Ўзбекистон Республикаси Президентининг
Фармони
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИ ҲУЗУРИДА ЎЗБЕКИСТОН ҚИШЛОҚ ХЎЖАЛИГИ ИЛМИЙ-ИШЛАБ ЧИҚАРИШ МАРКАЗИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ ТЎҒРИСИДА
Ушбу Фармонга Ўзбекистон Республикаси Президентининг 1997 йил 3 ноябрдаги ПФ-1879-сонли Фармонига асосан ўзгартириш кирган. Мазкур Фармонга мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги илмий-ишлаб чиқариш маркази Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги илмий-ишлаб чиқариш марказига айлантирилган.
Қишлоқ хўжалиги фанининг ишлаб чиқариш билан алоқасини мустаҳкамлаш, бозор иқтисодиётига ўтиш шароитларида қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришининг самарадорлигини оширишда илмий муассасаларнинг роли ва масъулиятини кучайтириш, республика агросаноат мажмуидаги ислоҳотларни жадаллаштириш мақсадида:
1. Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги фанлари академияси умумий йиғилишининг уни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги илмий-ишлаб чиқариш марказига айлантириш тўғрисидаги таклифи қабул қилинсин.
Белгилаб қўйилсинки, Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги илмий-ишлаб чиқариш маркази:
илмий-тадқиқот институтлари, конструкторлик бюролари, илмий-ишлаб чиқариш бирлашмалари ва қишлоқ хўжалигига ихтисослашган бошқа илмий ҳамда илмий-ёрдамчи ташкилотлар бирлашмаси;
қайси идорага қарашлигидан қатъи назар, агросаноат мажмуи соҳасида республика илмий муассасалари ва Олий ўқув юртлари томонидан олиб борилаётган илмий тадқиқотларни мувофиқлаштирувчи орган;
мажбуриятлари бўйича Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги фанлари академиясининг ҳуқуқий вориси ҳисобланади.
2. Белгилаб қўйилсинки, Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги илмий-ишлаб чиқариш маркази ўз ишини Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги ва бошқа вазирликлар ҳамда идоралар билан биргаликда, марказнинг илмий-тадқиқот ташкилотлари фаолиятини энг аввало қишлоқ хўжалиги тармоқлари чуқур ўрганишга ва уни келажакда ривожлантиришнинг принципиал йўналишларини ишлаб чиқишга, шунингдек, қишлоқ хўжалиги товар ишлаб чиқарувчиларининг аниқ амалий вазифаларини ҳал этишга йўналтирган ҳолда қуради.
3. Қуйидагилар Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги илмий-ишлаб чиқариш марказининг асосий вазифалари ҳисоблансин:
Ватанимиз ва жаҳон илм-фани ва амалиётининг энг яхши ютуқларидан тўлароқ фойдаланишни ҳисобга олган ҳолда республика агросаноат мажмуининг энг муҳим муаммолари бўйича илмий тадқиқотларни ташкил этиш. Уларнинг натижаларини қишлоқ хўжалигининг самарадорлигини янада ошириш мақсадида қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришига жорий этиш;
суғориладиган ва лалми ерларнинг унумдорлигини ҳамда самарадорлигини оширишнинг илмий-услубий асосларини ишлаб чиқиш, қишлоқ хўжалиги экинларига ишлов беришнинг, чорва моллари ва парранда ўстиришнинг, ер ва сув ресурсларидан оқилона фойдаланишнинг ресурсларни тежовчи технологияларни жорий этиш;
селекция ва уруғчилик, наслчилик иши соҳасидаги тадқиқотларни кенгайтириш, селекцияга оид ютуқларни синаб кўриш ва муҳофаза қилиш;
илмий тадқиқотлар соҳасида шартнома муносабатларини ривожлантириш, тугалланган ишланмаларни қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришига жорий қилиш учун илмий ходимлар ва мутахассисларнинг манфаатдорлигини ҳамда масъулиятини рағбатлантирувчи чора-тадбирларни ишлаб чиқиш;
қишлоқ ва сув хўжалигида иқтисодий ислоҳотларни чуқурлаштириш, юқори самарали, ижтимоий йўналтирилган кўп укладли иқтисодиётни шакллантириш, товар ишлаб чиқарувчининг иқтисодий мустақиллигини кенгайтириш, хўжалик ичидаги муносабатлар механизмини такомиллаштириш, қишлоқда хусусий тадбиркорликни ва кичик бизнесни шакллантириш муаммоларини ҳал этиш йўлларини ишлаб чиқиш;
юқори унум билан ишлайдиган, мустаҳкам ва тежамкор қишлоқ хўжалиги машиналари ва механизмларнинг янги турларини яратиш ва жорий этиш;
эскидан суғориб келинаётган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш ва реконструкция қилишнинг илмий асосларини ишлаб чиқиш ва жорий этиш, янги ерларни ўзлаштириш, суғоришнинг илғор усулларини ва сувни тежовчи технологияларни жорий этиш;
қишлоқ хўжалигини ташкил этиш ва юритишнинг жаҳон илғор тажрибасини ўрганиш ва ижодий қўллаш, халқаро ва хориждаги етакчи илмий тадқиқот марказлари билан ҳамкорликни ривожлантириш;
республикада ва хорижда қишлоқ ва сув хўжалиги раҳбарлари ва мутахассисларини қайта тайёрлаш ҳамда уларнинг малакасини оширишни ташкил этишда қатнашиши.
4. Илмий тадқиқот ташкилотларнинг қишлоқ хўжалиги товар ишлаб чиқарувчилари билан алоқаларини мустаҳкамлаш ва илмий техник ишланмаларни ҳаётга самарали жорий этиш мақсадида Қорақалпоғистон Республикасида ва вилоятларда Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги илмий ишлаб чиқариш марказининг бўлинмалари тузилсин.
5. Собиқ Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги фанлар академиясининг ҳақиқий аъзолари ва мухбир аъзоларининг амалдаги барча имтиёзлари, шу жумладан, гонорарлар сақлаб қолинсин.
6. Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясига академия таркибида қишлоқ хўжалиги фанлари бўлимини ташкил этиш тавсия этилсин.
7. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 1991 йил 11 июндаги 218-сон фармони ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
8. Вазирлар Маҳкамаси икки ҳафта муддатда Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги илмий-ишлаб чиқариш маркази фаолиятини ташкил этиш масалалари юзасидан қарор қабул қилсин.
Ўзбекистон Республикасининг Президенти И. КАРИМОВ
Тошкент ш.,
1997 йил 6 январь,
ПФ-1693-сон
(Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 1997 й., 1-сон, 14-модда)