Ўзбекистон Республикаси Президентининг
Фармони
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ҲИСОБ ПАЛАТАСИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ ТЎҒРИСИДА
Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг ижроси, давлат активлари ва пассивларининг ҳолати ҳамда ҳаракати, қимматбаҳо металлар ва тошлар билан операциялар амалга оширилиши, олтин-валюта захираларини бошқариш, хорижий капитални республика иқтисодиётига жалб этиш ва ундан самарали фойдаланиш, давлатнинг ташқи қарзи ўз вақтида қайтарилиши доимий мониторинги ва назоратини таъминлаш мақсадида:
1. Ўзбекистон Республикасининг Ҳисоб палатаси ташкил қилинсин.
Белгилаб қўйилсинки, Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси:
Кейинги таҳрирга қаранг.
ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Президентига ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига ҳисобот беради;
Кейинги таҳрирга қаранг.
баҳо беришда мустақил ва холис бўлган орган ҳисобланади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
2. Қуйидагилар Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатасининг асосий вазифалари деб ҳисоблансин:
Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг топшириқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг ижроси, унинг асосий кўрсаткичлари ва энг муҳим моддаларининг бажарилиши, шунингдек давлат тузилмалари ва хўжалик юритувчи субъектларга ажратиладиган бюджет маблағларидан мақсадли фойдаланиш устидан назоратни амалга ошириш;
мамлакатда ва унинг ташқарисида давлат активлари ва пассивларининг ҳолати ҳамда ҳаракати мониторингини таъминлаш;
қимматбаҳо металлар ва қимматбаҳо тошлар билан амалга ошириладиган операцияларни назорат қилиш;
мамлакатнинг олтин-валюта захираларини бошқариш ва тасарруф этишни назорат қилиш;
Ўзбекистон Республикаси давлат ташқи қарзининг шаклланиши ҳамда уни қайтариш, Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати томонидан ёки унинг кафолати остида олинадиган хорижий кредитлар ва қарзларни жалб этиш ҳамда улардан фойдаланишнинг қонунийлиги, мақсадга мувофиқлиги ва самарадорлиги устидан назоратни амалга ошириш.
Кейинги таҳрирга қаранг.
3. Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатасининг 9 штат бирлигидан иборат бўлган тузилмаси 1-иловага* мувофиқ;
*1-илова рус тилидаги матнда берилган.
Ҳисоб палатаси тўғрисидаги Низом 2-иловага* мувофиқ тасдиқлансин.
Кейинги таҳрирга қаранг.
*2-илова рус тилидаги матнда берилган.
Кейинги таҳрирга қаранг.
4. Ўзбекистон Республикасининг Ҳисоб палатаси ҳузуридаги Ҳайъат 3-иловага* мувофиқ таркибда тузилсин.
*3-илова берилмайди.
Кейинги таҳрирга қаранг.
5. Белгилансинки, Ҳукумат ёки у вакил қилган органлар олтин-валюта захиралари билан операцияларни амалга ошириш бўйича томонлардан бири сифатида ҳаракат қиладиган барча қарорлар Ҳисоб палатаси билан келишилган ҳолда қабул қилиниши шарт.
6. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги тегишли давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, идоралар билан биргаликда бир ой муддат ичида Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонунчилигига мазкур Фармондан келиб чиқадиган ўзгартиш ва қўшимчалар тўғрисидаги таклифларни киритсин.
7. Ўзбекистон Республикасининг Ҳисоб палатаси Ўзбекистон Республикаси Президенти девони биносига жойлаштирилсин.
8. Ўзбекистон Республикаси Президенти девонининг Ишлар бошқармаси Ҳисоб палатасининг фаолияти учун зарур шароитларни яратсин, шунингдек ускуналар, компьютер техникаси, телефон алоқаси, шу жумладан ҳукумат телефон алоқаси билан таъминласин.
9. Ушбу Фармоннинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси В.А. Голишев ва Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Р.С. Азимов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Президенти И. КАРИМОВ
Тошкент ш.,
2002 йил 21 июнь,
ПФ-3093-сон
(Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 2002 й., 6-7-cон, 109-модда, 10-11-сон, 200-модда; Ўзбекистон Республикаси Қонун ҳужжатлари тўплами, 2005 й., 12-13-сон, 89-модда; 2017 й., 32-сон, 796-модда)