Ўзбекистон Республикаси Президентининг
Фармони
Ўзбекистон Республикасининг Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Олий аттестация комиссияси (Ўзбекистон Республикаси ОАК)ни ташкил қилиш тўғрисида
Юқори малакали илмий ва илмий педагог кадрлар тайёрлаш янги тизимини шакллантириш, уларни республика ижтимоий-иқтисодий, сиёсий ва маънавий тараққиётининг устувор муаммоларини ҳал қилишга йўналтириш, илмий тадқиқотлар ва ишланмаларни давлат йўли билан экспертиза қилишни таъминлаш ҳамда илмий ва илмий педагог жамоатчиликнинг таклифларига мувофиқ:
1. Ўзбекистон Республикасининг Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Олий аттестация комиссияси (Ўзбекистон Республикаси ОАК) ташкил қилинсин.
2. Ўзбекистон Республикасининг Олий аттестация комиссияси зиммасига қуйидаги асосий вазифаларни ҳал қилиш юклансин:
— ривожланган хорижий мамлакатлар тажрибасини ҳисобга олиб юқори малакали илмий ва илмий педагог кадрлар тайёрлашнинг янги тизимини ишлаб чиқиш ва жорий этиш;
— юқори малакали илмий ва илмий педагог кадрларни давлат йўли билан аттестациядан ўтказишнинг халқаро талабларига мос келадиган ва бериладиган дипломларнинг ҳамма жойда ўтишини таъминлайдиган тизимини шакллантириш;
— илмий ходимлар ихтисосларининг малака хусусиятларига нисбатан талабларни ҳамда илмий даражалар ва илмий унвонларни бериш тартиби тўғрисидаги низомни ишлаб чиқиш;
— фан ва техниканинг энг янги йўналишлари бўйича илмий ва илмий педагог кадрлар тайёрлашни режалаштиришда Ўзбекистон Республикаси Фан ва техника давлат комитети билан биргаликда иштирок этиш;
— илмий даражалар берувчи ихтисослаштирилган Кенгашларни ва илмий унвонлар берувчи Кенгашларни тузиш (тугатиш)га ва рўйхатдан ўтказишга оид таклифларни тайёрлаш ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига тақдим этиш, уларнинг фаолиятини назорат қилиб туриш;
— аттестация тизимини такомиллаштириш, қўшма ихтисослаштирилган ва эксперт кенгашларини ташкил этиш, аттестация ҳужжатларини ўзаро тан олиш тўғрисида битимлар тузиш ва халқаро маълумотлар банкларидан фойдаланиш юзасидан халқаро ҳамкорликни йўлга қўйиш.
Кейинги таҳрирга қаранг.
3. Белгилаб қўйилсинки, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Олий аттестация комиссияси ўз ваколати доирасида қабул қилган қарорлар Фанлар академияси, тармоқ академиялари, вазирликлар, идоралар, ўқув юртлари, илмий ташкилотлар ва муассасалар кимга бўйсунишидан қатъи назар, улар учун мажбурийдир.
4. Илмий даражалар ҳамда унвонлар берувчи ихтисослаштирилган ва илмий кенгашларнинг раҳбарлари Ўзбекистон Республикаси Олий аттестация комиссиясида кенгашлар қайта рўйхатдан ўтказилгунга қадар ҳужжатларни қабул қилиш ва кўриб чиқишни тўхтатиб турсинлар.
5. Ўзбекистон Республикасининг Вазирлар Маҳкамаси бир ой муддат ичида Олий аттестация комиссиясининг фаолиятини ташкил этиш масалаларига доир қарорни қабул қилиб, комиссия тузилмасини ва унинг тўғрисидаги низомни тасдиқласин.
Ўзбекистон Республикасининг Президенти И. КАРИМОВ
Тошкент ш.,
1992 йил 31 март,
ПФ-371-сон
(Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг Ахборотномаси, 1992 й., 6-сон, 245-модда; Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2014 й., 30-сон, 365-модда)