Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги билан Миср Араб Республикаси Сув ресурслари ва ирригация вазирлиги ўртасида
Англашув Меморандуми
СУВ ХЎЖАЛИГИ СОҲАСИДА ҲАМКОРЛИК ҚИЛИШ ТЎҒРИСИДА
Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги ва Миср Араб Республикаси Сув ресурслари ва ирригация вазирлиги, бундан буён «Томонлар» деб аталадилар,
икки мамлакат ўртасида сув хўжалиги соҳасидаги биргаликдаги ҳамкорликни йўлга қўйиш истагида,
сув хўжалиги соҳасидаги ҳамкорлик икки мамлакат халқларининг ўзаро англашувини янада оширишига бўлган ишончдан келиб чиққан ҳолда,
қуйидагилар тўғрисида келишиб олдилар:
1-модда
Томонлар, ҳуқуқлар, ўзаро фойда ва манфаатлар тенглиги тамойилига амал қилган ҳолда икки мамлакат ўртасида сув хўжалиги соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантиришга ёрдам берадилар.
2-модда
1-моддада кўрсатилган ҳамкорлик қуйидаги соҳаларда амалга оширилади:
1. Дренаж ва суғориш тармоқларини алмаштириш ва янгилаш бўйича замонавий технологиялар билан ўртоқлашиш.
2. Сувдан оқилона фойдаланиш ва суғориш тармоқларини мукаммаллаштириш йўллари соҳасидаги тадқиқотлар билан ўртоқлашиш.
3. Сув хўжалиги соҳасидаги мутахассислар билан алмашиш.
4. Ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилиш учун биргаликда ўтказиладиган анжуман ва семинарлар ўтказиш.
5. Сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш ва сув хўжалиги тармоқларини ишлатиш тажрибаси ва потенциал имкониятларини ўрганиш учун икки мамлакат мутахассислари учун тренинг курсларини ташкил қилиш.
3-модда
Томонлар Ўзбекистон Республикаси ва Миср Араб Республикаси ўртасидаги иқтисодий, илмий ва техникавий ҳамкорлик бўйича Ҳукуматлараро комиссияси доирасида ўз давлатларининг манфаатдор вазирликлари ва идоралари вакилларидан иборат Ишчи Гуруҳини ташкил қиладилар.
4-модда
Лойиҳа-қидирув ишларини бажариш ва гидротехник иншоотларни ҳамда суғориш-мелиорация тармоқларини барпо этиш, шунингдек Миср Араб Республикаси ҳудудида янги ерларга ишлов бериш ишларини амалга оширадиган Томонларнинг ваколатли идоралари бўлиб қуйидагилар ҳисобланади:
Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигидан — «Ўзсувхорижийқурилиш» республика ташқи иқтисодий корхонаси;
Миср Араб Республикаси Сув ресурслари ва ирригация вазирлигидан — Ирригация ва сув хўжалиги илмий-тадқиқот Маркази.
Миср Араб Республикаси ҳудудида лойиҳа-қидирув ишларини бажариш ва гидротехник иншоотларни ҳамда суғориш-мелиорация тармоқларини барпо этиш дастурларида «Ўзсувхорижийқурилиш» корхонасининг иштирок этишини Томонлар ўрнатилган тартибда қўллаб-қувватлайдилар.
5-модда
Тренинг, анжуманлар, семинар ва ташрифлар дастурларини молиялаштиришда йўллаётган Томон ҳаво транспортида халқаро йўналишларда учиш харажатларни кўтаради, қабул қиладиган Томон эса мамлакат ичидаги яшаш ва транспорт харажатларини қоплайди.
6-модда
Томонларнинг ўзаро келишувига мувофиқ ушбу Меморандумга алоҳида баённомалар билан расмийлаштириладиган ва унинг ажралмас қисми ҳисобланадиган ўзгартиришлар ва қўшимчалар киритилиши мумкин.
7-модда
Ушбу Меморандум доирасидаги ҳамкорлик ҳар бир Томон давлатларининг қонунчилигига мувофиқ амалга оширилиши керак.
Ушбу Меморандум қоидалари Томонларнинг бошқа халқаро битимларидан келиб чиқадиган ҳуқуқ ва мажбуриятларига таъсир кўрсатмайди.
8-модда
Меморандумни талқин қилиш ва қўллашга доир барча низолар икки Томоннинг ўзаро келишуви асосида музокаралар ва маслаҳатлашувлар асосида ҳал этилиши керак.
9-модда
Ушбу Меморандум у имзоланган санадан бошлаб кучга киради ва Томонлардан бирининг ушбу Меморандумни бекор қилиш нияти тўғрисида ёзма билдирув хатини иккинчи Томон олган кундан бошлаб 6 ой кучда қолади.
2009 йил 5 майда Қоҳира шаҳрида ҳар бири икки нусхада, матнлари тенг ҳуқуқий кучга эга бўлган ўзбек, араб ва инглиз тилларида тузилди.
Агар Ушбу Меморандум қоидаларини талқин қилишда келишмовчиликлар юзага келса, инглиз тилидаги матн устувор ҳисобланади.
(имзолар)
(Ўзбекистон Республикаси халқаро шартномалари тўплами, 2009 й., 2-3-сон)