Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
«АЛОҚА ДЭУ» ЎЗБЕКИСТОН—КОРЕЯ ҚЎШМА КОРХОНАСИ ФАОЛИЯТИ ТЎҒРИСИДА
Мазкур қарор Ўзбекистан Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 22 февралдаги 87-сонли «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг ўз аҳамиятини йўқотган айрим қарорларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида (Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўз аҳамиятини йўқотган қонунчилик ҳужжатларини қайта кўриб чиқиш тизимини жорий этиш орқали мамлакатда ишбилармонлик муҳитини яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида» 2020 йил 27 сентябрдаги ПФ-6075-сон Фармони)»ги қарорига асосан ўз кучини йўқотган.
Ўзбекистон почта ва телекоммуникациялар агентлиги ва «ДЭУ Телеком» компанияси томонидан ташкил этилган алоқа асбоб-ускуналари ва техникасини ишлаб чиқариш бўйича «Алоқа ДЭУ» Ўзбекистон—Жанубий Корея қўшма корхонасининг молиявий-иқтисодий аҳволини барқарорлаштириш, корхона қарзларини камайтириш ва уни молиявий соғломлаштириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. «Алоқа ДЭУ» қўшма корхонасининг жанубий кореялик шериги «ДЭУ Телеком» компаниясининг 16327,4 минг АҚШ доллари миқдоридаги илгари олиб келинган бутловчи буюмларни, «Алоқа ДЭУ» қўшма корхонасининг «ДЭУ Телеком» компанияси олдидаги кўрсатиб ўтилган суммадаги қарзини ўзаро ҳисобга олиш шартларида тегишли контракт тузган ҳолда қайтариб олиб кетиши тўғрисидаги таклифи маълумот учун қабул қилинсин.
2. Белгилансинки:
олиб чиқиб кетиладиган асбоб-ускуналар учун божхона тўловлари ундирилмайди, божхона расмийлаштируви учун йиғимлар бундан мустасно;
мазкур контракт бўйича валюта тушумининг бир қисми мажбурий сотилмайди.
3. Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси:
«Алоқа ДЭУ» қўшма корхонасига маҳсулотларни Кореяга ортиб жўнатиш ва 16327,4 минг АҚШ доллари миқдоридаги асбоб-ускуналар ва бутловчи буюмларни сақлаш ва жўнатиш бўйича божхона тартиботларини ўз вақтида расмийлаштиришга кўмаклашсин;
«ДЭУ Телеком» компаниясига мазкур контракт бўйича бутловчи буюмларни «Алоқа ДЭУ» қўшма корхонаси ҳудудида (Урганч шаҳри) учинчи шахсларга сотгунгача сақлаш учун имкон яратиб берсин.
4. Ўзбекистон почта ва телекоммуникациялар агентлиги «ДЭУ Телеком» компанияси ва манфаатдор идоралар билан биргаликда корхонани молиявий соғломлаштириш ва фаолиятини қайта ихтисослаштириш, унинг ишлаб чиқариш қувватларидан фойдаланиш бўйича тадбирларни икки ой муддатда ишлаб чиқсин.
5. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Бош вазир Ў.Т. Султонов зиммасига юклансин.
Вазирлар Маҳкамасининг Раиси И.КАРИМОВ
Тошкент ш.,
1999 йил 9 июнь,
294-сон