Ўзбекистон Республикаси Президентининг
Фармони
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ҲУДУДИГА ИСТЕЪМОЛ ТОВАРЛАРИ ОЛИБ КЕЛИНИШИНИ ТАРТИБГА СОЛИШ ТЎҒРИСИДА» ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ПРЕЗИДЕНТИНИНГ 2002 ЙИЛ 11 ИЮЛДАГИ ПФ–3105-СОН ФАРМОНИГА ҚЎШИМЧАЛАР КИРИТИШ ҲАҚИДА
Мазкур Фармон Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 27 апрелдаги ПФ-122-сонли «Божхона маъмуриятчилигини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармонига асосан ўз кучини йўқотган.
Республиканинг иқтисодий манфаатларини ҳимоя қилиш, Ўзбекистон Республикаси ҳудудига товарлар олиб келиш чоғида божхона қонунчилиги қатъий ва сўзсиз бажарилишини таъминлаш мақсадида:
1. «Ўзбекистон Республикаси ҳудудига истеъмол товарлари олиб келинишини тартибга солиш тўғрисида» Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2002 йил 11 июлдаги ПФ-3105-сон Фармони мазмуни қуйидагича бўлган 4-банд билан тўлдирилсин:
«4. Белгилаб қўйилсинки, 2002 йилнинг 10 ноябридан бошлаб божхона қонунчилигини бузган ҳолда кўп ва жуда кўп миқдордаги товарлар олиб ўтилган тақдирда жисмоний ва юридик шахсларга тегишли бўлган товарлар ҳамда шундай мақсадларда фойдаланилган транспорт воситалари қонунчиликда белгиланган тартибда давлат эгалигига ўтказилади.
Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси, Адлия вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Давлат божхона қўмитаси ушбу Фармоннинг қоидалари оғишмай бажарилишини таъминласинлар, шунингдек ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш мақсадида жойлардаги давлат ҳокимияти органлари, оммавий ахборот воситалари билан биргаликда амалдаги қонунчиликнинг қоида ва талаблари ҳамда уларни бузганлик учун жавобгарлик аҳоли ўртасида кенг тушунтирилишини таъминласинлар».
2. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2002 йил 11 июлдаги ПФ-3105-сон Фармонининг 4, 5 ва 6-бандлари тегишли равишда 5, 6 ва 7-бандлари деб ҳисоблансин.
3. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги Ўзбекистон Республикасининг манфаатдор вазирликлари ва идоралари билан бирга ўн кун муддатда амалдаги қонунчиликка мазкур Фармондан келиб чиқадиган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги таклифларни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига тақдим этсин.
4. Ушбу Фармоннинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси А.А. Азизов зиммасига юклатилсин.
Ўзбекистон Республикасининг Президенти И. КАРИМОВ
Тошкент ш.,
2002 йил 6 ноябрь,
ПФ-3159-сон
(Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 2002 й., 10-11-сон, 202-модда)