Ўзбекистон стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштириш агентлиги («Ўзстандарт» агентлиги)
билан Немис стандартлаштириш институти (DIN) ўртасида
билан Немис стандартлаштириш институти (DIN) ўртасида
БИТИМ
Стандартлаштириш соҳасида ўзаро ҳамкорлик тўғрисида
Ўзбекистон стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштириш агентлиги ва Немис стандартлаштириш институти, бундан кейин «Томонлар» деб аталувчилар,
1996 йил 21 июнда Ўзбекистон Республикаси, бир томондан, ва Европа Ҳамжамиятлари ҳамда уларга Аъзо-давлатлар, иккинчи томондан, ўртасида шерикчилик таъсис этувчи Шерикчилик ва Ҳамкорлик тўғрисида Битим қоидаларига асосланиб;
Ўзбекистон Республикаси Бутун жаҳон савдо ташкилотига қўшилишга тайёргарлик кўраётганлигини эътиборга олиб;
Томонлар давлатларининг амалдаги қонунчилиги доирасида ҳамкорликдан келиб чиқувчи ўзаро манфаатдорликни ривожлантириш истагида;
ҳамкорликдан келиб чиқадиган ўзаро манфаатни англаб, умумий вазифалар ва имкониятлар доирасида
қуйидагилар ҳақида келишдилар:
1- модда
Мазкур Битимни амалга ошириш давомида Томонлар мос равишда Ўзбекистон Республикаси ва Германия Федератив Республикаси қонунларига амал қиладилар.
2-модда
Томонлар, савдодаги мавжуд тўсиқларни бартараф этиш, Ўзбекистон Республикаси ва Германия Федератив Республикаси ўртасидаги иқтисодий ҳамда савдо муносабатларни ривожлантирилишини яхшилаш мақсадида Европа ва халқаро стандартлар асосида миллий стандартларни уйғунлаштириш соҳасида ҳамкорлик қиладилар.
3-модда
Томонлар, стандартлаштириш бўйича халқаро ташкилотлар доирасида, амалдаги халқаро ва европа стандартларини ҳисобга олган ҳолда Томонлар давлатларидаги миллий қонунчиликка асосан стандартлаштириш соҳасида ўзаро манфаатдор ҳамкорликни ривожлантирадилар.
Ҳамкорлик қуйидаги асосий йўналишларда олиб борилади:
— стандартлаштириш соҳасида қабул қилинган меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар билан ўзаро алмашиш;
— стандартларни ишлаб чиқишнинг истиқболли дастурлари ва режалари тўғрисида ахборот билан алмашиш;
— стандартлаштириш соҳасида маслаҳатлар, ахборот ва тажриба билан алмашиш;
— зарур ҳолларда, Томонларнинг миллий стандартлари, миллий стандартлар каталоглари ва даврий нашрлари билан алмашиш;
— иккала давлатдаги стандартлар ишлаб чиқувчи ташкилотлар ўртасида муносабатларни йўлга қўйиш;
— стандартлаштириш соҳасида мутахассисларни тайёрлаш бўйича ҳамкорлик қилиш;
— делегациялар, раҳбарлар ва мутахассисларнинг хизмат сафарлари билан алмашишни ташкил этиш.
4-модда
Мазкур Битим доирасида, ҳар қайси Томон, маҳсулотларни тайёрлаш ва хизматлар кўрсатишда бошқа Томоннинг стандартларини ҳамда стандартлаштириш ва сертификатлаштириш бўйича бошқа меъёрий ҳужжатларини қўллаши мумкин, агар амалдаги давлат қонунларига мувофиқ стандартлаштириш бўйича миллий идора томонидан киритилган тартибга зид бўлмаса.
5-модда
Мазкур Битим асосида қабул қилинган ҳужжатлар ёки маълумотларнинг махфийлиги учун мазкур ҳужжатни ва маълумотни қабул қилган Томон масъулдир.
Ҳужжат ёки маълумотни, учинчи тарафга, фақат уни тақдим этган Томоннинг розилиги асосида бериш мумкин.
6-модда
Мазкур Битим талабларини бажаришнинг молиявий шартлари, Томонларнинг ўзаро келишувларига кўра амалга оширилади.
7-модда
Томонларнинг ўзаро келишувларига асосан, мазкур Битимга унинг ажралмас қисми ҳисобланадиган, алоҳида Баённомалар билан расмийлаштириладиган қўшимча ва ўзгартишлар киритилиши мумкин.
8-модда
Мазкур Битим Томонлар қатнашадиган бошқа халқаро Битимлар ва Шартномалар асосида вужудга келадиган Томонларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятларига таъсир қилмайди.
9-модда
Мазкур Битим қоидаларини қўллаш ва талқин қилишда юзага келган ҳар қандай келишмовчиликлар ўзаро маслаҳатлашув ва музокаралар орқали ҳал қилинади.
10-модда
Мазкур Битим Томонлар имзолаган кундан бошлаб беш йил муддатга тузилади ва Томонлардан бири Битимнинг амал қилишини тўхтатиш тўғрисида бошқа Томонга ёзма равишда 6 ой олдин хабар бермагунига қадар, ўз-ўзидан кейинги беш йиллик муддатга узаяверади.
Ҳар бир Томон бошқа Томонни ёзма равишда хабардор қилган ҳолда Битимнинг амал қилишини тўхтатиши мумкин. Ушбу ҳолда Битим иккинчи томондан шундай ёзма хабар олган ойдан бошлаб (6) олти ойдан кейин ўз кучини йўқотади.
Битимнинг амал қилишини тўхтатилиши, мазкур Битим доирасида амалга оширилаётган тадбирларнинг амал қилиш муддатига ва жорий этиш вақтига ушбу тадбирлар тугалланмагунча таъсир этмайди.
Германиянинг Берлин шаҳрида 2010 йилнинг 17 май кунида, икки асл нусхада, ҳар бири ўзбек ва инглиз тилларида тузилди. Мазкур Битимни талқин қилишда келишмовчиликлар пайдо бўлганда инглиз тилидаги матндан фойдаланилади.
(имзолар)
(Ўзбекистон Республикаси халқаро шартномалари тўплами, 2010 й., 1-4-сон)