Ўзбекистон Республикаси Президентининг
Фармони
Халқ бадиий ҳунармандчилиги ва амалий санъатини ривожлантиришни янада қўллаб-қувватлаш тўғрисида
Мазкур Фармон Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 30 апрелдаги ПФ-6218-сонли «Миллий қонунчилик базасини комплекс тизимлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармонига асосан ўз кучини йўқотган.
Халқ бадиий ҳунармандчилиги ва амалий санъатини ривожлантиришни янада қўллаб-қувватлаш, халқ ижодиёти соҳасига аҳолининг кенг қатламини, шу жумладан ёшларни жалб этиш учун қулай шарт-шароитларни таъминлаш мақсадида:
1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Халқ бадиий ҳунармандчилиги ва амалий санъатини ривожлантиришни рағбатлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» 2008 йил 1 апрелдаги ПФ-3983-сонли Фармонининг 1-бандида назарда тутилган, уй шароитида халқ бадиий ҳунармандчилиги ва амалий санъати буюмларини ишлаб чиқариш бўйича якка тартибдаги меҳнат фаолияти билан банд бўлган шахслар томонидан қатъий белгиланган солиқни тўлаш юзасидан солиқ имтиёзининг амал қилиш муддати «Ҳунарманд» уюшмаси аъзолари якка тартибдаги тадбиркорлар учун 2012 йилнинг 1 апрелигача узайтирилсин.
Кейинги таҳрирга қаранг.
2. «Ҳунарманд» уюшмаси Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси билан биргаликда бир ой муддатда мазкур Фармонда назарда тутилган солиқ имтиёзи татбиқ этиладиган «Ҳунарманд» уюшмаси аъзолари — бадиий ҳунармандчилик ва амалий санъат буюмларини уй шароитида ишлаб чиқариш бўйича якка тартибдаги меҳнат фаолияти билан банд бўлган шахслар рўйхатини аниқласин.
3. Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси юқорида кўрсатилган солиқ имтиёзининг тўғри қўлланилиши устидан қаттиқ назоратни таъминласин.
4. Мазкур Фармоннинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари Р.С.Азимов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти И. КАРИМОВ
Тошкент ш.,
2010 йил 30 март,
ПФ-4210-сон
(Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2010 й., 13-сон, 93-модда; 2011 й., 52-сон, 558-модда; 2012 й., 37-сон, 425-модда; 2013 й., 52-сон, 689-модда)