Ўзбекистон Республикаси Президентининг
Фармони
ЭКСПОРТГА МАҲСУЛОТ ИШЛАБ ЧИҚАРУВЧИ КОРХОНАЛАРНИ РАҒБАТЛАНТИРИШГА ОИД ҚЎШИМЧА ЧОРА-ТАДБИРЛАР ТЎҒРИСИДА
Мазкур Фармон Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 27 сентябрдаги ПФ-6075-сонли «Ўз аҳамиятини йўқотган қонунчилик ҳужжатларини қайта кўриб чиқиш тизимини жорий этиш орқали мамлакатда ишбилармонлик муҳитини яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармонига асосан ўз кучини йўқотган.
Тайёр маҳсулот (хизматлар)нинг ташқи бозорларга кириб боришига кўмаклашиш, шунингдек экспортга маҳсулот ишлаб чиқарувчи корхоналарга кредит бериш механизмини яратиш мақсадида:
1. 1996 йил 1 апрелдан бошлаб товарларга уларнинг товар ишлаб чиқарувчилар томонидан чуқур ишланишига боғлиқ равишда бож пошлиналарининг табақалаштирилган ставкалари белгилансин.
Олдинги таҳрирга қаранг.
(2-банд Ўзбекистон Республикаси Президентининг 1997 йил 10 октябрдаги ПФ-1871-сонли Фармонига мувофиқ ўз кучини йўқотган)
3. Белгилаб қўйилсинки, ҳисобот йили якунлари бўйича корхоналар томонидан товарлар (ишлар ва хизматлар) экспорт ҳажмлари ўсишидан олинган эркин алмаштириладиган валютадаги тушум фойда (даромад)дан олинадиган солиқ тўлашдан озод қилинади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
4. 1996 йил 1 апрелдан бошлаб экспорт қилувчи корхоналар экспорт қилинувчи товарлар (ишлар, хизматлар) ишлаб чиқариш учун фойдаланган моддий ресурслар учун қўшилган қиймат солиғи суммасини тўлашдан озод қилинсин.
Кейинги таҳрирга қаранг.
5. Экспорт қилинадиган маҳсулотлар ишлаб чиқарувчи корхоналарни қўллаб-қувватлаш учун зарур техник-иқтисодий асослашлар мавжуд бўлган тақдирда уч йил муддатга махсус фоизсиз заёмлар бериш тавсия этилсин.
6. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Марказий банк билан биргаликда экспорт қилинадиган маҳсулотлар ишлаб чиқариш учун махсус фоизсиз заёмлар манбалари ҳақида таклиф киритсин.
7. Мазкур Фармоннинг 2, 3, 4, 5-бандларида назарда тутилган имтиёзлар воситачи ташкилотларга, шунингдек экспорт қилинадиган хом ашё: пахта толаси, линт, нефть, нефть маҳсулотлари, электр энергияси, газ конденсати, табиий газ, қимматбаҳо, рангли ва қора металлар, ип-калава ишлаб чиқарувчи корхоналарга татбиқ этилмайди.
8. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 1994 йил 17 июндаги ПФ–872-сон Фармонининг 2, 3, 4, 5, 6-бандлари ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
9. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:
икки ҳафта муддатда мазкур Фармон қоидаларига мувофиқ бож пошлиналари ставкаларини тасдиқласин;
икки ҳафта муддатда Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларига мазкур Фармондан келиб чиқувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақидаги таклифларни тайёрласин.
Ўзбекистон Республикасининг Президенти И. КАРИМОВ
Тошкент ш.,
1996 йил 20 март,
ПФ-1411-сон
(Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 1996 й., 3-сон, 28-модда; 2000 й.,7-8-сон, 241-модда; 2001 й., 5-сон, 105-модда)