НАЗОРАТ ҚИЛУВЧИ ОРГАНЛАР ФАОЛИЯТИНИ МУВОФИҚЛАШТИРУВЧИ РЕСПУБЛИКА КЕНГАШИНИНГ
Қарори
НАЗОРАТ ҚИЛУВЧИ ОРГАНЛАР ТОМОНИДАН ЯККА ТАРТИБДАГИ ТАДБИРКОРЛАР ФАОЛИЯТИНИ ТЕКШИРИШЛАРНИ ТАШКИЛЛАШТИРИШ ТАРТИБИ ТЎҒРИСИДАГИ НИЗОМГА ҚЎШИМЧА КИРИТИШ ҲАҚИДА
[Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2010 йил 17 мартда рўйхатдан ўтказилди, рўйхат рақами 1712-1]
Мазкур қарор Назорат қилувчи органлар фаолиятини мувофиқлаштирувчи Республика кенгашининг 2017 йил 14 мартдаги 1-сонли «Назорат қилувчи органлар фаолиятини мувофиқлаштирувчи Республика кенгаши томонидан қабул қилинган айрим идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ўз кучини йўқотган деб топиш тўғрисида»ги қарорига (рўйхат рақами 2880, 06.05.2017 й.) асосан ўз кучини йўқотган.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2010 йил 8 январдаги ПҚ-1257-сон «Республика солиқ органлари тизимини янада модернизация қилиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2010 й., 1-2-сон, 4-модда) асосан Кенгаш қарор қилади:
1. Назорат қилувчи органлар фаолиятини мувофиқлаштирувчи Республика кенгашининг 2007 йил 23 августдаги 01-сон қарори билан тасдиқланган «Назорат қилувчи органлар томонидан якка тартибдаги тадбиркорлар фаолиятини текширишларни ташкиллаштириш тартиби тўғрисида»ги низомнинг (рўйхат рақами 1712, 2007 йил 3 сентябрь) (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2007 йил, 35-36-сон, 370-модда) 1-иловаси қуйидаги таҳрирдаги хатбоши билан тўлдирилсин:
«Давлат солиқ хизмати органлари томонидан Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитасининг Бозорлар ва савдо комплекслари фаолиятини назорат қилиш бош бошқармаси ҳамда унинг ҳудудий бўлимлари бошлиқларининг буйруқлари асосида бозорлар, савдо комплекслари ва уларга туташ автомобиль тўхташ жойлари ҳудудида фаолият кўрсатаётган якка тартибдаги тадбиркорлар фаолиятида бир марталик йиғимлар ва ижара тўлови тўлиқ тўланиши, назорат-касса машиналаридан, ҳисоб-китоб терминалларидан фойдаланилиши, шунингдек савдо ва хизматлар кўрсатиш қоидаларига риоя қилиниши юзасидан ўтказиладиган ҳар кунлик текширишлар. Бунда, Бозорлар ва савдо комплекслари фаолиятини назорат қилиш бош бошқармаси ҳамда унинг ҳудудий бўлимлари томонидан тегишли равишда Кенгаш ёки унинг вилоят ҳудудий комиссияларига ҳар куни ўтказилган текширишлар бўйича текширилган субъектлар, аниқланган ҳолатлар ва кўрилган чоралар тўғрисида кунлик маълумот тақдим этиб борилади».
2. Ушбу қарор Адлия вазирлигида давлат рўйхатидан ўтказилгандан сўнг ўн кундан кейин кучга киради.
Ўзбекистон Республикаси Бош вазири, Республика кенгаши раиси Ш. МИРЗИЁЕВ
Тошкент ш.,
2010 йил 24 февраль,
02-сон
(Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2010 й., 10-11-сон, 80-модда)