Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирининг
буйруғи
НОРМАТИВ-ҲУҚУҚИЙ ҲУЖЖАТНИ ДАВЛАТ РЕЕСТРИДАН ЧИҚАРИШ ТЎҒРИСИДА
[Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2010 йил 18 августда рўйхатдан ўтказилди, рўйхат рақами 298-1]
Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигига Давлат реестридан чиқариш учун тақдим қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатни ҳуқуқий экспертиза қилиш натижаси бўйича 2010 йил 17 августдаги хулосага ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1997 йил 9 октябрдаги 469-сон «Вазирликлар, давлат қўмиталари ва идоралар меъёрий ҳужжатларининг қонунийлигини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ва 2000 йил 19 майдаги 197-сон «Вазирликлар, давлат қўмиталари ва идораларнинг меъёрий ҳужжатларини қабул қилиш тартибини такомиллаштириш тўғрисида»ги қарорларига асосан, шунингдек, «Ўздавэнергоназорат» инспекцияси ва «Ўзбекэнерго» давлат-акциядорлик компаниясининг 2010 йил 13 августдаги АН-01-02/1180 ва БТ-01-21/810-сон қўшма хатини инобатга олган ҳолда, буюраман:
1. Ўзбекистон Республикаси энергетика ва электрлаштириш вазирининг ўринбосари томонидан 1997 йил 10 январда РД РУз 34-381-125-96-сон билан тасдиқланган Маиший абонентлар билан электр энергияси учун ҳисоб-китоб қилиш қоидалари (рўйхат рақами 298, 1997 йил 16 январь) Ўзбекистон Республикаси вазирликлари, давлат қўмиталари ва идоралари норматив-ҳуқуқий ҳужжатларининг Давлат реестридан чиқарилсин ва бу ҳақда мазкур Давлат реестрига тегишли ёзув киритилсин.
2. «Ўздавэнергоназорат» инспекцияси ва «Ўзбекэнерго» давлат-акциядорлик компанияси ушбу ҳужжатни Ўзбекистон Республикаси вазирликлари, давлат қўмиталари ва идоралари норматив-ҳуқуқий ҳужжатларининг Давлат реестридан чиқарилганлигини барча манфаатдор шахслар эътиборига етказиши лозимлиги маълумот учун қабул қилинсин.
3. Идоравий меъёрий ҳужжатларни давлат рўйхатидан ўтказиш бошқармаси (Б. Болиев) ушбу норматив-ҳуқуқий ҳужжатни Давлат реестридан чиқарилганлигини барча манфаатдор шахслар эътиборига етказилиши устидан назоратни таъминласин.
4. Қонун ҳужжатларини туркумлаш ва ҳуқуқий ахборот бошқармаси (С. Нуриев) ушбу буйруқни «Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами» — «Собрание законодательства Республики Узбекистан»да нашр этилишини таъминласин.
5. Мазкур буйруқнинг ижросини назорат қилиш вазир ўринбосари Е. Каньязов зиммасига юклансин.
Вазир Р. МУҲИТДИНОВ
Тошкент ш.,
2010 йил 18 август,
175-мҳ-сон
(Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2010 й., 33-сон, 285-модда)