Ўзбекистон Республикаси Президентининг
Фармони
ҚАНДИМ ГУРУҲИ, ХОВУЗАК ВА ШОДИ КОНЛАРИНИ ЎЗЛАШТИРИШГА ТЎҒРИДАН-ТЎҒРИ ХОРИЖИЙ ИНВЕСТИЦИЯЛАРНИ ЖАЛБ ЭТИШ ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА
Қандим гуруҳи, Ховузак ва Шоди конларини тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб этган ҳолда маҳсулотни тақсимлаш тўғрисидаги битим шартлари асосида ўзлаштириш мақсадида:
1. Белгилаб қўйилсинки, маҳсулотни тақсимлаш тўғрисидаги битим шартлари асосида берилган Қандим гуруҳи, Ховузак ва Шоди конларини ўзлаштириш ҳамда қазиш чоғида инвесторларнинг эҳтимол тутилган сарф-харажатлари тижорат мақсадида қазиб чиқариш бошланган кунга тўғри келадиган календарь йилидан бошлаб компенсация маҳсулоти ҳисобига қопланади.
2. «Ўзбекнефтгаз» МХК, унинг акциядорлик компанияларига, шунингдек уларнинг тизимига кирувчи бошқа ташкилотларга маҳсулотни тақсимлаш тўғрисидаги битимларда инвесторлар сифатида иштирок этувчи юридик шахсларнинг бирлашмаларида қатнашишга рухсат берилсин.
3. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги Ўзбекистон Республикасининг манфаатдор вазирликлари ва идоралари билан биргаликда бир ой муддатда амалдаги қонунчиликка ушбу Фармондан келиб чиқадиган ўзгартиш ва қўшимчаларни киритиш тўғрисидаги таклифларни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига тақдим этсин.
4. Мазкур Фармоннинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири Ў. Султонов зиммасига юклатилсин.
Ўзбекистон Республикасининг Президенти И. КАРИМОВ
Тошкент ш.,
2003 йил 15 май,
ПФ-3245-сон
(Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 2003 й., 5-сон, 70-модда)