қоидалари бошқа давлат манфаатларига, икки мамлакатнинг бошқа давлатлар билан имзолаган икки ва кўп томонлама битимларидан келиб чиқадиган мажбуриятларига дахл этмайди.
Ушбу Битим Томонлардан бирининг бошқа Томонни ушбу Битимнинг кучга кириши учун зарур бўлган давлат ички процедураларини бажарганлиги тўғрисида дипломатик каналлар орқали сўнгги ёзма хабарномани олган кундан бошлаб кучга киради.
Битим Томонлардан бири унинг амал қилишини тўхтатиш нияти тўғрисида дипломатик каналлар орқали ёзма равишда хабардор қилмагунча амал қилади.
Мазкур Битимнинг амал қилиши бошқа Томон тегишли нота олганидан олти ой ўтгандан кейин тугатилади.
Масқат шаҳрида 2009 йил 5 октябрда ўзбек, араб ва инглиз тилларида икки асл нусхада имзоланди, бунда барча матнлар бир хил кучга эга.
Ушбу Битим қоидаларини талқин қилишда келишмовчиликлар юзага келган ҳолларда инглиз тилидаги матн устувор ҳисобланади.
(имзолар)
(Ўзбекистон Республикаси халқаро шартномалари тўплами, 2010 й., 1-4-сон)