Ўзбекистон Республикаси Президентининг
Фармони
БЮДЖЕТ БИЛАН ҲИСОБ-КИТОБЛАР УЧУН ХЎЖАЛИК ЮРИТУВЧИ СУБЪЕКТЛАРНИНГ МАСЪУЛИЯТИНИ ОШИРИШ ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА
Солиқлар ва мажбурий тўловларнинг бюджетга ўз вақтида ва тўлиқ тушишини таъминлаш, солиқ ва тўлов интизомини мустаҳкамлаш, шунингдек хўжалик юритувчи субъектларнинг бюджет олдидаги ўз мажбуриятларини бажаришлари учун масъулиятини ошириш мақсадида:
1. Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитасига солиқлар ва бюджетга тўловлар бўйича қарзларни қарздор корхонанинг мулки ҳисобидан ундириб олиш ҳуқуқи берилсин.
Ўзбекистон Республикасининг Давлат солиқ қўмитаси Адлия вазирлиги ҳамда Молия вазирлиги билан биргаликда тўловни қарздор корхонанинг мулки ҳисобидан ундириб олиш тартибини бир ой муддатда ишлаб чиқиб, Вазирлар Маҳкамасига тасдиқлаш учун тақдим этсин.
2. Тижорат банклари вакиллик ҳисоб-варақларининг ҳолатидан қатъи назар, солиқ тўловчида маблағ мавжуд бўлган тақдирда бюджетга тўловлар ўз вақтида ўтказилишини таъминласинлар.
қарздор корхонанинг сўмлардаги маблағи етарли бўлмаган ва валюта ҳисоб-варақларида маблағлари мавжуд бўлган тақдирда вакил қилинган банкларга солиқ идораларининг тақдимномаси бўйича мазкур валюта маблағларини Ўзбекистон Республикаси валюта биржасида сотиладиган кундаги курс бўйича, бюджет олдидаги қарзни узиш учун зарур ҳажмларда қатъи тартибда сотиш ҳуқуқи берилсин.
3. Қуйидагилар белгилаб қўйилсин:
экспорт маҳсулоти (марказлаштирилган экспорт бундан мустасно) республика божхона чегарасидан ўтган пайтдан бошлаб 60 кундан кейин сотилган ҳисобланади ва тегишли барча солиқ тўловлари тўланиши мажбур;
солиқ идораларининг сўрови бўйича банклар ўз мижозлари бўлмиш корхоналарнинг солиқ тўловларини бекаму-кўст ва тўғри тўлаётганликлари устидан назоратни амалга ошириш учун шу корхоналарнинг операциялари тўғрисидаги зарур маълумотларни беришлари шарт;
хўжалик юритувчи субъект хизмат кўрсатувчи бошқа банкка ўтганида у солиқ идорасининг солиқлар ҳамда бошқа тўловлар бўйича ўзининг давлат бюджети билан ўзаро муносабатлари қандай ҳолатда экани тўғрисидаги хулосасини тақдим этиши керак. Бунда хўжалик юритувчи субъект бюджет олдидаги ўз мажбуриятларини тўлиқ бажаргандан кейингина янги ҳисоб-китоб варағини очишга йўл қўйилади;
барча чакана савдо корхоналари, шунингдек аҳолига хизмат кўрсатувчи корхоналар тушган нақд маблағларни ҳар куни банк муассасаларига топширишлари шарт. Ушбу талабни бузиш тушумни яшириш деб баҳолансин ва айбдорларга нисбатан амалдаги қонунларга мувофиқ жазо чоралари қўлланилсин;
Кейинги таҳрирга қаранг.
корхоналар ва тижорат банклари томонидан тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиши юридик ва жисмоний шахсларга векселлар билан операциялар бўйича ёки бажарилиши тўхтатилган шартнома бўйича олдиндан тўлаш ҳолида тушган тўловларни қайтариш мақсадида нақд пул маблағларини тўлашга йўл қуйилмайди. Мазкур пул маблағлари юридик ва жисмоний шахсларнинг тегишли ҳисоб-китоб (жорий) варақларига ўтказилиши лозим. Белгиланган тартибни бузганлик учун айбдор корхона ва тижорат банкига юридик ёки жисмоний шахснинг банк ҳисоб-варағига олдиндан ўтказилмай берилган нақд пул маблағи миқдорида жарима солинади.
4. 1996 йилнинг 1 сентябридан бошлаб Ўзбекистон Республикаси доирасида маҳсулот етказиб бериш тўғрисида мавоза асосидаги шартномалар тузиш тақиқлансин.
5. Тижорат банклари етказиб берилган маҳсулот (бажарилган ишлар, хизматлар) учун ҳақни бевосита маҳсулот етказиб берувчиларга тўласинлар, тўловларнинг учинчи шахслар ҳисобидан ундирилишига йўл қўймасинлар.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Белгилаб қўйилсинки, ушбу тартибни бузиш даромадни яшириш деб баҳоланади ва айбдорларга нисбатан қонунларда кўзда тутилган жазо чоралари қўлланилади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Кейинги таҳрирга қаранг.
6. Ўзбекистон Республикасининг Молия вазирлиги Марказий банк ва Давлат солиқ қўмитаси билан биргаликда векселларни қўлланиши бюджет билан ҳисоб-китоблар тартибининг бузилишига олиб келинмаслигини назарда тутган ҳолда вексель муомаласини такомиллаштиришга оид таклифларни бир ой муддатда тайёрлаб, Вазирлар Маҳкамасига киритсин.
7. 1997 йилнинг 1 январидан бошлаб республика Молия вазирлиги ва молия идораларининг таркибига республиканинг акциз солиғига тортиладиган маҳсулот ишлаб чиқарувчи катта корхоналарида акциз солиқлари бўйича инспекторлар лавозимини жорий этиш, уларнинг зиммасига акциз солиқларини хомчўт қилиш ва тушумини таъминлаш вазифалари юклаш мақсадга мувофиқ деб ҳисоблансин.
Вазирлар Маҳкамаси солиқ тўловчи мазкур катта корхоналар, биринчи навбатда вино-арақ маҳсулотлари ишлаб чиқарадиган шундай корхоналарда даромадларни муттасил назорат қилиш ҳамда бюджет олдидаги мажбуриятларнинг ўз вақтида бажарилишини таъминлаш учун уларнинг рўйхатини ҳар йили тасдиқласин.
8. Адлия вазирлиги ва маҳаллий ҳокимият органлари солиқ идораларининг тақдимномаси бўйича юридик шахслар олти ой мобайнида молия-хўжалик фаолияти билан шуғулланмаётган бўлса, уларнинг хўжалик юритувчи субъектлар рўйхатидан чиқарсинлар.
Кейинги таҳрирга қаранг.
9. Республиканинг суд ва солиқ идоралари тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш тартибини бузишга йўл қўяётган шахсларга нисбатан Ўзбекистон Республикасининг «Маъмурий жавобгарлик тўғрисида»ги кодексининг 176-моддасида кўзда тутилган маъмурий таъсир чораларини кенгроқ қўлласинлар.
10. Ўзбекистон Республикасининг Адлия вазирлиги манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда Ўзбекистон Республикасининг қонунчилигига мазкур Фармондан келиб чиқадиган ўзгартиш ва қўшимчалар тўғрисидаги таклифларни бир ой муддатда Вазирлар Маҳкамасига киритсин.
11. Вазирлар Маҳкамаси ушбу Фармоннинг амалга оширилиши устидан назоратни таъминласин.
Ўзбекистон Республикасининг Президенти И. КАРИМОВ
Тошкент ш.,
1996 йил 9 август,
ПФ-1504-сон
(Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 1996 й., 8-сон, 103-модда; 1999 й., 3-сон, 80-модда; Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2000 й., 11-сон, 171-модда; Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 2003 й., 9-10-сон, 165-модда; Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 14.07.2018 й., 06/18/5476/1504-сон; 06.03.2019 й., 06/19/5684/2708-сон, 07.09.2019 й., 06/19/5813/3708-сон; Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 15.09.2021 й., 06/21/6313/0871-сон)