ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ХАЛҚ ТАЪЛИМИ ВАЗИРЛИГИ
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИ ҲУЗУРИДАГИ ДАВЛАТ ТЕСТ МАРКАЗИНИНГ
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИ ҲУЗУРИДАГИ ДАВЛАТ ТЕСТ МАРКАЗИНИНГ
Қарори
Олдинги таҳрирга қаранг.
5 — 11 синф ўқувчиларининг билимлари сифатини назорат қилишнинг рейтинг тизими тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида
(қарор номи Ўзбекистон Республикаси мактабгача ва мактаб таълими вазирининг 2025 йил 4 февралдаги 1-мҳ-сонли буйруғи (рўйхат рақами 2117-2, 05.02.2025 й.) таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 05.02.2025 й., 10/25/2117-2/0107-сон)
[Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2010 йил 25 июнда рўйхатдан ўтказилди, рўйхат рақами 2117]
Олдинги таҳрирга қаранг.
Ўзбекистон Республикасининг «Таълим тўғрисида»ги Қонуни, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 26-майдаги ПФ-79-сон «Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳамда унинг тизимидаги ташкилотлар фаолиятини самарали ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 15 мартдаги 140-сон «Умумий ўрта таълим тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида»ги қарорига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази қарор қиладилар:
(муқаддима Ўзбекистон Республикаси мактабгача ва мактаб таълими вазирининг 2025 йил 4 февралдаги 1-мҳ-сонли буйруғи (рўйхат рақами 2117-2, 05.02.2025 й.) таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 05.02.2025 й., 10/25/2117-2/0107-сон)
Олдинги таҳрирга қаранг.
1. 5 — 11 синф ўқувчиларининг билимлари сифатини назорат қилишнинг рейтинг тизими тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.
(1-банд Ўзбекистон Республикаси мактабгача ва мактаб таълими вазирининг 2025 йил 4 февралдаги 1-мҳ-сонли буйруғи (рўйхат рақами 2117-2, 05.02.2025 й.) таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 05.02.2025 й., 10/25/2117-2/0107-сон)
2. Мазкур қарор 2010 йил 2 сентябрдан кучга киради.
Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазири А. МАРАХИМОВ
Тошкент ш.,
2010 йил 8 июнь,
23-сон
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази директори Б. ИСМОИЛОВ
Тошкент ш.,
2010 йил 8 июнь,
11/ҚҚ-сон
Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги ва Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест марказининг 2010 йил 8 июндаги 23 ва 11/ҚҚ-сон қарорига
ИЛОВА
ИЛОВА
Олдинги таҳрирга қаранг.
5 — 11-синф ўқувчиларининг билимлари сифатини назорат қилишнинг рейтинг тизими тўғрисида
НИЗОМ
(илова номи Ўзбекистон Республикаси мактабгача ва мактаб таълими вазирининг 2025 йил 4 февралдаги 1-мҳ-сонли буйруғи (рўйхат рақами 2117-2, 05.02.2025 й.) таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 05.02.2025 й., 10/25/2117-2/0107-сон)
Олдинги таҳрирга қаранг.
Мазкур Низом давлат умумий ўрта таълим муассасаларида (бундан буён матнда умумий ўрта таълим муассасалари деб юритилади) 5 — 11-синф ўқувчиларининг билимларини баҳолаш ва уларнинг рейтингини аниқлаш тартибини белгилайди.
(муқаддима Ўзбекистон Республикаси мактабгача ва мактаб таълими вазирининг 2025 йил 4 февралдаги 1-мҳ-сонли буйруғи (рўйхат рақами 2117-2, 05.02.2025 й.) таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 05.02.2025 й., 10/25/2117-2/0107-сон)
I. Умумий қоидалар
Олдинги таҳрирга қаранг.
1. Умумий ўрта таълим муассасаларида 5 — 11-синф ўқувчиларининг (бундан буён матнда ўқувчилар деб юритилади) билимлари сифатини назорат қилишнинг рейтинг тизими (бундан буён матнда рейтинг тизими деб юритилади) Умумий ўрта таълим давлат таълим стандартининг (бундан буён матнда Давлат таълим стандарти деб юритилади) таркибий қисми ҳисобланади.
(1-банднинг биринчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси мактабгача ва мактаб таълими вазирининг 2025 йил 4 февралдаги 1-мҳ-сонли буйруғи (рўйхат рақами 2117-2, 05.02.2025 й.) таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 05.02.2025 й., 10/25/2117-2/0107-сон)
2. Рейтинг тизими барча умумий ўрта таълим мактабларида жорий этилади ва мазкур Низом асосида амалга оширилади.
3. Ўқувчиларнинг билимини баҳолаш қуйидан юқорига қараб ижобий баҳолаш мезони асосида амалга оширилади.
II. Рейтинг тизимининг мақсад ва вазифалари
4. Рейтинг тизимининг мақсади Давлат таълим стандартида белгиланган талабларни бажарилишида ўқувчиларнинг билимлари, кўникма ва малакаларини холисона баҳолаш, уларнинг билим олишга бўлган қизиқишларини рағбатлантириш ва рейтингини аниқлашдан иборат.
5. Рейтинг тизимининг вазифалари қуйидагилардан иборат:
а) ўқувчиларда Давлат таълим стандартларига мувофиқ тегишли билим, кўникма ва малакаларини шаклланганлиги даражасини назорат қилиш;
б) ўқув фанлари бўйича ўқувчиларнинг доимий равишда дарсларга тайёргарлик билан келишини таъминлаш;
Олдинги таҳрирга қаранг.
в) ўқувчиларнинг билимлари, кўникма ва малакаларини баҳолашда ҳаққонийлик, ишончлилик принципларига ҳамда баҳолашнинг форматив ва сумматив усулларига риоя этилишини таъминлаш;
(5-бандининг «в» кичик банди Ўзбекистон Республикаси мактабгача ва мактаб таълими вазирининг 2026 йил 16 мартдаги 31-mh-сонли буйруғи (рўйхат рақами 2117-3, 19.03.2026 й.) таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 19.03.2026 й., 10/26/2117-3/0259-сон)
г) ўқувчиларда билим, кўникма ва малака савиясини шаклланиш суръатини мунтазам равишда таҳлил қилиб бориш;
д) ўқувчиларнинг билимлари, кўникма ва малакалари даражаларини таққослаш ва таълим жараёнида ўзаро мусобақа муҳитини яратиш;
е) ўқувчиларни таълимнинг кейинги босқичига тайёрлаш, касб танлашга йўллаш ишларини мукаммаллаштириш;
ж) ўқувчилар билимлари, кўникма ва малакаларини шаклланишида юзага келиши мумкин бўлган бўшлиқларнинг олдини олиш, уларни аниқлаш ва босқичма-босқич бартараф этилишини амалга ошириш;
з) ўқувчининг тўлақонли билим олиши учун унга энг мақбул педагогик, дидактик, психологик шароитни яратиш;
и) ўқувчиларда билим, кўникма ва малаканинг мустаҳкамлаб борилишини таъминлаш ҳамда уларни қўллаб-қувватлаш, руҳлантириш ва илҳомлантириш.
III. Рейтинг тизимининг назорат турлари ва уларни амалга ошириш
6. Ўқувчиларнинг билим савияси ва ўзлаштириш даражасининг Давлат таълим стандартларига мувофиқлигини таъминлаш учун қуйидаги назорат турларини ўтказиш назарда тутилади:
Олдинги таҳрирга қаранг.
жорий назорат — сўровлар, назорат ишлари ёки тестлар тарзида ўқувчиларнинг билимлари, кўникма ва малакалари мунтазам назорат қилинади;
(6-банднинг иккинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекциясининг 2018 йил 6 апрелдаги 4-мҳ, 2-мҳ-сонли қарори (рўйхат рақами 2117-1, 04.05.2018 й.) таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 07.05.2018 й., 10/18/2117-1/1168-сон)
Олдинги таҳрирга қаранг.
оралиқ назорат — чорак тамом бўлганда ва ўқув дастурининг тегишли бўлими тугаллангандан кейин ўқувчиларнинг билимлари, кўникма ва малакаларини баҳолаш учун амалга оширилади. У ёзма назорат иши ёки тестлар шаклида ўтказилади. Ушбу назоратда фойдаланиладиган материаллар ўқув фани ўқитувчиси томонидан тайёрланади.
(6-банднинг учинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекциясининг 2018 йил 6 апрелдаги 4-мҳ, 2-мҳ-сонли қарори (рўйхат рақами 2117-1, 04.05.2018 й.) таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 07.05.2018 й., 10/18/2117-1/1168-сон)
Оралиқ назоратда назорат ишларининг миқдори ва мавзулари ўқув дастурига асосланган мавзуий режада белгиланади ҳамда муддати ва шакли кўрсатилади;
Олдинги таҳрирга қаранг.
босқичли назорат — ўқув йили тамом бўлгандан кейин оғзаки, ёзма имтиҳон ҳамда тест синовлари шаклида амалга оширилади. Унинг асосида рейтинг аниқланади ва ўқувчини навбатдаги синфга ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилинади.
(6-банднинг бешинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекциясининг 2018 йил 6 апрелдаги 4-мҳ, 2-мҳ-сонли қарори (рўйхат рақами 2117-1, 04.05.2018 й.) таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 07.05.2018 й., 10/18/2117-1/1168-сон)
Олдинги таҳрирга қаранг.
Босқичли назорат материаллари намуналари Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб вазирлигининг (бундан буён матнда вазирлик деб юритилади) Республика таълим маркази томонидан тайёрланади. Назорат ишлари материаллари намуналарига ижодий ёндашган ҳолда ўқув фани ўқитувчилари босқичли назорат материалларига ўзгартиришлар киритиши ва уларни услубий бирлашмалар муҳокамасидан ўтказиб, жорий этишлари мумкин;
(6-банднинг олтинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси мактабгача ва мактаб таълими вазирининг 2025 йил 4 февралдаги 1-мҳ-сонли буйруғи (рўйхат рақами 2117-2, 05.02.2025 й.) таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 05.02.2025 й., 10/25/2117-2/0107-сон)
якуний назорат — ўқиш тугаллангандан кейин давлат аттестацияси шаклида ўтказилади.
Олдинги таҳрирга қаранг.
61. Умумий ўрта таълим муассасаларида ўқувчиларнинг билими форматив ва сумматив усулларда ҳам баҳоланиши мумкин.
Форматив баҳолаш — дарс машғулотлари давомида ўқувчилар фаолиятини кузатиш ҳамда уларнинг билим ва кўникмаларини ўлчаш ҳамда натижани яхшилаш учун кўрсатмалар бериш жараёни ҳисобланади.
Сумматив баҳолаш — таълим жараёнининг муайян бир даври (чорак, ярим йил ёки ўқув йили) ёки босқич (ўқув фанининг боб, бўлими) якунида ўқувчининг ўзлаштирган билими ва амалий кўникма даражасини ўқитувчи ва вазирлик томонидан аниқлаш ва баҳолаш усули ҳисобланади.
Ўқувчиларнинг билимини форматив ва сумматив усулларда баҳолаш жорий этиладиган умумий ўрта таълим муассасалари рўйхати вазирлик томонидан тасдиқланади.
(61-банд Ўзбекистон Республикаси мактабгача ва мактаб таълими вазирининг 2025 йил 4 февралдаги 1-мҳ-сонли буйруғига (рўйхат рақами 2117-2, 05.02.2025 й.) асосан киритилган — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 05.02.2025 й., 10/25/2117-2/0107-сон)
IV. Ўқувчиларнинг билим савиясини баҳолаш ва якуний рейтинг кўрсаткичларини аниқлаш
7. Рейтинг тизимида ўқувчининг ҳар бир фан бўйича ўзлаштириш даражаси баллар орқали ифодаланади.
8. Ҳар бир назорат тури қандай шаклда ўтказилишидан қатъи назар, беш (5) баллик («5», «4», «3», «2», «1») усулда бутун сонлар ёрдамида баҳоланади.
Ўқувчиларнинг ҳар бир назорат тури бўйича билимини баҳолаш ва рейтинг кўрсаткичини аниқлаш уларнинг ўқув фани мавзуси бўйича тасаввурга эга бўлиши, мавзунинг моҳиятини тушуниб етиши ва айтиб бера олиши, олган билимларини амалда қўллай олиши, мустақил мушоҳада юрита олиши, ижодий фикрлай олиши ва хулоса қабул қила олиши, масалалар ҳамда мустақил ишларни бажариши каби мезонларга қараб амалга оширилади.
9. Ҳафтасига 1 соатдан ортиқ ўқитиладиган ўқув фанлари бўйича:
чорак давомида жорий ва оралиқ назоратларда олинган баллар асосида чораклик баҳо;
чораклик баҳолар ва босқичли назоратда олинган балл асосида йиллик баҳо аниқланади.
Босқичли назорат ўтказилмайдиган ўқув фанлари бўйича йиллик баҳолар чораклик баҳоларга қараб белгиланади.
10. Ҳафтасига 0,5 ва 1 соат ўқитиладиган ўқув фанлари бўйича:
ярим йил давомида жорий ва оралиқ назоратларда олинган баллар асосида ярим йиллик баҳо;
ярим йиллик баҳолар ва босқичли назоратда олинган балл асосида йиллик баҳо аниқланади.
Босқичли назорат ўтказилмайдиган ўқув фанлари бўйича йиллик баҳолар ярим йиллик баҳоларга қараб белгиланади.
11. Умумий ўрта таълим муассасалари битирувчилари учун чораклик (ярим йиллик) баҳолар асосида йиллик баҳо, шунингдек якуний назоратда олинган балл ва йиллик баҳо асосида якуний баҳо аниқланади.
Якуний давлат аттестацияси белгиланмаган ўқув фанлари бўйича йиллик баҳо якуний баҳо ҳисобланади. Якуний баҳолар битирувчига бериладиган умумий ўрта таълим тўғрисидаги шаҳодатномага қайд этилади.
12. Баҳолаш ўқувчини синфдан-синфга ўтказиш учун асос бўлади.
Ўқувчини кейинги синфга ўтказиш ижобий баҳо олган тақдирда амалга оширилади. Мактаб педагогика кенгаши қарори билан ўқувчилар қониқарсиз баҳолар билан синфдан-синфга ўтказилиши мумкин.
13. Ўқувчи унинг ота-онаси ёки улар ўрнини босувчи шахслар йиллик баҳодан норози бўлса, унга мактаб педагогика кенгаши томонидан тузиладиган тегишли фан комиссиясига (ота-оналар ёки улар ўрнини босувчи шахслар иштирокида, агар улар шуни хоҳласалар) имтиҳон топшириш имкони берилади. Қайта имтиҳон топширишга барча кўчириш синфларида (битирув синфлари бундан мустасно) фақат жорий ўқув йилида ўқитилган фанлар бўйича рухсат берилади.
14. Ўқитувчилар ва ўқувчилар ўртасидаги баҳолашга оид баҳсли вазиятлар Мактаб педагогика кенгаши аъзоларидан иборат таркибда баҳсли масалалар комиссияси томонидан ҳал этилади.
15. Ўқувчиларнинг ўқув йили давомида назорат турлари бўйича олган баллари ҳамда йиллик (якуний) баҳолари асосида ҳар бир ўқув фанидан йиллик рейтинг кўрсаткичи аниқланади:
Бунда ўқувчининг йиллик (якуний) баҳоси:
«5» бўлганда — 86, 90, 95 ва 100 рейтинг кўрсаткич балларидан бири;
«4» бўлганда — 71, 75, 80 ва 85 рейтинг кўрсаткич балларидан бири;
«3» бўлганда — 56, 60, 65 ва 70 рейтинг кўрсаткич балларидан бири қўйилади.
Йиллик рейтинг кўрсаткич баллари юқорида қайд этилган баллардан иборат бўлиб, уни белгилашда бошқа рақамлардан фойдаланилмайди, минимал 55 балл бундан мустасно.
Агар ўқитувчи ўқувчининг йиллик рейтинг кўрсаткич балини 56 баллдан камлигини эътироф этса, у ҳолда ўқувчининг йиллик рейтинг бали минимал 55 балл этиб белгиланади.
16. Ўқувчининг йиллик рейтинг кўрсаткич балларини аниқлаш усули ўқув фани хусусиятидан келиб чиққан ҳолда ўқитувчи томонидан белгиланади.
17. Ўқувчиларнинг назорат турлари бўйича олган баллари ҳамда чораклик (ярим йиллик) ва йиллик (якуний) баҳолари, шунингдек, йиллик рейтинг кўрсаткич баллари синф журналига қайд этилади.
18. Ўқувчининг чораклик (ярим йиллик), йиллик (якуний) баҳолари ва йиллик рейтинг кўрсаткич баллари унинг табелида қайд этилади.
Олдинги таҳрирга қаранг.
IV1. Умумий ўрта таълим муассасаларида ўқувчиларнинг билимини форматив ва сумматив усулларда баҳолаш
181. Форматив баҳолаш мезонлари ўқув фанининг хусусиятлари ва унга ажратилган соатлардан келиб чиқиб, ўқитувчи томонидан мустақил белгиланади.
Форматив баҳо бир чорак (ўқув режа асосида ўқув фанларига ажратилган ҳафталик соат сонидан келиб чиқиб, ярим йиллик ва йиллик бўлиши мумкин) давомида 1 баллдан 10 баллгача қўйиб борилган балларнинг ўрта арифметигидан шакллантирилади.
Ҳар бир ўқувчи бир чорак давомида (ярим йиллик, йиллик) камида 4 марта ўқитувчи томонидан форматив баҳоланиши керак.
182. Сумматив баҳолаш боб бўйича сумматив баҳолаш ҳамда чорак бўйича сумматив баҳолашни ўз ичига олади.
Ҳар бир ўқув фани бўйича сумматив баҳолаш учун тест топшириқлари шакли (ўқув фани мазмуни, таркиби, саволлар сони, топшириқлар тури, вақт меъёрлари) вазирлик томонидан белгиланади.
183. Боб ва чорак бўйича сумматив баҳолаш учун назорат материаллари ва уларнинг спецификациялари, силлабуслари ва баҳолаш мезонлари вазирлик томонидан умумий ўрта таълим муассасаларига ҳар ўқув йили давомида тақдим этилади.
Бунда, вазирлик томонидан ўқувчилар учун назорат материаллари ва ўқитувчилар учун баҳолаш мезонлари э-мактаб электрон журналига жойлаштирилади.
Ўқитувчилар баҳолаш жараёнларини ўтказиш вақтида назорат материалларига баҳолаш мезонларидан чиқмаган ҳолда янги назорат материалларини яратиш, берилган назорат материалларига ўзгартиришлар киритиши мумкин.
184. Боб бўйича сумматив баҳолаш ўқувчининг ўқув фанлари боби ҳамда бўлимларининг ўзлаштириш даражасини аниқлаш ва баҳолаш усули ҳисобланади.
Боб бўйича сумматив баҳолаш жараёни ўқув режаси асосида ўқув фанларига ажратилган ҳафталик соатдан келиб чиқиб, 1 мартадан 3 мартагача ўтказилиши мумкин (ҳафтасига 1-2 соатгача ажратилган ўқув фанлари бўйича 1 марта, 3-4 соатгача ажратилган ўқув фанлари учун 2 марта, 5 ва ундан ортиқ соат ажратилган ўқув фанлари учун 3 марта). Боб бўйича сумматив баҳолашга барча турдаги ёзма ишлар, амалий иш, лаборатория иши, лойиҳа иши, ижодий иш, оғзаки жавоб талаб этувчи топшириқлар киради.
185. Чорак бўйича сумматив баҳолаш ўқувчининг ўзлаштирган билим ҳамда амалий кўникмаси даражасини аниқлаш ва баҳолаш усули ҳисобланиб, ҳар чорак якунида ўтказилади.
Чорак бўйича сумматив баҳолаш ўқув фанлари учун ажратилган ҳафталик соатлардан келиб чиқиб (ҳар чоракда, ярим йилда, бир ўқув йилида бир маротаба) ўтказилади. Бунда, битта синфда бир ўқув куни мобайнида 3 та ўқув фанларидан кўп бўлмаган ҳолда баҳолаш ўтказилади.
Чорак бўйича сумматив баҳолаш жараёнлари марказлашган ҳолда белгиланган ўқув фанларидан вазирлик томонидан ёзма ёки компьютерда ўтказилиши мумкин.
186. Ўқувчининг чораклик баҳоси (максимал 100 балл) қуйидагича шаклланади:
10 балл чорак давомида форматив баҳолаш (ўқитувчи томонидан баҳоланади);
50 балл чорак давомидаги боб бўйича сумматив баҳолаш (ўқитувчи томонидан баҳоланади);
40 балл чорак охирида чорак бўйича сумматив баҳолаш (ўқитувчи ёки вазирлик томонидан баҳоланади).
187. Ўқувчининг ўқув йили давомида тўплаган баллари қуйидаги тақсимот асосида баҳо шаклига ўтказилади (конвертация қилинади):
86 — 100 | 5 | аъло |
66 — 85 | 4 | яхши |
30 — 65 | 3 | қониқарли |
0 — 29 | 2 | қониқарсиз |
188. Сумматив баҳолашни ўтказиш жараёнида ўқувчиларнинг аудиториядан чиқиши, бир-бири билан гаплашиши, ўзга ўқувчининг ишини кўчириши, ўзи билан дарсликлар, ўқув-услубий қўлланмалар, луғатлар, маълумотномалар ва бошқа адабиётлар, конспектлар, электрон ва қоғоз шаклдаги шпаргалкалар, калькуляторлар, алоқа воситалари (шу жумладан, уяли алоқа воситаси), аудио-, фото- ва видео-ёзув қурилмалари ҳамда бошқа ахборот-коммуникация воситаларини олиб кириши ва улардан фойдаланиши тақиқланади.
Фаннинг хусусиятидан келиб чиқиб, сумматив баҳолаш жараёнини ўтказишда тегишли фан бўйича масъул педагог томонидан калькулятордан фойдаланишга нисбатан истиснолар белгиланиши мумкин.
189. Сумматив баҳолаш жараёнида қатнаша олмаган ёки 30 фоиздан паст натижа қайд этган ўқувчилар учун қуйидаги ҳолларда қайта топшириш жараёнларида иштирок этишга йўл қўйилади:
узрли сабабларга кўра (ўқувчининг ёки яқин қариндошининг бетоблиги (тиббий маълумотнома асосида), йўл-транспорт ҳодисаси, яқин қариндошининг вафоти, яқин қариндошининг никоҳ тузиши, республика ёки халқаро олимпиада ва танловларда умумий ўрта таълим муассасаси номидан иштирок этганлиги, Ўзбекистон Республикасидан ташқарида бўлиши сабабли) сумматив баҳолашда қатнашмаган ўқувчиларга қайта топширишда уларнинг олган баллари қўйилади;
узрсиз сабабларга кўра сумматив баҳолашда қатнашмаган, ушбу Низомнинг 188-банди биринчи хатбошисида кўрсатилган талабларни бузган ёки сумматив баҳолашда 30 фоиздан паст натижа қайд этган ўқувчиларнинг максимал бали 65 фоиздан ошмаган ҳолда баҳоланади.
(IV1-бўлим Ўзбекистон Республикаси мактабгача ва мактаб таълими вазирининг 2025 йил 4 февралдаги 1-мҳ-сонли буйруғига (рўйхат рақами 2117-2, 05.02.2025 й.) асосан киритилган — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 05.02.2025 й., 10/25/2117-2/0107-сон)
V. Якуний қоида
Олдинги таҳрирга қаранг.
19. Мазкур Низомда белгиланган масалалар бўйича келиб чиққан низолар қонунчилик ҳужжатлари асосида ҳал қилинади.
(19-банд Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг 2021 йил 28 июлдаги 16-мҳ-сонли буйруғи (рўйхат рақами 3313, 28.07.2021 й.) таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 28.07.2021 й., 10/21/3313/0724-сон)
(Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2010 й., 26-27-сон, 215-модда; Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 07.05.2018 й., 10/18/2117-1/1168-сон; Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 28.07.2021 й., 10/21/3313/0724-сон; 05.02.2025 й., 10/25/2117-2/0107-сон; 19.03.2026 й., 10/26/2117-3/0259-сон)