Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Буюк Британия ва Шимолий Ирландия Бирлашган Қироллиги Ҳукумати ўртасида
Меморандум
БРИТАНИЯ КЕНГАШИНИНГ ЎЗБЕКИСТОНДАГИ ФАОЛИЯТИ ТЎҒРИСИДА
Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Буюк Британия ва Шимолий Ирландия Бирлашган Қироллиги Ҳукумати, бундан кейин «Томонлар» деб аталувчилар,
1993 йил 15 октябрда Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Буюк Британия ва Шимолий Ирландия Бирлашган Қироллиги Ҳукумати ўртасида таълим, фан ва маданият соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисида Битим (бундан кейин Битим) тузилганини ва унда Британия Кенгаши Бирлашган Қироллик Ҳукуматининг мазкур Битимни бажариш бўйича асосий агенти этиб тайинланганини эътиборга олиб,
Британия Кенгаши мустақил давлат ташкилоти ҳисобланиб, Буюк Британия ва Шимолий Ирландия Бирлашган Қироллиги Ташқи ишлар вазирлиги олдида ҳисоб беришини, Қироллик хартиясига мувофиқ тузилганини ва Бирлашган Қиролликда хайрия ташкилоти сифатида рўйхатга олинганини, унинг мақсади Бирлашган Қироллик ва инглиз тили тўғрисида маълумот тарқатишга ҳамда Бирлашган Қироллик бошқа мамлакатлар, жумладан Ўзбекистон ўртасида маданий, илмий-техникавий ва бошқа ўқув-таълим ҳамкорлигини ривожлантиришга кўмаклашишдан иборат бўлганини инобатга олиб,
Британия Кенгаши ваколатхонасининг Ўзбекистон Республикасидаги фаолиятини янада ривожлантириш ва такомиллаштиришга кўмаклашишга интилиб,
қуйидагилар тўғрисида келишдилар:
1. Британия Кенгаши ваколатхонаси Ўзбекистон ва Бирлашган Қироллик ўртасида маданий муносабатларни мустаҳкамлаш мақсадида ўз фаолиятини ривожлантиришга интилади. Ваколатхонанинг дастури молиялаштириш шарти билан қуйидагиларни ўз ичига олиши мумкин:
Ўзбекистон ва Бирлашган Қиролликнинг ўқув, маданий ва илмий муассасалари ўртасида икки томонлама алоқаларга кўмаклашиш;
тилни ўқитиш методикаси ва инглиз тилини ўқитиш соҳасида кўмаклашиш;
таълим, санъат, фан ва касбга тайёрлаш соҳасидаги лойиҳаларни амалга ошириш;
Ўзбекистон Республикаси фуқароларига Бирлашган Қиролликда таълим олиши учун стипендиялар бериш ёки стипендиялар беришга кўмаклашиш;
Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ва бошқа манфаатдор шахслар учун имтиҳонлар ўтказиш.
2. Британия Кенгаши ваколатхонаси Ўзбекистон Республикаси миллий қонунчилигига мувофиқ техникавий ҳамкорлик бўйича хорижий давлатнинг ҳукумат ташкилоти ваколатхонаси сифатида Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги ҳузурида аккредитациядан ўтади.
Британия Кенгаши ваколатхонаси раҳбари ва чет эллик ходимлар техникавий ҳамкорлик бўйича хорижий давлатнинг ҳукумат ташкилоти ваколатхонаси бошлиғи ва ходимлари сифатида Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги ҳузурида аккредитациядан ўтади.
3. Ваколатхона раҳбари ва чет эллик ходимлар ҳамда уларнинг оила аъзолари қуйидагилардан озод этилади:
— Республика йўл жамғармасига тўланадиган мажбурий тўловлар, шахсий даромад солиғи ва бюджетдан ташқари пенсия жамғармасига тўланадиган суғурта бадалларидан;
— қуйидаги божхона тўловлари тўлашдан:
ваколатхона раҳбари ва чет эллик ходимлар мамлакатда вазифасини бошлаган вақтда шахсий фойдаланиш учун олиб кириладиган маиший хўжаликка мўлжалланган нарсалар, жиҳозлар, китоблар, мебель ва ишда фойдаланиш мақсадида олиб кириладиган бошқа предметлардан олинадиган, ваколатхона раҳбари ва чет эл ходимлари бу товарларни Ўзбекистон Республикасида Ўзбекистоннинг тегишли органлари рухсатисиз сотмаслик шарти билан;
Ўзбекистон Республикаси миллий қонунчилигига мувофиқ, шахсий фойдаланиш учун автотранспорт воситаларини олиб киришда божхона тўловлари тўлашдан.
Ушбу бандда белгиланган имтиёзлар Британия Кенгашининг Ўзбекистондаги ваколатхонасига ҳам татбиқ этилади.
Агар Британия Кенгаши ваколатхонаси Ўзбекистонда ўз фаолиятини тўхтатишга қарор қилса, у ўзига тегишли мулкларни олиб чиқиб кетиши мумкин.
4. Британия Кенгаши ваколатхонаси ўз фаолияти дастурини Битимга ва Британия Кенгаши Низомида кўрсатилган мақсадларига, шунингдек Ўзбекистон Республикаси миллий қонунчилигига мувофиқ белгилайди.
5. Британия Кенгаши ваколатхонаси нотижорат асосида ўз фаолиятини амалга оширади. Шу билан бир вақтда Британия Кенгаши ваколатхонаси ўз харажатларини қоплаш учун барча ортиқча даромадларни Британия Кенгашининг Низомида кўрсатилган мақсадларни амалга оширишга, хусусан Ўзбекистон Республикаси билан Бирлашган Қироллик ўртасидаги ҳамкорликни рағбатлантиришга йўналтириш шарти билан барча ўқув дастурларига тўлов ўрнатиши мумкин.
6. Британия Кенгаши ваколатхонаси ўз ихтиёрига кўра жойлашиш учун бино танлаши мумкин.
Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати Британия Кенгашига муносиб бинолар қидиришда ёрдам кўрсатади.
7. Британия Кенгаши ваколатхонаси Британия Кенгаши томонидан белгиланган шартларга кўра ва Ўзбекистон Республикаси миллий қонунчилигига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигидан рўйхатдан ўтказиш шарти билан Ўзбекистон Республикаси фуқаролари орасидан ходимларни ёллаши мумкин.
8. Британия Кенгаши ўз фаолиятини амалга ошириши ва хизматлар кўрсатиши давомида олган даромадлари барча солиқлардан, божлардан, шунингдек бошқа бюджет ва бюджетдан ташқари жамғармаларга мажбурий тўловлардан озод этилади, Британия Кенгашининг иш берувчи мақоми билан боғлиқ бўлган мажбурий тўловлар бундан мустасно.
Британия Кенгаши томонидан Тил маркази очилса, солиққа тортиш масаласи алоҳида келишув асосида тартибга солинади.
Шу билан биргаликда Ўзбекистон Республикаси ҳудудида кўчмас мулкка эга бўлган ва мулк ҳуқуқи асосида ер участкасига эгалик қилиш, фойдаланиш ва ижарага бериш ҳуқуқи бўлган Ўзбекистон Республикаси норезидентлари тегишлича мулк ва ер солиғи тўловчилари ҳисобланади.
9. Британия Кенгаши ваколатхонаси Ўзбекистон Республикаси Ташки ишлар вазирлиги билан ўз ходимларининг сони, амалга ошириладиган дастур ва лойиҳалари, вақти, жойи, тартиби ва режалаштириладиган тадбирларнинг кун тартиби (конференция, семинар, тренинг ва бошқалар) тўғрисида келишиб оладилар, шунингдек амалга оширилган ишлар тўғрисида йиллик ҳисобот ва ваколатхонанинг фаолияти тўғрисида сўралган бошқа маълумотларни тақдим этади.
10. Британия Кенгаши ваколатхонасининг фаолиятида қоидабузарликлар аниқланганда Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги Британия Кенгаши ваколатхонасидан зарур ҳужжат ва маълумотларни сўрашга, шунингдек уларга аниқланган қоидабузарликларни бартараф этиш тўғрисида хабарнома юборишга ҳақли.
Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги бузилган тақдирда Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги Ўзбекистон Республикасининг миллий қонунчилигига ва халқаро-ҳуқуқ нормаларига мувофиқ чора-тадбирлар кўришга ҳақли.
11. Ушбу Меморандум кучга кириши билан Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Британия Кенгаши ўртасида Ўзбекистонда Британия Кенгашининг фаолиятини ривожлантириш тўғрисида 1995 йил 12 декабрдаги Меморандум ўз кучини йўқотади.
Ушбу Меморандум имзоланган санадан бошлаб кучга киради ва Томонлардан бири олти (6) ой олдин ёзма равишда ушбу Меморандумнинг фаолиятини тўхтатиш нияти тўғрисида бошқа Томонни хабардор қилмагунига қадар амал қилади.
Тошкент шаҳрида 2009 йил 19 августда икки нусхада, ҳар бири ўзбек ва инглиз тилларида тузилди, бунда барча матнлар бир хил кучга эга.
(имзолар)
(Ўзбекистон Республикаси халқаро шартномалари тўплами, 2009 й., 2-3-сон)