Ўзбекистон Республикаси Президентининг
Фармони
ЎЗБЕКИСТОНДА МИЛЛИЙ РАҚС ВА ХОРЕОГРАФИЯ САНЪАТИНИ РИВОЖЛАНТИРИШ ТЎҒРИСИДА
Мазкур Фармон Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 30 апрелдаги ПФ-6218-сонли «Миллий қонунчилик базасини комплекс тизимлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармонига асосан ўз кучини йўқотган.
Миллий рақс ва хореография санъатини янада ривожлантириш, ўзбек рақс санъатининг тарихий анъаналарини ва усулларини тиклаш, авайлаб-асраш ҳамда бойитиш, миллатимизнинг ўзига хос шарқона фазилатлари, бой маънавиятига монанд рақсларни тарғиб этиш учун қулай шарт-шароитлар яратиш, миллий рақс йўналишлари бўйича узоқ муддатли, мақсадли дастурлар тайёрлаш, рақс санъатини халқимизнинг юксак маънавияти ва нозик дидига зид бўлган юзаки, ноўрин танқидга асосланган хатти-ҳаракат ва либослар хуружидан сақлаш, махсус таълим тизимини такомиллаштириш, малакали кадрларга бўлган эҳтиёжни тўлароқ қондириш ҳамда бу соҳа ташкилотларининг моддий негизини мустаҳкамлаш мақсадида:
1. Ўзбекистон Республикаси маданият ишлари вазирлиги, Ўзтелерадиокампанияси ва «Ўзбекнаво» гастрол-концерт бирлашмасининг «Баҳор», «Лазги», «Зарафшон» ҳамда «Тановор» ансамбллари негизида танлов асосида Маданият ишлари вазирлиги тизимида янги Мукаррама Турғунбоева номидаги миллий рақс бирлашмаси («Ўзбекрақс»)ни ташкил этиш ҳақидаги таклифлари маъқуллансин.
«Ўзбекнаво» гастрол-концерт бирлашмаси тасарруфида «Шодлик», «Чен-Чун» ва уйғур ансамбллари негизида «Ўзбекистон» ашула ва рақс ансамбли тузилганлиги маълумот учун қабул қилинсин.
Кейинги таҳрирга қаранг.
2. «Ўзбекрақс» бирлашмаси Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда ҳудудий бўлимларига эга мустақил ижодий-ишлаб чиқариш тузилмаси ҳисобланиб, унинг мулкчилик шаклларидан ва қайси идора тасарруфидалигидан қатъи назар, турли рақс жамоаларини бирлаштириши белгилаб қўйилсин.
Кейинги таҳрирга қаранг.
3. Бирлашма ўз фаолиятини қуйидаги вазифаларни амалга оширишга қаратилганлиги эътиборга олинсин:
Ўзбек халқининг асрлар давомида шаклланган ва авлоддан авлодга ноёб мерос сифатида ўтиб келаётган жозибали рақс намуналарини тўплаш, бойитиш, халқимиз айниқса ёш авлод онгига бу бебаҳо бойликларга чуқур ҳурмат ва ҳавас туйғуларини сингдириш уларда миллий маънавиятларимиз, қадриятларимизга нисбатан эҳтиром ҳисларини юксалтириш.
мамлакатимизнинг барча ҳудудларидаги рақс йўналишларини асраш, авайлаш, шу асосда янги бадиий жамоалар тузиш, мустақиллик маънавиятини ва истиқлол ғояларини тараннум этувчи, халқимизга эстетик завқ бағишловчи замонавий ўзбек миллий рақс мактабини яратиш;
бирлашма таркибидаги ижодий жамоаларнинг, ташкилий, молиявий, моддий-техник масалаларни ечиш, уларни мусиқа асбоблари, ранг-баранг рақс либослари, замонавий радиоэлектрон техника зарурий анжомлар билан таъминлаш;
рақс санъатини Ўзбекистон халқи чет мамлакатлар жамоатчилиги орасида тарғиб қилиш, ансамблларнинг кенг кўламли дастурларга асосланган самарали гастрол фаолиятини уюштириш, реклама-тижорат ишларни йўлга қўйиш.
Кейинги таҳрирга қаранг.
4. «Ўзбекрақс» бирлашмаси таркибида ансамбллар юридик шахс бўлмаган бадиий жамоа сифатида фаолият кўрсатиши ва бу вазифаларни амалга ошириш ва уларнинг ҳар бири ўз қиёфасига, услубига эга бўлишлари белгилаб қўйилсин.
Маданият ишлари вазирлигига бир ой муддат ичида «Ўзбекрақс» бирлашмасининг фаолияти ҳақида Низомни тайёрлаш ва бу вазифаларни амалга ошириш учун дирекция таркибини ташкил қилиш ҳамда Вазирлар Маҳкамаси тасдиғига киритиш юклатилсин.
Кейинги таҳрирга қаранг.
5. «Ўзбекрақс» бирлашмаси, унинг тасарруфидаги корхона ва ташкилотлар барча турдаги солиқлардан 5 йил муддатга озод этилсин.
Солиқдан озод этилиши натижасида йиғилган маблағларнинг мамлакатимизда рақс санъатини янада ривожлантиришга, бирлашманинг моддий-техник негизини мустаҳкамлашга мақсадли сарфланиши белгилаб қўйилсин.
6. Ўзбек хореография билим юрти ҳамда Тошкент давлат маданият институти «Хореография» бўлими негизида олий махсус ўқув юртлари мақомидаги Тошкент давлат миллий рақс ва хореография олий мактаби ташкил этилсин, унинг ўқув театри биносини қуриш назарда тутилсин. Олий мактаб қошида мавжуд бошланғич (интернати билан) ва ўрта махсус таълим бўғинлари сақлаб қолинсин.
Қуйидагилар Олий мактабнинг асосий фаолият йўналишлари этиб белгилансин:
бакалавр дастури асосида миллий рақс ва балет бўйича балетместрлар, балетместр-режиссёрлар, рақс ижрочилари, ўқитувчилар тайёрлаш;
магистр дастури асосида миллий рақс ва хореография санъати бўйича илмий-педагогик, ижодий кадрлар тайёрлаш;
миллий рақс ва хореография санъати бўйича мутахассисларни қайта тайёрлаш, уларнинг малакасини ошириш;
Санъатшунослик илмий-тадқиқот институти билан ҳамкорликда ўзбек рақс ва хореография санъати тарихи, тараққиёти йўналишлари бўйича тадқиқотлар, дарсликлар, методик қўлланмалар яратиш;
маданият ва санъат ўқув юртлари, рақс жамоаларига услубий-ижодий ёрдам кўрсатиш, уларнинг фаолиятини илмий-назарий жиҳатларидан мувофиқлаштириш.
7. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Истиқболни белгилаш ва статистика давлат қўмитаси Тошкент давлат миллий рақс ва хореография олий мактаби, М.Турғунбоева номидаги «Ўзбекрақс» бирлашмаси биноларини таъмирлаш, зарур анжомлар ва техник воситалар билан таъминлаш ҳамда ушбу Фармонда белгиланган бошқа вазифаларнинг бажарилиши учун Маданият ишлари вазирлигининг буюртмасига мувофиқ маблағ ажратилсин.
8. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги бир ҳафта муддатда амалдаги қонун ҳужжатларига зарур ўзгартиришлар киритиш бўйича таклифлар тайёрласин.
9. Ушбу Фармоннинг бажарилиши юзасидан Вазирлар Маҳкамаси бир ой муддатда тегишли қарор қабул қилсин.
Ўзбекистон Республикасининг Президенти И. КАРИМОВ
Тошкент ш.,
1997 йил 8 январь,
ПФ-1695-сон
(Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 1997 й., 1-сон, 16-модда; 2017 й., 8-сон, 105-модда)