Ўзбекистон Республикаси Президентининг
Фармони
ЎРТА ОСИЁ ТЕМИР ЙЎЛИнИНГ ҚАРШИ БЎЛИМИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ ТЎҒРИСИДА
Туркманистон темир йўли ташкил этилиши муносабати билан ва Қашқадарё вилояти ҳудудида темир йўл орқали юк ва йўловчилар ташишни бошқариш самарадорлигини таъминлаш мақсадида:
1. 1992 йилнинг 1 январидан бошлаб Ўрта Осиё темир йўлининг Қарши бўлими ташкил этилиб, унинг таркибига Қашқадарё ва Самарқанд вилоятлари ҳудудларида жойлашган темир йўл участкалари, станциялари, разъездлари ҳамда темир йўл транспортининг бошқа корхоналари ва ташкилотлари киритилсин.
2. Ўрта Осиё темир йўли бошқармасига Қашқадарё, Бухоро ва Самарқанд вилоятлари ижроия комитетлари билан келишиб, темир йўлнинг ана шу бўлими чегарасини, унга кирувчи корхоналар ва ташкилотлар рўйхатини, шунингдек уларни иқтисодий ва ижтимоий ривожлантиришга оид тадбирларни белгилаш топширилсин.
Ўзбекистон Республикасининг Президенти И. КАРИМОВ
Тошкент ш.,
1992 йил 17 январь,
ПФ-320-сон
(Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг Ахборотномаси, 1992 й., 3-сон, 112-модда)