Ўзбекистон Республикасининг Қонуни
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ СОЛИҚ КОДЕКСИНИНГ 256-МОДДАСИГА ЎЗГАРТИШ ВА ҚЎШИМЧА КИРИТИШ ТЎҒРИСИДА
Қонунчилик палатаси томонидан 2009 йил 24 июнда қабул қилинган
Сенат томонидан 2009 йил 28 августда маъқулланган
Сенат томонидан 2009 йил 28 августда маъқулланган
Мазкур Қонун Ўзбекистон Республикасининг 2020 йил 7 январдаги ЎРҚ-601-сонли «Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодекси қабул қилиниши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартишлар ва қўшимча киритиш, шунингдек айрим қонун ҳужжатларини ўз кучини йўқотган деб топиш тўғрисида»ги Қонунига асосан ўз кучини йўқотган.
1-модда. Ўзбекистон Республикасининг 2007 йил 25 декабрда қабул қилинган ЎРҚ-136-сонли Қонуни билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодекси (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2007 йил, 12-сонга 1-илова; 2008 йил, № 12, 639-модда) 256-моддасига қуйидаги ўзгартиш ва қўшимча киритилсин:
1) биринчи қисм «Чет эллик инвестор» деган сўзлардан кейин «маҳсулот тақсимотига оид битимлар тўғрисидаги қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолларни истисно этганда» деган сўзлар билан тўлдирилсин;
2) иккинчи қисм қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«Ушбу модда биринчи қисмининг 1 — 5-бандларида назарда тутилган солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар (ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқ бундан мустасно), агар маҳсулот тақсимотига оид битимда бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, Ўзбекистон Республикасининг резидентлари учун белгиланган ставкалар бўйича ундирилади. Ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқ ва акциз солиғи Ўзбекистон Республикасининг резидентлари учун белгиланган ставкалар бўйича ундирилади».
2-модда. Ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Ўзбекистон Республикаси Президенти И. КАРИМОВ
Тошкент ш.,
2009 йил 10 сентябрь,
ЎРҚ-217-сон
(Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2009 й., 37-сон, 404-модда)