Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Корея Республикаси Ҳукумати ўртасида
Келишув
«Ўзбекистон Республикаси Марказий давлат архивларини ахборотлаштириш» лойиҳасини амалга ошириш тўғрисида
2009 йил 27 апрель, Тошкент
Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Корея Республикаси Ҳукумати бундан кейин «Томонлар» деб аталувчилар,
1992 йил 17 июнда имзоланган Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Корея Республикаси Ҳукумати ўртасида «Илмий-техникавий ҳамкорлик тўғрисида»ги Битимнинг 3-моддасига мувофиқ, шунингдек
ҳамкорликдаги техникавий лойиҳаларнинг тизимли ва самарали бажарилишини таъминлаш йўли билан икки мамлакат ўртасида илмий-техникавий ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш мақсадида,
қуйидагилар тўғрисида келишиб олдилар:
1. «Ўзбекистон Республикаси марказий давлат архивларини ахборотлаштириш» Лойиҳасини (бундан кейин — «Лойиҳа») амалга ошириш мақсадида, Корея Республикаси Ҳукумати Корея Республикаси қонунчилигига мувофиқ, шунингдек, чекланган бюджет маблағлари доирасида Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматига 3 миллион АҚШ долларига тенг миқдорда грант тақдим этади (бундан кейин — «Грант»).
2. Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати Грантдан айнан Ўзбекистон Республикаси марказий давлат архивларини ахборотлаштириш ва уларда ҳужжатларнинг, шунингдек ўта қимматли тарихий ҳужжатларнинг электрон архивларини яратиш мақсадида фойдаланади.
3. Корея Республикаси Ҳукумати Корея Халқаро Ҳамкорлик Агентлигини (бундан кейин — «КОIСА») лойиҳани амалга оширишга кўмаклашишга оид зарур ишларни бажарувчи масъул ташкилот сифатида тайинлайди. Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги «ЎзАрхив» агентлигини (бундан кейин — «ЎзАрхив») грант доирасида бериладиган асбоб-ускуналар ва материаллардан мақсадли фойдаланишни амалга оширувчи масъул ташкилот сифатида тайинлайди. КОIСА ЎзАрхив билан Лойиҳа бажарилишининг тафсилотлари тўғрисида мазкур Келишувнинг ажралмас қисми ҳисобланадиган Музокаралар баённомасини имзолайдилар.
4. (1) Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати қуйидаги зарур чора-тадбирларни кўради:
а) Грант доирасида келтирилаётган асбоб-ускуналар, материаллар ва транспорт воситаларини ўз вақтида божхона расмийлаштирувидан ўтказиш ва Ўзбекистон Республикаси ичида транспортда ташишни таъминлаш;
б) Лойиҳани амалга ошириш доирасида Грант ҳисобидан келтирилаётган асбоб-ускуналар ва материалларни божхона тўловларидан (божхона расмийлаштируви йиғимларидан ташқари) ҳамда Ўзбекистон ҳудудида сотиб олинадиган товар, иш ва хизматларга қўшилган қиймат солиғидан (ҚҚС) ўрнатилган тартибда озод этиш;
в) КОIСА билан имзоланган шартномаларга мувофиқ Лойиҳани амалга оширишда иштирок этувчи Корея фуқароларини Ўзбекистон Республикасида уларнинг даромадлари ва мол-мулкига нисбатан қўлланилиши мумкин бўлган божхона тўловлари, ички солиқлар ва бошқа тўловлардан озод этиш;
г) бандда қайд этилган Корея фуқароларига Лойиҳа доирасида КOICA билан тузилган шартномаларга мувофиқ ишларни бажариш учун Ўзбекистон Республикасига кириш ва унда бўлиш учун лозим бўлган шарт-шароитларни яратиб бериш;
д) Лойиҳани самарали амалга ошириш учун Грант доирасида келтирилган асбоб-ускуналар, материаллар, транспорт воситалари бутлигини таъминлаш, улардан мақсадли ва самарали фойдаланишини кафолатлаш; шунингдек,
е) Грант асосида қопланадиган харажатлардан ташқари, Лойиҳани амалга ошириш учун зарур бўлган барча шарт-шароитларни яратиш.
(2) Грант доирасида тақдим этилган асбоб-ускуналар, материаллар ва транспорт воситалари Ўзбекистон Республикасидан реэкспорт қилиниши мумкин эмас.
5. Томонлар мазкур Келишув билан боғлиқ ёки Лойиҳани амалга ошириш жараёнида вужудга келадиган ҳар қандай масалалар бўйича маслаҳатлашувлар ўтказадилар.
6. (а) Мазкур Келишув имзоланган кундан бошлаб кучга киради.
(б) Келишув, агар Томонлардан бири навбатдаги муддат тугашидан олти (6) ой олдин иккинчи Томонни ёзма равишда дипломатик каналлар орқали Келишувни тўхтатиш тўғрисида огоҳлантирмаса, 2009 йил 31 декабргача амал қилади;
(в) Келишувнинг муддатидан олдин тўхтатилиши Лойиҳани тугалланишига олиб келмайди, шунингдек, Келишув муддатининг тугаши охирига етмаган Лойиҳани тугалланишига таъсир этмайди;
(г) Томонларнинг ўзаро розилиги билан мазкур Келишувга дипломатик каналлар орқали алмашув ноталари шаклида расмийлаштирилган ўзгартишлар ва қўшимчалар киритилиши мумкин.
Юқоридагиларни тасдиқлаб, ўз Ҳукуматлари томонидан тегишли ваколат олган қуйидаги имзо чекувчилар мазкур Келишувни имзоладилар.
2009 йил 27 апрелда Тошкент шаҳрида икки асл нусхада, ҳар бири ўзбек, корейс ва инглиз тилларида тузилди, бунда барча матнлар бир хил кучга эга.
Ушбу Келишув қоидаларини талқин қилишда келишмовчиликлар юзага келса, инглиз тилидаги матн устувор ҳисобланади.
(имзолар)
(Ўзбекистон Республикаси халқаро шартномалари тўплами, 2009 й., 2-3-сон)