Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги ва Бразилия Федератив Республикаси Ривожлантириш, саноат ва ташқи савдо вазирлиги ўртасида
АНГЛАШУВ МЕМОРАНДУМИ
САВДО ВА ИНВЕСТИЦИЯЛАРНИ РАҒБАТЛАНТИРИШ ТЎҒРИСИДА
Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги ва Бразилия Федератив Республикаси Ривожлантириш, саноат ва ташқи савдо вазирлиги, бундан кейин «Томонлар» деб аталувчилар,
Икки давлат ўртасида савдо-иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш ва мустаҳкамлаш истагида, ва
Ўзаролик ва ўзаро манфаатлиликка асосланган янги ҳамкорлик соҳаларини ривожлантириш истаги мавжудлигини эътиборга олган ҳолда,
қуйидагилар тўғрисида келишиб олдилар:
1-модда. Қўшма ишчи гуруҳ
Томонлар савдо ва инвестицияларни қўллаб-қувватлаш мақсадида Қўшма ишчи гуруҳ тузишни келишиб олдилар (бундан кейин «Ишчи гуруҳ» деб аталади).
2-модда. Мақсад
Ишчи гуруҳ икки давлат ўртасидаги иқтисодий муносабатларни мустаҳкамлаш, ишбилармон доиралар фаолиятини ривожлантириш мақсадида иккала давлатнинг давлат ва хусусий секторлари ўртасида маълумотлар ва фикрлар алмашинувига кўмаклашиш, савдо ва инвестицияларни рағбатлантириш ва икки томонлама савдо операцияларини енгиллаштириш йўлида фаолият олиб боради.
3-модда. Йиғилишларни ўтказиш муддати
Ишчи гуруҳ ҳар йили камида бир маротаба ёки зарурият туғилганда навбатма-навбат Бразилияда ва Ўзбекистонда мазкур Меморандумни татбиқ этиш ва унинг ижросини таъминлаш мақсадида йиғилишларини ўтказади.
4-модда. Ишчи гуруҳ аъзоси
1. Бразилия Федератив Республикаси ривожлантириш, саноат ва ташқи савдо вазири ва Ўзбекистон Республикаси ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазири ёки улар томонидан тайинланган вакиллар Ишчи гуруҳга ҳамраислик қиладилар.
2. Ишчи гуруҳнинг ҳар бир раиси Ишчи гуруҳ ишида қатнашиш учун давлат органи ва хусусий сектор вакилларини таклиф қилиши мумкин.
5-модда. Кун тартиби
1. Ишчи гуруҳ йиғилиши давомида ишбилармон доиралар фаолиятини ривожлантириш ҳамда савдо ва инвестицияларга кўмаклашиш билан боғлиқ мавзулар Ишчи гуруҳ томонидан муҳокама қилинади ва зарур ички маслаҳатлашувлар ўтказилгандан сўнг ҳар бир йиғилиш масалалари бўйича қарор қабул қилинади.
2. Томонлар Ишчи гуруҳнинг муҳокамасига савдо, инвестициялар ва икки томонлама ишбилармон доираларга тегишли масалаларни маълумот учун ёки илгари суриш учун киритиши мумкин.
3. Ишчи гуруҳ фақат шу соҳалар билан чекланмаган ҳолда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, текстиль, кимё маҳсулотлари, автомобиль ва автомобиль эҳтиёт қисмлари, телекоммуникация жиҳозлари, офисларни автоматлаштирувчи асбоблар, электрон маҳсулотлар ва бошқа соҳаларда савдо ва инвестициявий имкониятларни ривожлантиришга эътибор қаратади.
6-модда. Бошқа икки ва кўп томонлама йиғилишлар билан мувофиқлаштириш
Ишчи гуруҳ ўз фаолиятини Иқтисодий ва савдо соҳасида ҳамкорлик бўйича Ҳукуматлараро комиссиясининг йиғилишлари каби бошқа давлат ёки хусусий секторнинг икки ва кўп томонлама йиғилишлари натижалари билан мувофиқлаштиради.
7-модда. Якунловчи қоидалар
1. Мазкур Меморандум имзоланган санадан бошлаб кучга киради ва чекланмаган муддатда амалда бўлади.
2. Томонларнинг ўзаро келишувига мувофиқ мазкур Меморандумга исталган вақтда ёзма равишда ва дипломатик каналлар орқали ўзгартишлар киритилиши мумкин.
3. Томонлардан ҳар бири исталган вақтда иккинчи Томонни мазкур Меморандумни бекор қилиш истаги ҳақида ёзма равишда ва дипломатик каналлар орқали хабардор қилиши мумкин. Тегишли хабарнома олинган кундан 90 кундан кейин ушбу Меморандум ўз кучини йўқотади.
4. Мазкур Меморандумни қўллаш ёки талқин қилишда юзага келадиган низолар Томонлар ўртасида дипломатик каналлар орқали тўғридан-тўғри музокаралар йўли билан ҳал этилади.
Бразилиа шаҳрида 2009 йил 28 май куни икки нусхада ҳар бири ўзбек, португал ва инглиз тилларида тузилди, бунда барча матнлар бир хил кучга эга.
Ушбу Меморандумни талқин қилишда келишмовчиликлар юзага келган ҳолда инглиз тилидаги матн устувор ҳисобланади.
(имзолар)
(Ўзбекистон Республикаси халқаро шартномалари тўплами, 2009 й., 2-3-сон)