Ўзбекистон Республикаси Президентининг
Фармони
ХОРИЖИЙ САРМОЯЛАР ИШТИРОКИДАГИ КОРХОНАЛАРНИ РИВОЖЛАНТИРИШНИ ВА УЛАРНИНГ САРМОЯ БИЛАН БОҒЛИҚ ФАОЛИЯТИНИ РАҒБАТЛАНТИРИШНИНГ ҚЎШИМЧА ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА
Мазкур Фармон Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 27 сентябрдаги ПФ-6075-сонли «Ўз аҳамиятини йўқотган қонунчилик ҳужжатларини қайта кўриб чиқиш тизимини жорий этиш орқали мамлакатда ишбилармонлик муҳитини яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармонига асосан ўз кучини йўқотган.
Хорижий сармоялар иштирокидаги ишлаб чиқариш корхоналарини ривожлантиришни, уларнинг сармоя билан боғлиқ фаолиятини кучайтиришни, юқори малакали ишчилар ва мутахассисларни жалб этишни рағбатлантириш мақсадида:
1. Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият миллий банкига, валюта операцияларини амалга оширишга лицензияси бўлган тижорат банкларига ўз маблағи ва жалб этиладиган кредит ресурслари ҳисобидан инвестиция лойиҳаларига эркин алмаштириладиган валютада кредит беришга, шунингдек сармоя учун валюта билан бериладиган кредитларга фоиз ставкаларини мустақил белгилашга рухсат этилсин.
Кейинги таҳрирга қаранг.
2. Хорижий сармоялар иштирокидаги ишлаб чиқариш корхоналари учун иш ҳақига сарфланадиган маблағларни давлат йўли билан бошқаришнинг амалдаги тартиби 1997 йил 1 январдан бекор қилинсин.
3. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги, Молия вазирлиги, Марказий банки бир ҳафта муддатда амалдаги қонунлар ва меъёрий ҳужжатларга мазкур Фармон асосида тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида таклифларни тайёрласин.
4. Ушбу Фармоннинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Б. Ҳамидов ва Ўзбекистон Республикаси Марказий банки раиси Ф. Муллажоновга юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Президенти И. КАРИМОВ
Тошкент ш.,
1996 йил 13 декабрь,
ПФ-1659-сон
(Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 1997 й., 1-сон, 9-модда; Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 04.11.2017 й., 06/17/5228/0210-сон)