Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги
Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг
Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг
Қарори
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ОЛИЙ ТАЪЛИМ МУАССАСАЛАРИ ТАЛАБАЛАРИГА АКАДЕМИК ТАЪТИЛ БЕРИШ ТЎҒРИСИДАГИ НИЗОМНИ ТАСДИҚЛАШ ҲАҚИДА
[Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2010 йил 4 сентябрда рўйхатдан ўтказилди, рўйхат рақами 2138]
Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг 2021 йил 8 июлдаги 21-2021-сонли ва Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2021 йил 7 июлдаги 15-сонли ««Ўзбекистон Республикаси олий таълим муассасалари талабаларига академик таътил бериш тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида»ги қарор, шунингдек унга ўзгартиришларни ўз кучини йўқотган деб топиш тўғрисида»ги қарорига (рўйхат рақами 2138-2, 15.07.2021 й.) асосан ўз кучини йўқотган.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2010 йил 18 июндаги 118-сон қарори (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2010 й., 24-25-сон, 195-модда) билан тасдиқланган Олий таълим муассасалари талабалари ўқишини кўчириш, қайта тиклаш ва ўқишдан четлаштириш тартиби тўғрисидаги низомнинг 30-бандига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси олий таълим муассасалари талабаларига академик таътил бериш тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида давлат рўйхатидан ўтказилган кундан бошлаб ўн кун ўтгандан кейин кучга киради.
Олий ва ўрта махсус таълим вазири Б. ХОДИЕВ
Тошкент ш.,
2010 йил 6 август,
312-сон
Соғлиқни сақлаш вазири А. ИКРАМОВ
Тошкент ш.,
2010 йил 6 август,
19-сон
Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2010 йил 6 августдаги 312, 19-сон қарорига
ИЛОВА
ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси олий таълим муассасалари талабаларига академик таътил бериш тўғрисидаги
НИЗОМ
Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2010 йил 18 июндаги 118-сон қарори (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2010 й., 24-25-сон, 195-модда) билан тасдиқланган Олий таълим муассасалари талабалари ўқишини кўчириш, қайта тиклаш ва ўқишдан четлаштириш тартиби тўғрисидаги низомнинг 30-бандига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси олий таълим муассасалари талабаларига академик таътил бериш тартибини белгилайди.
I. Умумий қоидалар
1. Ўзбекистон Республикаси олий таълим муассасалари (кейинги ўринларда таълим муассасаси деб юритилади) талабаларига академик таътил, мазкур Низомнинг 4-бандида назарда тутилган талабларни инобатга олиб, қуйидаги ҳолларда берилиши мумкин:
ҳарбий хизматни ўташ учун;
саломатлигини тиклаш учун;
ҳомиладорлик ва туғиш учун;
болаларни парвариш қилиш учун.
2. Академик таътил ўқув йилининг ҳар қандай қисмида, қуйидаги муддатларга берилади:
ҳарбий хизматни ўташ учун — қонун ҳужжатларида белгиланган ҳарбий хизматни ўташ муддатига;
саломатлигини тиклаш учун — 12 ой муддатга;
ҳомиладорлик ва туғиш, шунингдек болаларни парвариш қилиш учун — қонун ҳужжатларида белгиланган ҳомиладорлик ва туғиш, шунингдек болаларни парвариш қилиш таътиллари муддатига.
3. Талабаларга ўқиш давомида икки марта, истисно тариқасида, тиббиёт таълим муассасалари талабаларига уч мартагача академик таътил берилиши мумкин.
4. Биринчи курс талабаларига академик таътил, истисно тариқасида, фақат уларнинг касаллиги туфайли берилиши мумкин.
5. Талабага академик таътил берилиши уни таълим муассасасидан четлаштириш деб ҳисобланмайди.
6. Талабаларга академик таътил даврида стипендиялар тўланмайди.
II. Академик таътил бериш ва академик таътилдан қайтиш
7. Академик таътил олиш учун талаба таълим муассасаси ректори номига ариза билан мурожаат қилади.
Саломатлигини тиклаш, ҳомиладорлик ва туғиш, шунингдек болаларни парвариш қилиш учун академик таътил олишни сўраб мурожаат қилган талабанинг аризасига талаба доимий тиббий назоратда турган тиббиёт муассасаси комиссиясининг хулосаси, ҳарбий хизматни ўташ учун академик таътил олишни сўраб мурожаат қилган талабанинг аризасига тегишли туман (шаҳар) мудофаа ишлари органларининг талабани ҳарбий хизматга чақириш ҳақидаги чақирув қоғози илова қилиниши лозим.
8. Талаба сурункали касаллиги сабабли бир ойдан ортиқ вақт давомида дарсларда қатнаша олмаса, унинг аризасига асосан академик таътил берилиши мумкин. Бунда, академик таътил муддати ўтишининг бошланиши талаба дарсларда қатнаша олмаётган кундан бошлаб ҳисобланади.
9. Талабага саломатлигини тиклаш учун академик таътилнинг берилиши мазкур Низомнинг иловасида келтирилган Таълим муассасалари талабаларига тиббий кўрсатмалар бўйича академик таътил беришга оид касалликлар рўйхатига мувофиқ амалга оширилади.
10. Талабанинг академик таътил олиш ҳақидаги мурожаати бир ҳафталик муддатда кўриб чиқилиши лозим.
Талабага академик таътил бериш таълим муассасаси ректорининг буйруғи билан расмийлаштирилади. Ушбу буйруқда академик таътилнинг бошланиш ва тугаш санаси кўрсатилиши шарт.
11. Саломатлигини тиклаш учун академик таътилда бўлган талабаларда ҳомиладорлик ва туғиш ҳоллари юзага келган тақдирда, академик таътилнинг муддати мазкур Низомда ҳомиладорлик ва туғиш учун белгиланган академик таътилнинг муддатига узайтирилади.
12. Талаба академик таътилга чиққан кундан бошлаб бир ой ўтмаган бўлса, академик таътилни бекор қилиш ва ўқишга қайтишни сўраб таълим муассасасига ариза билан мурожаат этишга ҳақли.
13. Талаба академик таътилнинг муддати тамом бўлгандан сўнг ўқишга қайтиш бўйича таълим муассасасининг ректори номига ариза билан мурожаат қилиши керак.
Агар, академик таътил даврида талаба ўқиган таълим йўналиши (мутахассислиги) тугатилган бўлса, талабани шу таълим муассасасида ёки бошқа таълим муассасасига ўқишини мос ва турдош йўналиши (мутахассислиги) бўйича кўчириш масаласи ҳам ариза билан бирга кўриб чиқилиши ва ҳал этилиши лозим.
14. Ҳомиладорлик ва туғиш, шунингдек болаларни парвариш қилиш учун академик таътилда бўлган талабалар академик таътил бошланган санадан бошлаб 12 ой муддат ўтгандан сўнг ўқишга қайтиши мумкин.
15. Академик таътилдан қайтиш бўйича талабанинг мурожаати бир ҳафталик муддатда кўриб чиқилиши ва унинг таълим муассасасига ўқишга қайтиши тўғрисида таълим муассасаси ректорининг буйруғи чиқарилиши лозим. Ушбу буйруқда талаба академик таътилдан қайтгандан сўнг ўқийдиган ўқув курси ва гуруҳи кўрсатилиши шарт.
16. Академик таътил муддати тугагандан сўнг ўқишга қайтмаган ва натижада бир семестр давомида дарсларни узрли сабабларсиз 74 соатдан ортиқ қолдирган талаба таълим муассасасидан четлаштирилади.
III. Якуний қоида
17. Мазкур Низом талабларининг бузилишида айбдор шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгарликка тортиладилар.
Ўзбекистон Республикаси олий таълим муассасалари талабаларига академик таътил бериш тўғрисидаги низомга
ИЛОВА
ИЛОВА
Таълим муассасалари талабаларига тиббий кўрсатмалар бўйича академик таътил беришга оид касалликлар рўйхати
1. Сил касаллигининг очиқ формалари (актив ривожланувчи ўпка сили, трахеобронхиал, ички ва периферик лимфа тугунлари, йирик суяклар, бўғимлар фаол сили ёки кичик суяк ва бўғимларнинг силдан кўп жароҳатланиши, томоқ, кекирдак, ҳалқум, қизил ўнгач, ичак, кўз, тери ва бошқа ички аъзолар актив сили).
2. Силга алоқадор бўлмаган, юрак-ўпка фаолиятлари етишмовчилиги (III даража) билан кечувчи ўпканинг сурункали касалликлари.
3. Барча босқичдаги хавфли ўсма касалликлари, икки йил олдин радикал даволанганлар бундан мустасно.
4. II ва III даражали қон айланишининг бузилиши билан кечувчи юрак клапанларининг ва мушакларнинг органик ўзгаришлари (туғма ва орттирилган).
5. II ва III даражали қон босимининг ошиши, тез ривожланувчи қон босим ошиши касаллиги—хавфли гипертония.
6. Турғун буйрак етишмовчилиги билан кечувчи буйрак ва бошқа аъзолар касалликлари.
7. Стационар шароитида даволашга муҳтож бўлган ошқозон-ичак тизими яра касалликлари.
8. Стационар шароитида бир ой муддатдан ортиқ даволаш ва реабилитация қилиш лозим бўлган оғир шикастланишлар, ўткир ва сурункали касалликлар.
9. Стационар шароитида бир ой муддатдан ортиқ даволаш ва реабилитация қилиш зарур бўлган турли этиологиялик жигар касалликлари, жигар циррози, паразитар касалликлари ва бошқалар.
10. Эндокрин касалликларнинг аниқ шакллари (акромегалия, Базедов касаллиги, Аддисон касаллиги, микседема, қандли диабетнинг оғир шакли, Иценко-Кушинга касаллиги).
11. Қон тизими касалликлари: ўткир ва сурункали лейкозлар (лимфа лейкозлар бундан мустасно), апластик анемия.
12. Асаб системасининг сурункали органик асаб касалликлари, шунингдек бўлиб ўтган касалликларнинг оғир асоратлари (энцефалит, менингит, арахноидит, бош суякнинг ва орқа миянинг ёпиқ ҳолда шикастланиши, бош суякнинг очиқ ҳолда шикастланиши ва бошқалар) натижасида ақл-заковатнинг чуқур ва турғун бузилишлари, психопатик бузилиши (ўзини ахлоқий жиҳатдан тута олмаслик ёки тажанглик уринишдаги ҳолатлар), неврологик белгилар ёки психопатик хулқ-атвор асоратлари билан ўтказиладиган касалликлар.
13. Тўхтовсиз ривожланиш билан кечувчи шизофрениянинг (оддий, гебефреник, параноид турлари) қуйидаги кўринишлари:
а) хуружсимон ривожланиш билан кечувчи шизофрения (катотоник, галюцинатор, параноид турлари);
б) тўлқинсимон кечувчи шизофрения (циркулятор, депрессив-параноид, онейроид-катотоник) тез-тез хуружланувчи ва қисқа ремиссияли ҳолатлар;
в) суст кечувчи шизофрениянинг хуруж даври.
14. Тез-тез такрорланувчи тутқаноқли, тутқаноқсиз ва психоматор хуружлари билан, шунингдек, ҳушнинг хиралашуви ва оғир дисфория билан кечувчи эпилепсия:
а) кам такрорланувчи хуружлар билан, шахснинг чуқур ўзгариши ва ақл-заковат бузилиши билан кечувчи эпилепсия;
б) эпилептик психозлар.
15. Тез-тез хуружланувчи циклотимия, маниакал депрессив психоз, тез-тез такрорланувчи маниакал депрессив ҳолатлар.
16. Шахсда патологик ривожланишнинг ҳар хил турлари, меҳнатга қобилияти пасайиши билан, психопатиянинг яққол тури ёки тез-тез декомпенсацияланиши билан кечувчи турлари.
17. Оғир, сурункали кечувчи, такрорланувчи тери касалликларининг ногиронликка олиб келувчи турлари.
18. Захмнинг юқумли босқичи.
19. Трахоманинг I, II, III даражалари.
20. Гиёҳвандлик, токсикоманиянинг (тамакига тобеликдан ташқари) барча турлари.
21. Орттирилган иммунитет танқислиги синдроми (ОИТС/ОИВ).
Кейинги таҳрирга қаранг.
(Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2010 й., 35-36-сон, 308-модда; Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 20.11.2017 й., 10/17/2138-1/0274-сон)