Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
БИНОЛАР ВА ИНШООТЛАРНИ БЕРИШ ТЎҒРИСИДА
Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 22 февралдаги 87-сонли «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг ўз аҳамиятини йўқотган айрим қарорларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида (Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўз аҳамиятини йўқотган қонунчилик ҳужжатларини қайта кўриб чиқиш тизимини жорий этиш орқали мамлакатда ишбилармонлик муҳитини яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида» 2020 йил 27 сентябрдаги ПФ-6075-сон Фармони)»ги қарорига асосан ўз кучини йўқотган.
«Судлар тўғрисида» Ўзбекистон Республикаси Қонуни ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси адлия органлари ва судлари фаолиятини ташкил этиш масалалари тўғрисида» 1994 йил 19 январдаги 18-сон қарорига мувофиқ ҳамда коррупция ва иқтисодий жиноятчиликка қарши курашнинг самарадорлигини ошириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги Тошкент шаҳар ҳокимлиги билан биргаликда бир ой муддатда У. Носир кўчаси, 93-уйда жойлашган бинонинг ярмини (ўнг қанотини) бўшатсин ва Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги балансига берсин.
Тошкент шаҳар ҳокимлиги Ўзбекистон Республикаси Коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги билан биргаликда ҳовлидаги ҳудудни Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигига бириктиришга оид тегишли қарор қабул қилсин ҳамда тузатиш ишларини лойиҳалаштириш ва амалга ошириш бўйича пудратчи ташкилотларни белгиласин.
2. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигига муҳандислик коммуникацияларини реконструкция қилиш ва бинони мукаммал тузатиш учун зарур молиявий ресурслар ажратсин.
3. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги бир ой муддатда Тошкент шаҳар Хўжанд кўчаси, 12-уйда жойлашган бинони Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги балансига текин ўтказсин.
4. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги таркибий бўлинмаларни жойлаштириш учун ўз маблағлари ҳисобидан тузатиш ишларини амалга оширсин.
5. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш қурилиш, бинокорлик материаллари саноати ва коммунал хизмат кўрсатиш бўлимига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Ў. СУЛТОНОВ
Тошкент ш.,
1996 йил 18 сентябрь,
322-сон