ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИ ҲУЗУРИДАГИ «ЎЗАРХИВ» АГЕНТЛИГИ БИЛАН МИСР МИЛЛИЙ КУТУБХОНАСИ ВА АРХИВЛАРИ ЎРТАСИДА
Меморандум
Англашув
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги «Ўзархив» агентлиги ва Миср Миллий кутубхонаси ва Архивлари, бундан кейин «Томонлар» деб аталувчилар,
Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Миср Араб Республикаси Ҳукумати ўртасида маданий ҳамкорлик тўғрисида Қоҳира шаҳрида 2003 йил 6 ноябрда имзоланган Битим,
ҳамда Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Миср Араб Республикаси Ҳукумати ўртасида 2007 — 2010 йилларга мўлжалланган маданий ҳамкорлик тўғрисида Қоҳира шаҳрида 2007 йил 18 апрелда имзоланган Ижроия Протоколи доирасида,
қуйидагилар ҳақида келишиб олдилар:
1-модда
Томонлар ўз давлатларининг миллий қонунчилигига мувофиқ архив иши соҳасида ўзаро ҳамкорликни амалга оширишга кўмаклашадилар.
2-модда
Томонлар ҳужжатлардан нусха олиш ва уларни таъмирлашда замонавий технологиялардан фойдаланиш бўйича тажриба алмашиш мақсадида мутахассислар алмашинувини келишадилар.
Таклиф этаётган Томон ўз давлатида мутахассиснинг тураржой харажатларини ўзига олади, мутахассисни юбораётган Томон эса, белгиланган жойгача бориш-келиш йўл харажатларини, шунингдек ушбу Меморандум доирасидаги бошқа харажатларни ўз зиммасига олади.
Томонлар ташрифлар дастури, шартлари ва муддатларини ташриф бошлангунича, 3 ойдан кечикмаган муддатда келишиш мажбуриятини оладилар.
3-модда
Томонлар архив иши бўйича ҳамкорликда конференциялар, семинарлар, ўқув курсларини уюштирадилар.
4-модда
Томонлар ҳужжатшунослик соҳасида архив ҳужжатларини сақлаш, сўнаётган матнларни тиклаш борасида ўзаро ҳамкорлик лойиҳаларини амалга ошириш имкониятларини ўрганадилар.
5-модда
Томонлар ҳар иккала тарафнинг миллий архив фондини рақамли кўринишга ўтказиш соҳасида ҳамкорлик қилиш имкониятларини ўрганадилар.
6-модда
Мазкур Меморандум имзоланган кундан бошлаб кучга киради ва уч йиллик муддатга амал қилади. Агар Томонлардан бири иккинчи Томонни муддат тугашига олти ой қолганда ёзма равишда огоҳлантирмаса, Меморандум кейинги уч йиллик муддатга автоматик равишда узайтирилади.
2009 йил 5 майда Қоҳира шаҳрида ҳар бири икки нусхада, матнлари тенг ҳуқуқий кучга эга бўлган ўзбек, араб ва инглиз тилларида тузилди.
Агар Ушбу Меморандумни талқин қилишда келишмовчиликлар юзага келса, инглиз тилидаги матн устувор ҳисобланади.
(имзолар)
(Ўзбекистон Республикаси халқаро шартномалари тўплами, 2009 й., 2-3-сон)