Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
КАРТОШКАЧИЛИКДА БОЗОР МУНОСАБАТЛАРИНИ ЧУҚУРЛАШТИРИШ ВА РЕСПУБЛИКАДА КАРТОШКА ЕТИШТИРИШНИ КЎПАЙТИРИШ ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА
Мазкур қарор Ўзбекистан Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 22 февралдаги 87-сонли «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг ўз аҳамиятини йўқотган айрим қарорларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида (Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўз аҳамиятини йўқотган қонунчилик ҳужжатларини қайта кўриб чиқиш тизимини жорий этиш орқали мамлакатда ишбилармонлик муҳитини яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида» 2020 йил 27 сентябрдаги ПФ-6075-сон Фармони)»ги қарорига асосан ўз кучини йўқотган.
Картошканинг уруғлик фондини етиштиришни таъминлаш ва республика ички бозорини ўзимизда етиштирилган картошка билан тўлдириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Картошкачилик хўжаликлари ва «Ўзмевасабзавотузумсаноат» уюшмасининг «Ўзмевасабзавотузумсаноат» уюшмаси ҳузурида 1-иловага* мувофиқ «Ўзкартошка» фирмасини ташкил этиш тўғрисидаги таклифларига розилик берилсин.
* 1-илова берилмайди.
«Ўзкартошка» фирмасининг устав жамғармаси унга кирувчи хўжаликларнинг пай бадаллари ҳисобига ташкил топиши маълумот учун қабул қилинсин.
2. «Ўзмевасабзавотузумсаноат» уюшмаси кўрсатиб ўтилган фирмани ташкил қилишга оид ташкилий чора-тадбирларни амалга оширсин ва унинг ижро этувчи аппарати тузилмасини тасдиқласин.
Кейинги таҳрирга қаранг.
3. Қуйидагилар «Ўзкартошка» фирмасининг асосий вазифалари этиб белгилансин:
уруғчиликнинг ўз базасини ташкил этиш, навни янгилаш мақсадида республика ташқарисидан уруғлик картошка келтириш йўли билан республика хўжаликларининг уруғлик картошкага бўлган эҳтиёжини таъминлаш;
картошка етиштириш технологиясини такомиллаштиришда ва унинг уруғчилигини ташкил этишда картошкачилик хўжаликларига ёрдам бериш;
юқори репродукцияли уруғлик етиштириш, картошка селекцияси ва уруғчилиги ишларини кучайтириш масаласида илмий муассасалар билан ўзаро ҳамкорлик қилиш;
илмий тадқиқотлар ўтказиш ва фан-техника тараққиёти ютуқларини республика картошкачилигига жорий этиш;
республикада картошкачиликни ривожлантиришга кўмаклашувчи ўзаро фойдали ташқи иқтисодий алоқаларни йўлга қўйиш ва ривожлантириш.
4. Уруғлик картошканинг синаб кўрилмаган навларини оммавий равишда экиш учун республикага келтириш;
озиқ-овқатга мўлжалланган картошкадан уруғлик сифатида фойдаланиш тақиқлансин.
5. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ҳокимликлари, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, «Ўзмевасабзавотузумсаноат» уюшмаси ва Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги фанлари академиясининг 1997 йилда 2 ва 3-иловаларга* мувофиқ ҳажмларда озиқ-овқатга мўлжалланган ва уруғлик картошка етиштириш тўғрисидаги таклифлари қабул қилинсин.
* 2-3 иловалар берилмайди.
Андижон, Жиззах, Наманган, Самарқанд, Тошкент ва Фарғона вилоятлари ҳокимлари «Ўзкартошка» фирмаси хўжаликларида уруғлик картошка экиш ва етиштиришга доир мўлжалланган прогнозлар бажарилишини таъминласинлар.
6. Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, «Ўзмевасабзавотузумсаноат» уюшмаси, Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги фанлари академияси 1997 йилгача картошка етиштириш ва уни қайта ишлашнинг зонал технологияларини ишлаб чиқсинлар ва жойларга юборсинлар.
Кейинги таҳрирга қаранг.
7. Тошкент туманидаги картошка сақлаш омбори «Сабзавотнавуруғлари» Тошкент вилоят бирлашмаси балансидан «Ўзкартошка» фирмаси балансига берилсин.
8. «Ўзкартошка» фирмаси Тошкент шаҳри, Соломатина кўчаси, 248-уйга, «Сабзавотнавуруғлари» Тошкент вилоят бирлашмаси эса — Тошкент туманидаги уруғлик сақлаш базаси ҳудудида жойлаштирилсин.
9. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Р. Гиниятуллин зиммасига юклансин.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Вазирлар Маҳкамасининг Раиси И. КАРИМОВ
Тошкент ш.,
1996 йил 30 август,
301-сон