Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
Ўзбекистон миллий автомагистрали бўйлаб йўл инфратузилмаси ва сервисини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида
Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 22 февралдаги 87-сонли «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг ўз аҳамиятини йўқотган айрим қарорларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида (Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўз аҳамиятини йўқотган қонунчилик ҳужжатларини қайта кўриб чиқиш тизимини жорий этиш орқали мамлакатда ишбилармонлик муҳитини яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида» 2020 йил 27 сентябрдаги ПФ-6075-сон Фармони)»ги қарорига асосан ўз кучини йўқотган.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «2009—2014 йилларда Ўзбекистон миллий автомагистралини реконструкция қилиш ва ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2009 йил 22 апрелдаги ПҚ-1103-сон қарорига мувофиқ ҳамда Ўзбекистон миллий автомагистрали бўйлаб ҳаракатланиш қатнашчилари учун халқаро стандартларга жавоб берадиган шарт-шароитлар яратиш, янги иш ўринлари шакллантириш, шунингдек автомагистрал ёнидаги ер участкаларидан оқилона ва самарали фойдаланилишини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси «Давархитектқурилиш» қўмитаси томонидан Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари билан биргаликда Ўзбекистон миллий автомагистрали ёнидаги мавжуд йўл инфратузилмаси ва сервиси объектлари уларнинг шаҳарсозлик норма ва қоидаларига мувофиқлиги юзасидан ялпи хатловдан ўтказилганлиги маълумот учун қабул қилинсин.
2. Қуйидагилар:
Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги, «Давархитектқурилиш» қўмитаси, Молия вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги томонидан Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари, «Ўзавтойўл» давлат-акциядорлик компанияси билан биргаликда мақсадли параметрлари ва молиялаштириш манбалари билан бирга ишлаб чиқилган 2010—2015 йилларда Ўзбекистон миллий автомагистрали бўйлаб йўл инфратузилмаси ва сервисини ривожлантириш дастури 1-иловага* мувофиқ;
* 1-илова рус тилидаги матнда берилган.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Ўзбекистон миллий автомагистрали бўйлаб йўл инфратузилмаси ва сервиси объектлари қуриш учун ер участкалари ажратиш бўйича Низом 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
Кейинги таҳрирга қаранг.
3. Ўзбекистон миллий автомагистрали бўйлаб йўл инфратузилмаси ва сервиси объектларининг жойлаштирилишини кўриб чиқиш ва келишиш бўйича Комиссия 3-иловага мувофиқ таркибда тузилсин.
Қуйидагилар Комиссиянинг асосий вазифалари этиб белгилансин:
Ўзбекистон миллий автомагистрали бўйлаб йўл инфратузилмаси ва сервиси объектларини жойлаштиришда ягона шаҳарсозлик сиёсати ўтказилишини таъминлаш;
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари томонидан тақдим этилган ҳужжатлар асосида Ўзбекистон миллий автомагистрали бўйлаб йўл инфратузилмаси ва сервиси объектларининг жойлаштирилишини келишиш;
объектни жойлаштириш учун танланаётган ер участкасининг аҳоли пунктлари ва умуман минтақа ҳудудларини қуришни ривожлантириш бўйича шаҳарсозлик ҳужжатларига, шунингдек шаҳарсозлик, экология, санитария, ёнғинга қарши кураш ва бошқа мажбурий норма ва қоидаларга мувофиқлигини ҳар томонлама таҳлил қилиш;
ушбу қарор билан тасдиқланган Дастурга мувофиқ Ўзбекистон миллий автомагистрали бўйлаб йўл инфратузилмаси ва сервиси объектларини қуриш ва реконструкция қилишнинг аниқ манзилли рўйхатларини тасдиқлаш;
Ўзбекистон миллий автомагистрали бўйлаб йўл инфратузилмаси ва сервиси объектларини жойлаштиришни келишиш юзасидан қонун ҳужжатларига мувофиқ қарорлар қабул қилиш.
Кейинги таҳрирга қаранг.
4. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ҳокимликлари, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Республика йўл жамғармаси, «Ўзавтойўл» давлат-акциядорлик компанияси, «Йўл-лойиҳа бюроси» масъулияти чекланган жамият лойиҳалаш институти Ўзбекистон Республикаси «Давархитектқурилиш» қўмитаси ва Ички ишлар вазирлиги билан биргаликда ҳар йили 1 ноябргача бўлган муддатда Комиссияга, Дастурнинг тасдиқланган параметрларини ҳисобга олган ҳолда, келгуси йилда йўл инфратузилмаси ва сервиси объектларини қуриш ва реконструкция қилишнинг аниқ манзилли рўйхатлари тасдиқлаш учун киритилишини таъминласинлар.
Комиссия ушбу қарор билан тасдиқланган дастурнинг амалга оширилиши юзасидан тизимли мониторинг ўрнатсин ва ҳар чоракда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликларининг ҳисоботларини эшитиб борсин.
Кейинги таҳрирга қаранг.
5. Белгилансинки:
Олдинги таҳрирга қаранг.
Ўзбекистон Республикаси «Давархитектқурилиш» қўмитаси, «Йўл-лойиҳа бюроси» масъулияти чекланган жамият, «ЎзшаҳарсозликЛИТИ» давлат унитар корхонаси, «ТошкентбошпланЛИТИ» давлат унитар корхонаси ва «Қишлоққурилишлойиҳа» масъулияти чекланган жамият лойиҳалаш ташкилотлари буюртмачиларнинг буюртманомаларига биноан йўл инфратузилмаси ва сервиси объектлари лойиҳаларини тайёрлаш бўйича асосий бажарувчилар ҳисобланадилар, шунингдек ушбу объектлар қурилишида архитектура-режалаштириш талабларига ва белгиланган қурилиш нормаларига риоя этилиши юзасидан зарур назоратни таъминлайдилар;
(5-банднинг иккинчи хатбоши Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2010 йил 13 майдаги 90-сон қарори таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2010 й., 18-19-сон, 141-модда)
лойиҳалаш ташкилотлари томонидан берилган йўл инфратузилмаси ва сервиси объектларининг тасдиқланган лойиҳаларидан ҳар қандай четга чиқиш юқорида кўрсатиб ўтилган Комиссия томонидан ушбу объектларнинг харажатларини тўламасдан бузиб ташланиши юзасидан қарор қабул қилиниши учун асос ҳисобланади;
маҳаллий ҳокимият ва бошқарув органлари, Республика йўл жамғармаси, хусусий тадбиркор-қурувчилар йўл инфратузилмаси ва сервиси объектларини қуриш бўйича лойиҳаларнинг буюртмачилари бўлишлари мумкин.
Кейинги таҳрирга қаранг.
6. Белгилаб қўйилсинки:
Ўзбекистон миллий автомагистрали бўйлаб йўл инфратузилмаси ва сервиси объектларини қуриш учун ер участкалари ажратиш қатъиян ушбу қарор билан ташкил этилган Комиссиянинг қарорлари асосида амалга оширилади;
Ўзбекистон миллий автомагистрали бўйлаб йўл инфратузилмаси ва сервиси объектларини янгидан қуриш ва реконструкция қилиш фақат белгиланган тартибда тасдиқланган лойиҳалар асосида амалга оширилади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
7. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари белгиланган тартибда:
Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, «Ўзавтойўл» давлат-акциядорлик компанияси, «Ўзбекнефтгаз» миллий холдинг компанияси ҳамда бошқа манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда 2010 йил 1 июлгача бўлган муддатда қўриқланадиган зонада ҳамда Ўзбекистон миллий автомагистралининг йўл инфратузилмаси ва сервиси объектларини жойлаштиришга мўлжалланган қўриқланадиган зонасига туташ ҳудудда жойлашган, шаҳарсозлик норма ва қоидаларига жавоб бермайдиган бино ва иншоотларнинг бузиб ташланишини;
йўл инфратузилмаси ва сервиси объектларига, шунингдек кўчириладиган объектлар қайта жойлаштириладиган жойларга зарур муҳандислик коммуникацияларини объектлар қурилишидан олдин ўтказиш чора-тадбирлари кўрилишини;
Ўзбекистон Республикаси «Давархитектқурилиш» қўмитаси билан биргаликда — Ўзбекистон миллий автомагистрали бўйлаб йўл инфратузилмаси ва сервиси объектлари қуриш учун ер участкалари ажратиш бўйича Низом талабларига қатъий ва сўзсиз риоя этилишини таъминласинлар.
8. Ўзбекистон Республикаси «Давархитектқурилиш» қўмитаси йўл инфратузилмаси ва сервиси объектларининг лойиҳа-смета ҳужжатлари экспертизадан ўтказилишини, шунингдек қурилиш-монтаж ишлари сифати юзасидан белгиланган тартибда тизимли назорат амалга оширилишини таъминласин.
9. Вазирликлар ва идоралар, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари бир ой муддатда ўз норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини ушбу қарорга мувофиқлаштирсинлар.
10. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири Ш.М. Мирзиёев зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти И. КАРИМОВ
Тошкент ш.,
2009 йил 22 октябрь,
277-сон
Вазирлар Маҳкамасининг 2009 йил 22 октябрдаги 277-сон қарорига
2-ИЛОВА
2-ИЛОВА
Ўзбекистон миллий автомагистрали бўйлаб йўл инфратузилмаси ва сервиси объектлари қуриш учун ер участкалари ажратиш бўйича
НИЗОМ
I. Умумий қоидалар
1. Ушбу Низом Ўзбекистон миллий автомагистрали бўйлаб йўл инфратузилмаси ва сервиси объектлари қуриш учун ер участкалари танлаш ва ажратиш тартибини белгилайди.
2. Ушбу Низомда қуйидаги тушунчалардан фойдаланилади:
йўл инфратузилмаси ва сервиси объектлари — юк ва ташкилий равишда йўловчилар ташишга, шунингдек йўл ҳаракати қатнашчиларига хизмат кўрсатиш учун бир мақсадли битта ёки комплекс таркибидаги бинолар ва иншоотлар;
ҳайдовчилар ва йўловчиларнинг дам олишини таъминлашга оид объектлар — кемпинглар, мотеллар, шунингдек санитария-гигиена узеллари ва автомобиллар тўхташ жойларидан иборат бўлган қисқа муддатли дам олиш майдончалари;
транспорт воситаларига техник хизмат кўрсатиш объектлари — автомобилларга ёнилғи қуйиш шохобчалари, техник хизмат кўрсатиш станциялари ва техник ёрдам кўрсатиш пунктлари;
автотранспорт объектлари — автовокзаллар, юк автостанциялари, асосий транспорт-фойдаланиш терминаллари, диспетчерлик-назорат пунктлари;
тиббий ва авария ёрдами объектлари — тиббиёт пунктлари, дорихоналар, авария-чақириш хизмати, шошилинч чақириш колонкаси;
кемпинг — ҳайдовчилар ва йўловчиларнинг дам олишига, овқатланишига, шунингдек ягона ҳудудда жойлашган транспорт воситаларига техник хизмат кўрсатишга мўлжалланган йўл инфратузилмаси ва сервисининг комплекс бинолари ва иншоотлари;
мотель — овқатланиш, маданий дам олиш, алоқа, тиббий ёрдам, майда техник хизмат кўрсатиш ва транспорт воситаларини ювишни таъминлаш бўйича комплекс хизматлар кўрсатиладиган, автотуристларнинг дам олиши учун мўлжалланган йўл инфратузилмаси ва сервисининг комплекс бинолари ва иншоотлари.
3. Йўл инфратузилмаси ва сервиси объектлари қуйидаги йўналишлар бўйича хизматлар кўрсатади:
ҳайдовчилар ва йўловчилар, автотуристларнинг дам олишини таъминлаш;
транспорт воситаларига техник хизмат кўрсатиш;
автотранспорт хизмати;
тиббий ёрдам ва авария ҳолатида ёрдам бериш.
4. Ўзбекистон миллий автомагистрали бўйлаб йўл инфратузилмаси ва сервиси объектларини комплекс мақбул жойлаштириш, шу жумладан техник хизмат кўрсатиш станциялари, автомобилларга ёқилғи қуйиш шохобчалари, овқатланиш ва савдо пунктларининг қулай жойлашиши объектларни жойлаштиришга қўйиладиган асосий талаблар ҳисобланади.
5. Ўзбекистон миллий автомагистрали бўйлаб йўл инфратузилмаси ва сервиси объектлари Ўзбекистон миллий автомагистралининг муҳофаза зонаси чегарасига туташ ҳудудда жойлаштирилади. Ўзбекистон миллий автомагистрали қўриқлаш зонаси полосасининг кенглиги тасдиқланган шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларига мувофиқ йўлнинг ҳар бир томонида 25 метрни ташкил этади
6. Зарур бинолар ва иншоотлар комплексини (кемпинг, мотель) мақбул жойлаштириш атроф муҳитни муҳофаза қилишга, хизмат кўрсатиш даражасига ва йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлашга қўйиладиган талабларга мувофиқ эстетик талабларни, минтақавий хусусиятларни ва ландшафт шарт-шароитларини ҳисобга олган ҳолда амалга оширилиши керак.
Кемпинглар ва мотеллар аҳоли пунктлари четида ёки унинг ташқарисида, имкони борича, туристлар ва ҳаракатнинг бошқа қатнашчилари учун жозибали бўлган хушманзара жойларда, асосан қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқариши учун кам қийматли бўлган, Ўзбекистон миллий автомагистралининг муҳофаза зонаси чегарасига туташ ҳудудга бевосита туташган йўл участкаларида жойлаштирилади.
Транзит мотеллар ва кемпинглар сиғими (ётоқ жойлар сони) ўтадиган автотуристлар сони ҳамда шаҳарлараро ҳамда халқаро йўловчилар ва юк ташиш автомобиллари ҳаракати жадаллиги ҳисобга олинган ҳолда қабул қилиниши керак.
Кемпинглар ва мотеллар бир-биридан шахмат тартибида йўлнинг ҳар икки томонида жойлаштирилиши керак. Кемпинглар ва мотеллар оралиғидаги масофа 100 километрдан ортиқ бўлмаслиги керак.
7. Дам олиш майдончалари ҳар 15—20 километрда жойлаштирилиши керак. Дам олиш майдончалари ҳудудида автомобилларни техник кўрикдан ўтказиш учун иншоотлар ва савдо пунктлари назарда тутилиши мумкин.
8. Автомобилларга ёқилғи қуйиш шохобчаларини ва техник хизмат кўрсатиш станцияларини жойлаштириш, уларнинг қувватини белгилаш техник-иқтисодий ва статистик ўрганишлар асосида амалга оширилиши керак. Автомобилларга ёқилғи қуйиш шохобчалари (бир суткада ёқилғи қуйишлар сони) қуввати, автомобилларга техник хизмат кўрсатиш станциялари постлари сони ва улар оралиғидаги масофа автомобиллар ҳаракати жадаллигига қараб ШНК 2.05.02-07 «Автомобиль йўллари» бўйича ҳисоб-китоблар асосида амалга оширилади.
Автомобиль сервиси бинолари ва иншоотларини жойлаштиришда энергия, сув таъминоти ва хизмат кўрсатувчи ходимларнинг мавжудлиги, шунингдек уларни янада ривожлантириш имконияти ҳисобга олиниши зарур.
9. Объектларни лойиҳалаштириш шаҳарсозлик нормалари ва қоидалари талаблари ҳисобга олинган ҳолда амалга оширилиши керак.
Объектларни жойлаштиришда ерлардан экология, санитария жиҳатидан, шунингдек оқилона фойдаланиш ва уни муҳофаза қилишга қўйиладиган талаблар қонун ҳужжатларига мувофиқ белгиланади.
10. Ўзбекистон миллий автомагистрали бўйлаб йўл инфратузилмаси объектлари қуриш учун ер участкалари шаҳарсозлик фаолияти учун ер участкаси ажратиш тартибида, Комиссиянинг ваколатларига мувофиқ, юридик ва жисмоний шахсларнинг аризалари асосида икки босқичда ажратилади:
биринчи босқичда — Ўзбекистон миллий автомагистрали бўйлаб йўл инфратузилмаси ва сервиси объектларини лойиҳалаштириш учун ер участкаси танланади;
иккинчи босқичда — Ўзбекистон миллий автомагистрали бўйлаб йўл инфратузилмаси ва сервиси объектлари қуриш учун ер участкаси материаллари тайёрланади, келишилади ва тасдиқланади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
II. Объектлар қуриш учун ер участкаси танлаш тартиби
Кейинги таҳрирга қаранг.
11. Объектларни лойиҳалаштириш учун ер участкаси танлашни келишиш Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари томонидан тақдим этилган таклифлар асосида Ўзбекистон миллий автомагистрали бўйлаб йўл инфратузилмаси ва сервиси объектларини жойлаштиришни кўриб чиқиш ва келишиш бўйича Комиссия (кейинги ўринларда Комиссия деб юритилади) томонидан амалга оширилади.
12. Туманлар (шаҳарлар) архитектура ва қурилиш бўлимлари (бошқармалари) объектларни жойлаштириш ва қуриш учун участка танлашга доир ҳужжатларни тайёрлаш бўйича Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликларининг ишчи органи ҳисобланади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
13. Ўзбекистон миллий автомагистрали бўйлаб йўл инфратузилмаси ва сервиси объектларини қуриш учун ер участкаси танланишидан (берилишидан) манфаатдор бўлган юридик ва жисмоний шахслар сўралаётган ер участкаси жойлашган жойдаги туман (шаҳар) ҳокими номига ариза берадилар.
Кейинги таҳрирга қаранг.
14. Туман (шаҳар) ҳокими бир иш куни мобайнида юридик ёки жисмоний шахснинг аризасини қурилиш объектини жойлаштириш тўғрисида таклиф киритиш учун ишчи органга юборади.
15. Ишчи орган юридик ёки жисмоний шахс томонидан ариза берилган кундан бошлаб беш иш куни мобайнида Комиссияга киритиш учун объектни жойлаштиришнинг қуйидаги ҳужжатларини тайёрлайди ва Қорақалпоғистон Республикаси Давлат архитектура ва қурилиш қўмитасига, вилоятлар архитектура ва қурилиш бош бошқармаларига тақдим этади:
объектнинг номи, шу жумладан, унинг қуввати (паспорти), объектни қуриш назарда тутилаётган Ўзбекистон миллий автомагистрали йўл участкаси манзили (км) кўрсатилган ҳолда туман (шаҳар) ҳокими номига ариза;
йўл инфратузилмаси ва сервиси объектининг белгиланган тартибда тасдиқланган намунавий лойиҳаси;
ер участкасининг тавсифи (бош режаларга эга бўлмаган аҳоли пунктлари ва туманнинг қишлоқлараро ҳудуди учун — тегишли аҳоли пунктининг М 1:2000 навбатчи режасидан кўчирма, М 1:10000 топографик сурат) — туман (шаҳар) ҳокими ҳамда туман (шаҳар)нинг манфаатдор ташкилотлари билан келишилган вазият режаси билан бирга;
Ўзбекистон миллий автомагистрали участкаси қамраб олинган ҳолда, ер участкасининг камида икки томонининг атрофдаги объектлари акс эттирилган фотосурати (15х20).
Кейинги таҳрирга қаранг.
Кейинги таҳрирга қаранг.
16. Қорақалпоғистон Республикаси Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси, вилоятлар архитектура ва қурилиш бош бошқармалари келишиш учун тақдим этилган ҳужжатларни икки иш куни мобайнида кўриб чиқадилар.
Ўзбекистон миллий автомагистрали бўйлаб йўл инфратузилмаси ва сервиси объектларини жойлаштиришни келишишда ҳужжатлар:
Ўзбекистон миллий автомагистралининг вилоят марказлари ва шаҳар аҳоли пунктлари чегараси бўйлаб ўтадиган участкалари бўйича — «ЎзшаҳарсозликЛИТИ» очиқ акциядорлик жамиятига;
Ўзбекистон миллий автомагистралининг Тошкент ва Самарқанд шаҳарлари, шунингдек Тошкент вилоятининг шаҳар аҳоли пунктлари чегаралари бўйлаб ўтадиган участкалари бўйича — «ТошкентбошпланЛИТИ" давлат унитар корхонасига;
Ўзбекистон миллий автомагистралининг қишлоқ аҳоли пунктларидан ва қишлоқлараро ҳудуддан ўтадиган участкалари бўйича — «Қишлоққурилишлойиҳа» масъулияти чекланган жамиятга юборилади.
Тақдим этилган ҳужжатлар тегишли лойиҳа ташкилотлари томонидан уч иш куни мобайнида келишилади.
17. Қорақалпоғистон Республикаси Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси, вилоятлар архитектура ва қурилиш бош бошқармалари «ЎзшаҳарсозликЛИТИ» очиқ акциядорлик жамияти, «ТошкентбошпланЛИТИ» давлат унитар корхонаси лойиҳа-қидирув ташкилотлари, «Қишлоққурилишлойиҳа» масъулияти чекланган жамият лойиҳа-қидирув институти уч иш куни мобайнида Ўзбекистон миллий автомагистрали участкаларида қурилиш объектларининг жойлашиши схемасига мувофиқ шаҳарсозлик ҳужжатлари асосида объектларни жойлаштиришни кўриб чиқадилар.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Ўзбекистон миллий автомагистрали бўйлаб йўл инфратузилмаси ва сервиси объектларини жойлаштириш схемаси «Йўл-лойиҳа бюроси» масъулияти чекланган жамият лойиҳа институти томонидан ишлаб чиқилади, Қорақалпоғистон Республикаси Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси, вилоятлар архитектура ва қурилиш бош бошқармалари билан келишилади ҳамда Комиссия қарори билан тасдиқланади.
18. Ўзбекистон миллий автомагистрали бўйлаб йўл инфратузилмаси ва сервиси объектларини жойлаштиришни лойиҳа-қидирув ташкилотлари билан келишишда ҳужжатлар уч иш куни мобайнида Қорақалпоғистон Республикаси Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси, вилоятлар архитектура ва қурилиш бош бошқармалари томонидан кейинчалик Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашининг Раиси, вилоятлар ҳокимлари ёки уларнинг биринчи ўринбосарлари (фақат биринчи шахс вақтинча бўлмаган ҳолларда) томонидан имзоланган илова хат билан биргаликда келишиш мақсадида Комиссияга юбориш учун Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашига ва вилоятлар ҳокимликларига тақдим этилади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Кўрсатиб ўтилган барча ҳужжатлар асл нусхада, уларга асл нусханинг бир нусхаси илова қилинган ҳолда киритилади.
Юридик ва жисмоний шахснинг аризаси берилган кундан бошлаб ҳужжатлар Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари томонидан Комиссияга тақдим этилгунигача умумий муддат ўн иш кунидан ошмаслиги керак.
Кейинги таҳрирга қаранг.
19. Комиссия тақдим этилган ҳужжатлар олинган пайтдан бошлаб ўн беш кун мобайнида уларни кўриб чиқади ва баённома билан расмийлаштириладиган тегишли қарор қабул қилади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
20. Комиссия мажлиси баённомаси Комиссия раиси ёки унинг ўринбосари (биринчи шахс вақтинча бўлмаганда) томонидан тасдиқланади.
Комиссия қарори Комиссия аъзоларининг оддий кўпчилик овози билан қабул қилинади. Овозлар тенг бўлган тақдирда Комиссия раисининг овози ҳал қилувчи ҳисобланади.
Комиссия аъзолари Комиссиянинг қарорига рози бўлмаган тақдирда ўзларининг асосланган хулосаларини баённомага илова қилиш ҳуқуқига эгадир.
21. Комиссия мажлиси баённомаси Комиссия раиси томонидан тасдиқлангандан кейин уч иш куни мобайнида кўриб чиқиладиган барча ҳужжатлар илова қилинган ҳолда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашига ва вилоятлар ҳокимликларига юборилади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Объектни жойлаштиришни рад этиш ҳақида қарор қабул қилинган тақдирда баённомада бундай рад этишнинг сабаби кўрсатилади.
22. Комиссия баённомасининг асл нусхаси Комиссия котибида — Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашида — вилоятлар ҳокимликларида, Қорақалпоғистон Республикаси Давлат архитектура ва қурилиш қўмитасида, вилоятлар архитектура ва қурилиш бош бошқармаларида сақланади.
23. Комиссия томонидан ер участкасини танлаш ва объектларни жойлаштириш бўйича ижобий қарор қабул қилинган тақдирда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ҳокимликлари бир иш куни мобайнида ҳужжатларни Ўзбекистон миллий автомагистрали бўйлаб жойлашган ер участкасини танлашга доир материалларни тайёрлаш учун Ишчи органга юборади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
24. Ишчи орган ўн иш куни мобайнида жисмоний ёки юридик шахс билан шартнома асосида, Ўзбекистон Республикаси «Ергеодезкадастр» давлат қўмитасининг ваколатли бўлинмаларини (объектлар аҳоли пунктларидан ташқарида жойлаштирилган тақдирда) ва бошқа манфаатдор ташкилотларни жалб этган ҳолда ер участкасини танлаш ва қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда уни олиш шартлари бўйича материалларни тайёрлайди.
Ер участкаси танлаш бўйича материалларни келишувчи ташкилотлар материаллар олингандан кейин беш иш куни мобайнида уларни кўриб чиқади ва ўзларининг асосланган хулосаларини Ишчи органга тақдим этади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
25. Ишчи орган ер участкасини танлаш бўйича материалларни тасдиқлаш учун Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашига, вилоятлар ҳокимликларига қуйидаги таркибда тақдим этади:
объектни жойлаштириш материаллари;
белгиланган тартибда расмийлаштирилган ер участкаси чегараси режаси;
ер участкасини танлаш бўйича материаллар келишиладиган ташкилотларнинг хулосалари;
ер участкалари мулкдорлари, эгалари, фойдаланувчилар ва ижарачиларнинг кўрадиган бошқа зарарлари, шунингдек қишлоқ хўжалиги ва ўрмон хўжалиги ишлаб чиқаришининг йўқотишлари (зарурият бўлганда) миқдорини аниқлаш далолатномаси;
ер участкаси ўрмон хўжалиги корхоналари ерларидан олинган тақдирда ажратиладиган ер участкасини техник текшириш далолатномаси (зарурият бўлганда);
Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг Давлат экология экспертизаси хулосаси;
танланган ер участкасининг ер ҳақидаги қонунлар талабларига мувофиқлиги тўғрисида туман (шаҳар) ер ресурслари ва давлат кадастри бўлимининг хулосаси;
ер участкаси олиб қўйилаётган юридик ва жисмоний шахслар билан келишишга оид ҳужжатлар.
Кўрсатиб ўтилган барча ҳужжатлар нусхалари илова қилинган ҳолда асл нусхада киритилади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
26. Ишчи орган томонидан тақдим этилган материаллар асосида Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоят ҳокими уч иш куни мобайнида ер участкасини танлаш бўйича материалларни намунавий лойиҳани аниқ бир ер участкасига тўғрилаш учун тасдиқлайди ва ўз қарорини ер участкасини танлаш бўйича ҳужжатлар йиғмажилдини шакллантириш ишларини ташкил этиш учун тегишли равишда туман (шаҳар) архитектура бўлимига (бошқармасига) юборади.
Ер участкасини танлаш бўйича ҳужжатлар йиғмажилди уч нусхада расмийлаштирилади, унинг бир нусхаси ўзи учун ер участкаси танланган юридик ва жисмоний шахсга берилади, иккинчи нусхаси — Ишчи органга, учинчи нусхаси туман (шаҳар) ер ресурслари ва давлат кадастри бўлимига берилади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
27. Ер участкасини танлаш бўйича материаллар тасдиқлангандан кейин юридик ёки жисмоний шахснинг аризаси ва белгиланган тартибда ишлаб чиқилган бирламчи-рухсат берувчи ҳужжатлар асосида лойиҳа ташкилоти томонидан қурилиш объектининг намунавий лойиҳаси тўғриланади, шунингдек Қорақалпоғистон Республикаси Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси ҳузуридаги ёки вилоят архитектура ва қурилиш бош бошқармаси ҳузуридаги архитектура-шаҳарсозлик кенгаши билан келишиш амалга оширилади.
Қурилиш лойиҳасини келишиш архитектура-шаҳарсозлик кенгаши томонидан тўлов ундирилмасдан уч иш куни мобайнида амалга оширилади.
Қурилишнинг келишилган лойиҳаси белгиланган тартибда Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларнинг экспертиза бошқармалари томонидан амалга ошириладиган давлат экспертизасидан ўтказилади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
28. Давлат ҳокимияти органи лойиҳа ишлаб чиқилиши мониторингини олиб бораётган Ишчи органнинг асосланган тақдимномаси асосида ўзи учун ер участкаси танланган юридик ёки жисмоний шахс томонидан ер участкасини танлаш тўғрисида қарор қабул қилингандан кейин уч ой мобайнида объект бўйича лойиҳа ишлари бошланмаган ҳолларда ўз қарорини бекор қилиш ҳуқуқига эга.
Кейинги таҳрирга қаранг.
III. Объектлар қуриш учун ер участкаси ажратиш тартиби
Кейинги таҳрирга қаранг.
29. Объект қуриш лойиҳаси келишилгандан ва тасдиқлангандан кейин юридик ва жисмоний шахс ер участкаси ажратиш тўғрисида Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашига ва вилоят ҳокимига ариза беради.
Аризага қуйидагилар илова қилинади:
ер участкасини танлаш бўйича материаллар;
қуриш навбати кўрсатилган ҳолда объектнинг бош режаси нусхаси;
қурилиш лойиҳасини қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ваколатли давлат органлари билан келишиш тўғрисидаги ҳужжатлар;
қурилиш лойиҳасини Қорақалпоғистон Республикаси Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси, вилоят архитектура ва қурилиш бош бошқармаси ҳузуридаги архитектура-шаҳарсозлик кенгаши билан келишиш баённомаси нусхаси;
объект қурилиши лойиҳаси бўйича экспертиза органининг хулосаси.
Кейинги таҳрирга қаранг.
30. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоят ҳокими икки иш куни мобайнида юридик ва жисмоний шахснинг ер участкаси бериш тўғрисидаги аризасини ер участкаси ажратиш ишларини ташкил этиш учун Ишчи органга юборади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
31. Ишчи орган ўн беш иш куни мобайнида, белгиланган тартибда объектни қуриш учун ер участкаси ажратишга доир ҳужжатларни тайёрлайди.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Кейинги таҳрирга қаранг.
32. Ер участкаси ажратишга доир ҳужжатлар ер участкасини танлашга доир ҳужжатлар ҳамда белгиланган тартибда келишилган ва тасдиқланган объект қурилиши лойиҳаси асосида тузилади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
33. Қишлоқ хўжалигида қишлоқ хўжалигидан ташқари мақсадларда фойдаланиладиган ерларни ажратиш уларнинг амалда зарурлиги ва, қоидага кўра, уларда етиштирилган ҳосил йиғиштириб олингандан кейин амалга оширилади.
34. Ер участкаси ажратишга доир материалларни ишлаб чиқиш жараёнида қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ер участкаларининг эгалари, фойдаланувчилар, ижарачилар ва мулкдорларга етказилиши мумкин бўлган зарарлар ҳажми, шунингдек қишлоқ хўжалиги ва ўрмон хўжалиги ишлаб чиқариши йўқотишлари аниқлаштирилади.
35. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ёки вилоят ҳокими уч иш куни мобайнида ўз ваколатлари доирасида, Ишчи орган томонидан тайёрланган материаллар асосида, объект қурилиши учун ер участкаси ажратиш тўғрисида қарор қабул қилади.
Ер участкаси ажратишга доир материаллар нусхаси давлат ҳокимияти органларининг қарори илова қилинган ҳолда ер участкаси чегараларини натурага тушириш ва объектни қуриш учун Ишчи органга берилади.
36. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ёки вилоят ҳокимининг ер участкасига доир материалларни тасдиқлаш тўғрисидаги қарорида қуйидаги масалалар акс эттирилиши керак:
ер участкаси кимга ва қандай мақсадларда ажратилмоқда, шунингдек ер уларнинг ерларидан олинаётган (сотиб олинаётган) мулкдорлар, ер эгалари, фойдаланувчилар ва ижарачиларнинг номи;
ер участкалари мулкдорлари, эгалари, фойдаланувчилар ва ижарачилар бўйича ер майдонидан (мавжуд бўлганда) берилаётган ер участкасининг умумий майдони, шунингдек олиб қўйилаётган қишлоқ хўжалиги экин майдонининг сифати (бонитет баллари);
ер участкалари мулкдорлари, эгалари, фойдаланувчилар ва ижарачиларга қопланиши керак бўлган (мавжуд бўлганда) зарарлар ҳажми;
қишлоқ хўжалиги ва ўрмон хўжалиги ишлаб чиқариши йўқотишлари ҳажми (мавжуд бўлганда);
тупроқнинг унумдор қатламини ажратиб олиш зарурлиги (мавжуд бўлганда);
сув муҳофазаси, экология, санитария талаблари, бошқа шартлар ва талаблар.
Кейинги таҳрирга қаранг.
IV. Якунловчи қоидалар
Кейинги таҳрирга қаранг.
37. Комиссияга тақдим этиладиган ҳужжатларнинг ҳаққонийлиги учун Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашининг Раиси ва вилоятлар ҳокимлари жавоб берадилар.
38. Ушбу Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Вазирлар Маҳкамасининг 2009 йил 22 октябрдаги 277-сон қарорига
3-ИЛОВА
3-ИЛОВА
Ўзбекистон миллий автомагистрали бўйлаб йўл инфратузилмаси ва сервиси объектларини жойлаштирилишини кўриб чиқиш ва келишиш комиссияси таркиби
| Хўжаев Б.А. | — | Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари, Комиссия раиси |
| Тохтаев А.Р. | — | «Давархитектқурилиш» қўмитаси раисининг ўринбосари, Комиссия раисининг ўринбосари |
| Салихов Ф.М. | — | Вазирлар Маҳкамасининг Коммунал соҳа, транспорт, капитал қурилиш ва қурилиш индустрияси масалалари ахборот-таҳлил департаменти бош мутахассиси, Комиссиянинг масъул котиби |
| Абдуллаев М.А. | — | «Ўзавтойўл» ДАК бошқаруви раиси |
| Арабов С.А. | — | «Ергеодезкадастр» давлат қўмитаси раиси |
| Мусаев Д.О. | — | Давлат мулки қўмитаси раиси |
| Ахмедбоев А.А. | — | Ички ишлар вазирининг ўринбосари |
| Ниёзматов Б.И. | — | Соғлиқни сақлаш вазирининг ўринбосари, Ўзбекистон Республикаси Бош санитария врачи |
| Шукуров Ж.М. | — | Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Республика йўл жамғармаси директори |
| Эсанов М.Т. | — | Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирининг биринчи ўринбосари |
| Ҳакимов З.Л. | — | «Ўзбектуризм» миллий компанияси раиси |
| Алимов Б.Д. | — | «Ўзнефтгазқурилишинвест» АК бош директори |
| Шоназаров Ш.Т. | — | «Давархитектқурилиш» қўмитасининг архитектура ва шаҳарсозлик бошқармаси бошлиғи |
| Леннешмидт Э.Ф. | — | «Ўзшаҳарсозлик ЛИТИ» ОАЖ лойиҳа-қидирув ташкилоти директори в.б. |
| Акопжанян В.А. | — | «Тошкентбошплан ЛИТИ» ДУК лойиҳа-қидирув ташкилоти директори |
| Солихўжаев И.И. | — | «Қишлоққурилишлойиҳа» МЧЖ лойиҳа-қидирув институти директори |
| Каримов А.А. | — | «Йўл-лойиҳа бюроси» МЧЖ лойиҳалаш институти бош директори |
| лавозимига кўра | — | Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раисининг биринчи ўринбосари, вилоятлар ҳокимларининг қурилиш масалалари бўйича ўринбосарлари. |
* Изоҳ. Комиссия аъзолари бошқа ишга ўтган тақдирда унинг таркибига ушбу лавозимга янгидан тайинланган ёхуд тегишли функцияларни бажариш зиммасига юкланган шахслар киритилади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Кейинги таҳрирга қаранг.
(Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2009 й., 43-сон, 458-модда; 2010 й., 18-19-сон, 141-модда, 52-сон, 512-модда; 2014 й., 31-сон, 380-модда; 2016 й., 21-сон, 233-модда; 2017 й., 35-сон, 931-модда; Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 03.07.2018 й., 09/18/493/1426-сон; 14.05.2019 й., 09/19/397/3123-сон; 08.07.2020 й., 09/20/429/1039-сон)