Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
ЭНЕРГЕТИКА ВА ЭЛЕКТРЛАШТИРИШ ВАЗИРЛИГИНИНГ ТОШКЕНТ ШАҲРИДА ЖОЙЛАШГАН МАГИСТРАЛ ИССИҚЛИК ТАРМОҚЛАРИНИ ШАҲАР ҲОКИМЛИГИ ИХТИЁРИГА БЕРИШ ТЎҒРИСИДА
Иссиқлик тармоқларидан фойдаланишни тартибга солиш ва уларни бошқаришни такомиллаштириш мақсадида:
1. Ўзбекистон Республикаси Энергетика ва электрлаштириш вазирлиги ва Тошкент шаҳар ҳокимининг магистрал иссиқлик тармоқларини ҳокимлик ихтиёрига бериш тўғрисидаги таклифи қабул қилинсин.
Энергетика ва электрлаштириш вазирлиги ва Тошкент шаҳар ҳокимлиги:
Молия вазирлиги ва Коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги билан биргаликда комиссия ташкил этсинлар ҳамда кўрсатиб ўтилган иссиқлик тармоқларини қабул қилиб олиш-беришни амалга оширсинлар;
магистрал иссиқлик тармоқларини балансдан балансга қабул қилиб олиш-бериш далолатномасини 15 кун муддатда тасдиқласинлар.
2. Энергетика ва электрлаштириш вазирлиги магистрал иссиқлик тармоқларини 1996 йил 1 июлдаги ҳолати бўйича моддий-техника ва одам ресурслари, транспорт воситалари, механизмлар, бошқа техника ҳамда вазирлик томонидан 1996 йилда Тошкент шаҳри иссиқлик тармоқларини ривожлантириш учун назарда тутилган капитал маблағлар лимитлари билан «Тошиссиқликкоммунэнергия» ИБ балансига берсин.
3. «Тошиссиқликкоммунэнергия» ишлаб чиқариш бирлашмаси ва «Тошиссиқликтармоқ» корхонаси негизида «Тошиссиқликэнергия» ишлаб чиқариш бирлашмаси ташкил этилсин.
4. «Тошиссиқликэнергия» ИБ ходимларига меҳнатга ҳақ тўлаш даражаси ва шароитлари, ижтимоий кафолатлар ва таъминотларнинг барча турлари республика Энергетика ва электрлаштириш вазирлиги тизимида амалда бўлган нормативлар бўйича белгилансин.
5. Тошкент ГРЭСдан бир қувурли иссиқлик магистрали қурилиши бўйича буюртмачи вазифаси Энергетика ва электрлаштириш вазирлиги зиммасида қолдирилсин.
6. Республика Энергетика ва электрлаштириш вазирлиги:
шартномалар асосида «Тошиссиқликэнергия» ИВга асбоб-ускуналарни тузатишда, созлаш ишларини бажаришда ва эҳтиёт қисмлар тайёрлашда ёрдам берсин,
«Тошиссиқликкоммунэнергия»нинг олинган иссиқлик энергияси учун дебиторлик қарзини «Тошиссикликтармоқ» корхонасининг 1996 йил иккинчи ярим йили учун харажатларини маблағ билан таъминлаш суммасига камайтирсин, ушбу суммани солиқ солинадиган базага қўшмасдан таннархга киритсин,
1997 йилдан бошлаб «Тошиссиқликэнергия» ИВ томонидан берилган иссиқлик энергияси учун тарифни асосланган ҳисоб-китоблар бўйича камайтиришни назарда тутсин.
7. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Бош вазир ўринбосарлари Қ.Ж. Ҳаққулов ва Р.Р. Юнусов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Ў. СУЛТОНОВ
Тошкент ш.,
1996 йил 16 август,
288-сон