Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
1997 ЙИЛДА ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ ДАВЛАТ ҚИСҚА МУДДАТЛИ ОБЛИГАЦИЯЛАРИ БОЗОРИНИ РИВОЖЛАНТИРИШГА ОИД ЧОРА-ТАДБИРЛАР ТЎҒРИСИДА
Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 21 августдаги 705-сонли «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида»ги қарорига асосан ўз кучини йўқотган.
Қимматли қоғозлар бозорини фаоллаштириш, хўжалик юритувчи субъектлар ва хорижий инвесторларнинг эркин маблағларини жалб этиш, шунингдек пул муомаласини мустаҳкамлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигига 1997 йилда уч ва олти ой муддатда муомалада бўладиган давлат қисқа муддатли облигацияларини чиқариш ва жойлаштиришни амалга оширишга рухсат берилсин.
2. Белгилаб қўйилсинки:
юридик шахслар — Ўзбекистон Республикаси резидентлари ва норезидентлар Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ва Марказий банки томонидан белгиланадиган тартибда давлат қисқа муддатли облигацияларининг эгалари бўлишлари мумкин;
уч ва олти ой муддатда муомалада бўладиган давлат қисқа муддатли облигацияларини чиқариш ҳажмлари Молия вазирлиги томонидан бюджет эҳтиёжларидан келиб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Марказий банки билан келишилган ҳолда белгиланади.
3. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Марказий банк билан биргаликда давлат қисқа муддатли облигацияларини чиқаришнинг асосий шартларига ва тегишли меъёрий ҳужжатларга бир ой муддатда ўзгартишлар киритсинлар ва тасдиқласинлар.
4. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги бир ҳафта муддатда амалдаги қонунчиликка мазкур қарордан келиб чиқадиган ўзгартиришлар ва қўшимчалар бўйича таклифларни Вазирлар Маҳкамасига киритсин.
5. Ўзбекистон Республика валюта биржаси Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ва Марказий банки билан биргаликда давлат қисқа муддатли облигацияларини жойлаштириш ва муомалага киритишга техник хизмат кўрсатишни таъминласин.
6. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Бош вазирнинг ўринбосари Б.С. Ҳамидов ва Марказий банк бошқаруви раиси Ф.М. Муллажонов зиммасига юклансин.
Вазирлар Маҳкамасининг Раиси И. КАРИМОВ
Тошкент ш.,
1997 йил 30 январь,
57-сон