Норасмий таржима
Ўзбекистон Республикаси Президентининг
Қарори
«ҚАРШИТЕРМОПЛАСТ» ДАВЛАТ КОРХОНАСИНИ ҚАЙТА ТАШКИЛ ЭТИШ ТЎҒРИСИДА
Ишлаб чиқариш қувватларидан самарали фойдаланиш ва тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш бўйича ягона технология циклини таъминлаш, республика иқтисодиётининг полиэтиленни қайта ишлаш маҳсулотларига бўлган эҳтиёжларини қондириш ҳамда нефть-газ тармоғининг экспорт салоҳиятини ошириш мақсадида:
1. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги ҳамда «Ўзбекнефтгаз» Миллий холдинг компаниясининг «Қаршитермопласт» давлат корхонасини «Шўртан ГКК» шуъба корхонасига қўшиш йўли билан уни қайта ташкил этиш тўғрисидаги таклифи қабул қилинсин.
2. Ўзбекистон Республикаси Давлат мулки қўмитаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги ҳамда «Ўзбекнефтгаз» Миллий холдинг компанияси билан биргаликда бир ой муддатда «Қаршитермопласт» давлат корхонасини қайта ташкил этиш ва уни давлатнинг мулкий ҳиссаси сифатида «Ўзбекнефтгаз» Миллий холдинг компанияси устав жамғармасига топшириш бўйича тадбирларни белгиланган тартибда амалга оширсин.
3. Белгилансинки, «Шўртан ГКК» шуъба корхонаси «Қаршитермопласт» давлат корхонасининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари бўйича ҳуқуқий вориси ҳисобланади.
4. «Ўзбекнефтгаз» Миллий холдинг компанияси бир ой муддатда «Қаршитермопласт» корхонасининг топширилаётган ишлаб чиқариш қувватларидан самарали фойдаланиш чора-тадбирлари мажмуини ишлаб чиқсин ва тасдиқласин. Ушбу чора-тадбирларда хомашё билан барқарор таъминлаш, зарур айланма маблағларни ажратиш, рақобатбардош маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш орқали лойиҳа қувватига эришиш, уни экспорт қилишни кенгайтириш назарда тутилсин.
Олдинги таҳрирга қаранг.
(5-банд Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 25 ноябрдаги ПФ-231-сонли Фармонига асосан ўз кучини йўқотган — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 26.11.2025 й., 06/25/231/1091-сон)
6. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Э.Р. Шоисматов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти И. КАРИМОВ
Тошкент ш.,
2006 йил 10 июль,
ПҚ-406-сон