Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
МАҲСУЛОТНИ ТАҚСИМЛАШ ТЎҒРИСИДАГИ БИТИМНИ АМАЛГА ОШИРИШ ДОИРАСИДА ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ ЖАНУБИ-ҒАРБИЙ ҲИСОР МИНТАҚАСИДАГИ ОДАМТОШ, ГУМБУЛОҚ ВА ЖАРҚУДУҚ-ЯНГИ ҚИЗИЛЧА ГАЗ КОНДЕНСАТИ КОНЛАРИНИ КОМПЛЕКС ЎЗЛАШТИРИШНИ ЖАДАЛЛАШТИРИШ ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикасининг Жануби-Ғарбий Ҳисор ва Устюрт минтақаси ҳудудларида геология-қидирув ишларини ўтказиш, углеводород конларини очиш ва қазиб чиқариш чора-тадбирлари тўғрисида» 2007 йил 16 январдаги ПҚ-567-сон, «ЛУКОЙЛ Оверсиз Холдинг Лтд» компанияси билан Маҳсулотни тақсимлаш тўғрисидаги битимларни амалга ошириб боришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» 2009 йил 23 мартдаги ПҚ-1078-сон қарорларини бажариш юзасидан, шунингдек Ўзбекистон Республикасининг Жануби-Ғарбий Ҳисор минтақасидаги Одамтош, Гумбулоқ ва Жарқудуқ — Янги Қизилча газ конденсати конларини ўзлаштириш объектлари қурилишини ва уларни фойдаланишга топширишни жадаллаштириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Истисно тариқасида, «ЛУКОЙЛ Ўзбекистон Оперейтинг Компани» масъулияти чекланган жамиятга:
Одамтош, Гумбулоқ ва Жарқудуқ — Янги Қизилча газ конденсати конларини ўзлаштириш объектлари қурилиши учун иш лойиҳаси асосида бир босқичли тартибда лойиҳа ҳужжатларини ишлаб чиқишга;
Одамтош, Гумбулоқ ва Жарқудуқ — Янги Қизилча газ конденсати конларини ўзлаштириш объектларини бир вақтда қурган ҳолда норматив муддат доирасида шундай объектларни лойиҳалаштиришга рухсат берилсин.
2. Маҳсулотни тақсимлаш тўғрисидаги битимни амалга ошириш доирасида Ўзбекистон Республикасининг Жануби-Ғарбий Ҳисор минтақасидаги Одамтош, Гумбулоқ ва Жарқудуқ — Янги Қизилча газ конденсати конларини ўзлаштириш объектлари қурилишининг лойиҳа ҳужжатларини ишлаб чиқиш, келишиш ва тасдиқлаш тартиби тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.
3. Ўзбекистон Республикаси Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси лойиҳа ҳужжатлари белгиланган тартибда экспертизадан ўтказилишини ва қурилиш-монтаж ишлари сифатига риоя қилиниши устидан архитектура-қурилиш назорати олиб борилишини таъминласин.
4. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Э.Р. Шаисматов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири Ш. МИРЗИЁЕВ
Тошкент ш.,
2009 йил 6 ноябрь,
292-сон
Вазирлар Маҳкамасининг 2009 йил 6 ноябрдаги 292-сон қарорига
ИЛОВА
ИЛОВА
Маҳсулотни тақсимлаш тўғрисидаги битимни амалга ошириш доирасида Ўзбекистон Республикасининг Жануби-Ғарбий Ҳисор минтақасидаги Одамтош, Гумбулоқ ва Жарқудуқ-Янги Қизилча газ конденсати конларини ўзлаштириш объектлари қурилишининг лойиҳа ҳужжатларини ишлаб чиқиш, келишиш ва тасдиқлаш тартиби тўғрисида
НИЗОМ
I. Умумий қоидалар
1. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикасининг Жануби-Ғарбий Ҳисор ва Устюрт минтақаси ҳудудларидаги конларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси билан «Союзнефтгаз Восток Лимитед» компанияси ўртасида Маҳсулотни тақсимлаш тўғрисидаги битимни (кейинги ўринларда Битим деб юритилади) амалга ошириш доирасида амалга ошириладиган Ўзбекистон Республикасининг Жануби-Ғарбий Ҳисор минтақасидаги Одамтош, Гумбулоқ ва Жарқудуқ — Янги Қизилча конларини ўзлаштириш объектлари қурилишининг лойиҳа ҳужжатларини ишлаб чиқиш, келишиш ва тасдиқлаш тартибини белгилайди.
Ушбу Низом Битимни амалга ошириш доирасида ўзлаштириладиган бошқа конларга татбиқ этилмайди.
2. Ушбу Низом мақсадларида қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:
буюртмачи — «ЛУКОЙЛ Ўзбекистон Оперейтинг Компани» масъулияти чекланган жамият;
объектни лойиҳалаштириш топшириғи — Одамтош, Гумбулоқ ва Жарқудуқ — Янги Қизилча газ конденсати конларини ўзлаштириш объектлари қурилишининг иш лойиҳасини ишлаб чиқишга қўйиладиган асосий бирламчи талабларни ўз ичига олган ҳужжат;
маҳаллий лойиҳалар — ташқи инфратузилма объектлари қурилиши учун бажариладиган тўлиқ ҳажмдаги иш лойиҳалари;
иш лойиҳаси — чекланган қийматли ва иш ҳужжатлари билан бирга асосий техник-иқтисодий кўрсаткичлар билан тасдиқланадиган қисмдан иборат бўлган лойиҳа ҳужжатлари;
иш ҳужжатлари — айрим бинолар ва иншоотларга иш чизмалари туркуми, қурилишни амалга ошириш учун етарли ҳажмдаги иш турлари;
ваколатли орган — Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги;
бошқарувчи қўмита — Битимга мувофиқ юқори бошқарув органи;
иш лойиҳасининг тасдиқланадиган қисми — принципиал ечимларни таъминлаш, қурилишнинг дастлабки (бошланғич) қийматини аниқлаш ва қарорнинг тасдиқланадиган қисми қабул қилиниши асосида иш ҳужжатларини ишлаб чиқиш учун етарли ҳажмдаги лойиҳа ҳужжатлари тўплами.
3. Буюртмачи лойиҳа ҳужжатларини ишлаб чиқишга ва асосий технологик асбоб-ускуналарни етказиб беришга танлов доирасида лойиҳаловчи ташкилотга қурилиш пудратчисини танлаш бўйича танлов савдолари ўтказиш учун зарур бўлган танлов ҳужжатларининг техник қисмини ишлаб чиқишни буюртма қилиши мумкин.
Кейинги таҳрирга қаранг.
4. Иш лойиҳаси буюртмачи томонидан ишлаб чиқилган, ушбу Низомнинг II бўлимига мувофиқ келишилган ва тасдиқланган объектни лойиҳалаштиришга топшириқ асосида ишлаб чиқилади.
II. Лойиҳалаштиришга топшириқни келишиш ва тасдиқлаш
5. Буюртмачи томонидан ишлаб чиқилган объектни лойиҳалаштириш топшириғи «Ўзбекнефтгаз» миллий холдинг компанияси, Ваколатли орган ва Ўзбекистон Республикаси Давлат архитектура ва қурилиш қўмитасида келишилиши керак.
Объектни лойиҳалаштиришга топшириқни келишиш бир вақтнинг ўзида ушбу бандда кўрсатилган келишувчи органга тақдим этилган пайтдан бошлаб икки ҳафта муддатда амалга оширилади.
6. Ушбу Низомнинг 5-бандида кўрсатилган келишув мавжуд бўлган тақдирда, объектни лойиҳалаштириш топшириғи Битимда белгиланган тартибда Бошқарувчи қўмита томонидан тасдиқланади.
III. Иш лойиҳасини ишлаб чиқиш, келишиш ва тасдиқлаш
7. Ўзбекистон Республикасининг Жануби-Ғарбий Ҳисор минтақасидаги Одамтош, Гумбулоқ ва Жарқудуқ — Янги Қизилча газ конденсати конларини ўзлаштириш объектлари қуришга иш лойиҳаси қуйидаги босқичларда ишлаб чиқилади:
иш лойиҳасининг тасдиқланадиган қисми;
иш ҳужжатлари.
8. Маҳаллий лойиҳаларни ҳам ўз ичига оладиган иш лойиҳасининг тасдиқланадиган қисми ишлаб чиқилиши тугаллангандан кейин буюртмачи давлат экспертизаси органларига тасдиқланадиган қисмни белгиланган тартибда тақдим этади. Давлат экспертизасининг ижобий хулосаси мавжуд бўлган тақдирда иш лойиҳасининг тасдиқланадиган қисми Бошқарувчи қўмита томонидан тасдиқланади.
9. Иш лойиҳасининг тасдиқланган тасдиқланадиган қисми иш ҳужжатларини ишлаб чиқиш, қурилиш пудратчисини танлаш, шунингдек асосий технологик асбоб-ускуналарга буюртманомаларни жойлаштириш учун асос ҳисобланади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
10. Буюртмачи тугалланган иш ҳужжатлари (шу жумладан Ўзбекистон Республикаси Давлат архитектура ва қурилиш қўмитасида экспертизадан ўтган аниқлаштирилган йиғма смета ҳисоб-китоби), шунингдек қурилиш пудратчисини танлаш бўйича танлов савдолари натижалари бўйича аниқлаштирилган қурилиш қиймати асосида Бошқарувчи қўмитанинг тасдиқлаши учун иш лойиҳасини тақдим этади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
11. Иш лойиҳаси Битимда белгиланган тартибда Бошқарувчи қўмита томонидан тасдиқланади.
(Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2009 й., 46-сон, 497-модда; 2012 й., 23-24-сон, 262-модда)