Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти ҳамда олий ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълимини ривожлантириш марказига бинолар ажратиш тўғрисида
Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 22 февралдаги 87-сонли «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг ўз аҳамиятини йўқотган айрим қарорларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида (Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўз аҳамиятини йўқотган қонунчилик ҳужжатларини қайта кўриб чиқиш тизимини жорий этиш орқали мамлакатда ишбилармонлик муҳитини яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида» 2020 йил 27 сентябрдаги ПФ-6075-сон Фармони)»ги қарорига асосан ўз кучини йўқотган.
Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти талабаларининг таълим-тарбия олишларига қулай шарт-шароитлар яратиш ҳамда Олий ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълимини ривожлантириш маркази фаолиятини мувофиқлаштириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Тошкент шаҳар ҳокимлиги ва Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг:
Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти балансига Тошкент шаҳар, Яккасарой тумани, Усмон Носир кўчаси (Ш. Руставели), 25-уй манзилидаги бинони;
Олий ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълимини ривожлантириш маркази балансига Тошкент шаҳар, Собир Раҳимов тумани, 2-Чимбой кўчаси, 96-уй (кино-видео коллежининг собиқ ётоқхонаси) манзилида жойлашган бинони ҳақ олмасдан ўтказиш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.
Кейинги таҳрирга қаранг.
2. Тошкент шаҳар ҳокимлиги бир ой муддатда:
Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти ва Олий ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълимини ривожлантириш марказини янги биноларга кўчириш;
Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институтининг Тошкент шаҳар, Миробод тумани, Олмачи кўчаси, 32-уйда жойлашган ўқув биносида вақтинча истиқомат қилаётган фуқароларни ҳамда ижарада турган ташкилотларни бошқа жойга кўчириш масалаларини ҳал этсин.
3. Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ва Тошкент шаҳар ҳокимлигига биноларни капитал таъмирлаш ва реконструкция қилиш учун барча лойиҳа-смета ҳужжатларини тайёрлаш, уларни экспертизадан ўтказиш, тендер савдоларини ташкил этиш топширилсин.
4. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги:
Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти биносини таъмирлаш учун ишлаб чиқилган лойиҳа-смета ҳужжатларига асосан таъмирлаш ишлари харажатларини қоплаш учун зарур маблағларни 2007 йилги Давлат бюджети параметрларида ижтимоий соҳага белгиланган маблағлар доирасида ажратсин;
Олий ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълимини ривожлантириш марказига берилган бинони капитал таъмирлаш ва реконструкция қилиш учун белгиланган тартибда тақдим этилган лойиҳа-смета ҳужжатлари асосида маблағ ажратишни режага киритсин;
Кейинги таҳрирга қаранг.
Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Ўзбекистон Бадиий академияси билан биргаликда Олий ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълимини ривожлантириш маркази ҳамда Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институтининг 2007 йилги харажатлар сметасига тегишли ўзгартиришлар киритилишини таъминласин.
5. Ўзбекистон алоқа ва ахборотлаштириш агентлиги амалда фойдаланиб келаётган барча телефон ва телекоммуникация алоқаларини, шу жумладан, ҳукумат телефонини белгиланган тартибда Марказ ихтиёрида қолдириш масаласини ҳал этсин.
6. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Р.С.Қосимов ва Тошкент шаҳар ҳокими А.Х.Тўхтаев зиммаларига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири Ш. МИРЗИЁЕВ
Тошкент ш.,
2007 йил 1 октябрь,
207-сон