Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
«НАВОИЙ» ЭРКИН ИНДУСТРИАЛ-ИҚТИСОДИЙ ЗОНАСИ ФАОЛИЯТИНИ ТАРТИБГА СОЛИШ ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Навоий вилоятида эркин индустриал-иқтисодий зона ташкил этиш тўғрисида» 2008 йил 2 декабрдаги ПФ-4059-сон Фармонини бажариш юзасидан Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Қуйидагилар:
Олдинги таҳрирга қаранг.
(1-банднинг иккинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 29 декабрдаги 418-сонли қарорига асосан чиқарилган — ЎР ҚҲТ, 2017 й., 1-сон, 12-модда)
«Навоий» эркин индустриал-иқтисодий зонасида жойлаштириш учун инвесторларни танлаш тартиби тўғрисидаги низом 2-иловага мувофиқ;
хўжалик юритувчи субъектларни «Навоий» эркин индустриал-иқтисодий зонасининг хўжалик фаолияти қатнашчилари сифатида рўйхатдан ўтказиш ва улар томонидан тадбиркорлик фаолияти амалга оширилиши тартиби тўғрисидаги низом 3-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Олдинги таҳрирга қаранг.
2. Навоий вилояти ҳокимлиги:
Навоий вилоятининг Кармана туманидаги «Дўстлик» агрофирмасининг 300, 302, 303, 313, 314, 317, 318, 319, 329, 336, 337, 338, 343, 344 контурларида жойлашган, доимий эгалик қилинадиган 120,96 гектар ер участкасини белгиланган тартибда ажратсин ҳамда турар жой комплекси қуриш учун Кореянинг «KOREAN AIR» компаниясига доимий фойдаланишга берсин;
ер участкасига бўлган ҳуқуқни тасдиқловчи ҳужжатларнинг белгиланган тартибда расмийлаштирилишини таъминласин.
(2-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2009 йил 24 августдаги 249-сон қарори таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2009 й., 35-сон, 385-модда)
3. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари Р.С. Азимов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Ш. МИРЗИЁЕВ
Тошкент ш.,
2009 йил 9 апрель,
105-сон
Олдинги таҳрирга қаранг.
(1-илова Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 29 декабрдаги 418-сонли қарорига асосан ўз кучини йўқотган — ЎР ҚҲТ, 2017 й., 1-сон, 12-модда)
Вазирлар Маҳкамасининг 2009 йил 9 апрелдаги 105-сон қарорига
2-ИЛОВА
2-ИЛОВА
«Навоий» эркин индустриал-иқтисодий зонасида жойлаштириш учун инвесторларни танлаш тартиби тўғрисида
НИЗОМ
I. Умумий қоидалар
1. Ушбу Низом «Навоий» эркин индустриал-иқтисодий зонаси (кейинги ўринларда «Навоий» ЭИИЗ деб аталади) ҳудудида тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш учун унда жойлаштириш учун инвесторларни танлаш тартибини тартибга солади.
2. «Навоий» ЭИИЗда жойлаштириш учун инвесторларни танлаш бўйича ташкилий масалаларни ҳал этиш Маъмурий кенгашнинг ишчи органига ва «Навоий» ЭИИЗ дирекциясига юкланади.
II. Инвесторларни танлашни ташкил этиш босқичлари
3. «Навоий» ЭИИЗда жойлаштириш учун инвесторларни танлаш икки босқичда амалга оширилади.
4. Танлашнинг биринчи босқичида инвестор «Навоий» ЭИИЗ дирекциясига Маъмурий кенгаш томонидан тасдиқланадиган шакл бўйича «Навоий» ЭИИЗ ҳудудида ишлаб чиқаришни жойлаштиришга тўлдирилган инвестиция буюртманомасини (кейинги ўринларда инвестиция буюртманомаси деб аталади) тақдим этади. Инвестиция буюртманомасига қуйидагилар илова қилинади:
Олдинги таҳрирга қаранг.
инвестор давлат рўйхатидан ўтказганлиги тўғрисидаги гувоҳноманинг нусхаси ёки Ўзбекистон Республикаси консуллик муассасаси томонидан белгиланган тартибда легализация қилинган юридик шахс рўйхатдан ўтказилган жойдаги савдо реестридан кўчирма. Агар ҳужжатларга апостиль қўйилган бўлса, легаллаштириш талаб этилмайди;
(4-банднинг иккинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 17 ноябрдаги 307-сонли қарори таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2011 й., 47-сон, 489-модда)
таклиф этилаётган лойиҳанинг бизнес-режаси;
юридик шахснинг тегишли соҳадаги иш тажрибасининг тасдиқномаси, тегишли соҳада амалга оширилган шунга ўхшаш лойиҳалар тўғрисидаги маълумотлар;
юридик шахс мавжуд бўлган давр, бироқ камида охирги уч йил учун молиявий ҳисобот бўйича аудиторлик ташкилотининг хулосаси;
инвесторнинг ваколатли шахслари имзолари намуналарини тасдиқлайдиган ҳужжат.
Барча ҳужжатлар инвестор томонидан «Навоий» ЭИИЗ дирекциясига давлат тилига ёки рус тилига ўгирилган таржима белгиланган тартибда илова қилинган ҳолда тақдим этилади.
5. «Навоий» ЭИИЗ дирекциясига тақдим этиладиган бизнес-режада қуйидаги асосий ҳолатлар акс эттирилиши керак:
ишлаб чиқариш режалаштирилаётган маҳсулотнинг номи, ҳажми ва тури;
ишлаб чиқариладиган маҳсулотнинг мўлжалланаётган нархи ва сотиш бозорлари, экспортга йўналтирилган маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажми;
таклиф этилаётган лойиҳани амалга ошириш учун зарур бўлган инфратузилмавий ва муҳандислик иншоотлари;
ишлаб чиқаришни оқилона жойлаштириш учун «Навоий» ЭИИЗ ҳудуди участкасининг мўлжалланаётган ўлчамлари;
хом ашё базаси мавжудлиги ҳамда лойиҳани амалга ошириш даврида хом ашё ва материаллар билан таъминлашнинг кафолатланган имкониятлари;
экологик талаблар ҳисобга олинган ҳолда мўлжалланаётган ишлаб чиқаришнинг технологияси тавсифи;
фойдаланиш мўлжалланаётган савдо маркаси тўғрисидаги маълумотлар;
иқтисодий самарадорлик ҳисоб-китоби, шунингдек лойиҳани амалга оширишнинг энг самарали техник, ташкилий ва иқтисодий ечими;
ишлаб чиқаришда фойдаланиш мўлжалланаётган технологик асбоб-ускуналарнинг хусусияти;
мўлжалланаётган капитал қўйилмалар миқдори, молиялаштириш манбалари ва қарз маблағлари жалб этилган тақдирда мўлжалланаётган гаров таъминоти;
ташкил этиладиган иш ўринлари сони.
6. «Навоий» ЭИИЗ дирекцияси 5 иш куни мобайнида тақдим этилган ҳужжатлар ушбу Низомнинг 4 ва 5-бандларида белгиланган талабларга мувофиқлигини кўриб чиқади.
Айрим ҳолларда танловда қатнашиш учун берилган инвестиция буюртманомасини кўриб чиқишда лойиҳа бўйича қўшимча маълумотлар/ҳужжатлар сўралиши мумкин. Бундай ҳолда тақдим этилган ҳужжатлар «Навоий» ЭИИЗ дирекцияси томонидан қўшимча сўралган маълумотлар/ҳужжатлар тақдим этилган пайтдан бошлаб 5 иш куни мобайнида кўриб чиқилади.
7. Танловда қатнашиш учун берилган инвестиция буюртманомасини кўриб чиқиш қуйидаги ҳолларда рад этилиши мумкин, агар:
инвестиция буюртманомаси белгиланган талаблар бузилган ҳолда берилган бўлса;
инвестор томонидан тақдим этилган ҳужжатларда:
ишончли бўлмаган ёки бузилган маълумотлар мавжуд бўлса;
инвестор таклиф этилаётган лойиҳани амалга ошириш учун зарур молиявий маблағларга ва техник воситаларга эга эканлиги ёки эга бўлишининг исботи мавжуд бўлмаса.
8. Иккинчи босқичда инвестор томонидан тақдим этилган инвестиция буюртманомалари, ҳужжатлар Дирекция директори томонидан имзоланган тегишли хулоса илова қилинган ҳолда «Навоий» ЭИИЗ дирекцияси томонидан Маъмурий кенгашнинг ишчи органига берилади.
III. Маъмурий кенгаш томонидан инвестиция буюртманомаларини кўриб чиқиш тартиби
9. Ишчи орган «Навоий» ЭИИЗ дирекцияси томонидан тақдим этилган инвестиция буюртманомаларини кўриб чиқиш учун белгиланган тартибда Маъмурий кенгашга киритади.
10. «Навоий» ЭИИЗ ҳудудида ишлаб чиқаришни жойлаштириш учун инвесторни танлаш бўйича қарор қабул қилишда Маъмурий кенгаш:
инвесторнинг молиявий ва технологик қурбини;
лойиҳанинг умумий иқтисодий самарадорлиги ва уни амалга оширишнинг мақсадга мувофиқлигини (ишлаб чиқариш қувватларини оқилона жойлаштириш, ташкил этиладиган иш ўринлари, тармоқдаги таркибий ўзгартиришларга таъсири, ишлаб турган қувватлардан фойдаланиш, зарур хом ашё, материаллар ва инфратузилма мавжудлигини);
ҳам ички, ҳам ташқи бозорларда тайёр маҳсулотни сотиш имконияти ва истиқболларини;
дастлабки 4 рақамдан бири даражасида бирламчи хом ашё билан таққослаганда ТИФ ТН коди бўйича ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш даражаси ва пировард маҳсулотнинг товар позицияси ўзгаришини;
технологик асбоб-ускуналар даражасининг замонавий сифат стандартларига (ИСО 9001 ва ИСО 14001) мувофиқлиги, лойиҳада халқаро стандартларга мувофиқ бўлган сифатни бошқариш тизими мавжудлигини;
ташкил этилаётган корхона ходимлари штатини жалб этилган ходимлар умумий сонининг камида 80 фоизи миқдорида Ўзбекистон Республикаси фуқароларидан бутлаш, уларга стажировкадан ўтиш ва малака ошириш имкониятини беришни;
тўғридан-тўғри инвестициялар ҳажмини;
Маъмурий кенгашнинг қарори билан белгиланадиган бошқа омилларни кўриб чиқади.
Инвестиция буюртманомаларини кўриб чиқишда тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришда хом ашё ва ярим тайёр маҳсулотларни изчил технологик қайта ишлашда ўзаро ҳамкорлик қиладиган юридик шахслар ташкил этиш орқали «Навоий» ЭИИЗ ҳудудида ишлаб чиқаришнинг тўлиқ циклини таъминлашни назарда тутадиган лойиҳаларга устунлик берилади.
11. Маъмурий кенгаш инвестиция буюртманомаларини 10 иш куни мобайнида кўриб чиқади ва:
«Навоий» ЭИИЗ ҳудудида ишлаб чиқаришни жойлаштириш мумкинлиги;
аниқ ва асосланган мулоҳазалар ва камчиликларни кўрсатган ҳолда тақдим этилган ҳужжатлар пухта ишланиши зарурлиги;
ишлаб чиқаришни жойлаштириш мақсадга мувофиқ эмаслиги тўғрисида қарор қабул қилади.
12. Агар кўриб чиқиш жараёнида Маъмурий кенгаш томонидан инвестор ўзи тўғрисида нотўғри маълумотларни тақдим этганлигидан далолат берадиган ҳолатлар аниқланса, уни кўриб чиқиш тўхтатилади ва инвесторга асосланган хулоса юборилади.
13. Ушбу Низомнинг 11-банди учинчи хатбошига мувофиқ пухта ишланган инвестиция буюртманомалари кўриб чиқиш учун такроран бевосита Маъмурий кенгашга киритилади.
14. Инвестиция буюртманомаси бўйича Маъмурий кенгашнинг ижобий қарори Маъмурий кенгаш мажлисининг баённомаси билан расмийлаштирилади ҳамда «Навоий» ЭИИЗ дирекцияси ва инвестор ўртасида «Навоий» ЭИИЗ ҳудудида Инвестициялаш тўғрисида битим тузиш учун асос ҳисобланади.
15. Мажлис баённомаси нусхаси Маъмурий кенгашнинг қарори билан биргаликда Маъмурий кенгаш баённомаси тасдиқланган кундан бошлаб 3 иш куни мобайнида ишчи орган томонидан инвесторга ёки унинг ваколатли шахсига юборилади.
IV. Жавобгарлик
16. Инвестор тақдим этиладиган маълумотлар ва ҳужжатларнинг ишончлилиги, ўз мажбуриятларининг қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ўз вақтида, тўлиқ ва зарур тарзда бажарилиши учун жавоб беради.
17. Маъмурий кенгаш аъзолари, ишчи орган ва «Навоий» ЭИИЗ дирекцияси махфий маълумотлар ошкор қилинганлиги, инвестиция буюртманомалари ва унга илова қилинган материаллар ўз вақтида кўриб чиқилмаганлиги ва сифатсиз кўриб чиқилганлиги учун қонун ҳужжатларига мувофиқ жавоб берадилар.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Вазирлар Маҳкамасининг 2009 йил 9 апрелдаги 105-сон қарорига
3-ИЛОВА
3-ИЛОВА
Хўжалик юритувчи субъектларни «Навоий» эркин индустриал-иқтисодий зонасининг хўжалик фаолияти қатнашчилари сифатида рўйхатдан ўтказиш тартиби тўғрисида
НИЗОМ
I. Умумий қоидалар
1. Ушбу Низом «Навоий» эркин индустриал-иқтисодий зонаси ҳудудида хўжалик юритувчи субъектларни хўжалик фаолияти қатнашчилари (кейинги ўринларда «Навоий» ЭИИЗ қатнашчиси деб аталади) сифатида рўйхатга олиш тартиби ва муддатларини белгилайди.
2. «Навоий» эркин индустриал-иқтисодий зонаси (кейинги ўринларда «Навоий» ЭИИЗ деб аталади) қатнашчиларини рўйхатдан ўтказиш уч босқичда амалга оширилади:
I босқич — «Навоий» ЭИИЗ маъмурий кенгаши (кейинги ўринларда Маъмурий кенгаш деб аталади) томонидан «Навоий» ЭИИЗ ҳудудида жойлаштиришга инвесторларни танлаш;
II босқич — «Навоий» ЭИИЗ дирекцияси билан «Навоий» ЭИИЗда жойлаштиришга танловдан ўтган инвестор ўртасида «Навоий» ЭИИЗ ҳудудида инвестициялаш тўғрисидаги битимни (кейинги ўринларда инвестициялаш тўғрисидаги битим деб аталади) келишиш ва тузиш;
III босқич — қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолларда давлат рўйхатидан ўтказиш, хўжалик юритувчи субъектларни «Навоий» ЭИИЗ қатнашчилари реестрига киритиш.
3. «Навоий» ЭИИЗ ҳудудида жойлаштириш учун инвесторларни танлаш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда Маъмурий кенгаш томонидан амалга оширилади.
II. Инвестициялаш тўғрисида битим тузиш тартиби
4. Ўтказилган танлов натижалари бўйича «Навоий» ЭИИЗ ҳудудида жойлаштириш учун Маъмурий кенгашнинг ижобий қарорини олган инвесторлар инвестициялаш тўғрисидаги битимни келишиш ва тузиш учун «Навоий» ЭИИЗ дирекциясига мурожаат қиладилар.
5. Инвестициялаш тўғрисидаги битим «Навоий» ЭИИЗ дирекцияси ва инвестор (инвесторлар) ўртасида тузилади ҳамда:
инвестициялар объекти ва ҳажми, «Навоий» ЭИИЗ ҳудудида амалга ошириладиган фаолият турлари;
инвестициялаш тўғрисидаги битимнинг амал қилиш муддатлари ва шартлари;
инвесторнинг қуйидагилар:
инвестициялаш ҳажми, ишлаб чиқаришнинг муайян ҳажмини таъминлаш, ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштиришнинг кафолатланган даражаси ва маҳсулот сифати, ўзи ишлаб чиқарган товарларни ва ишлар (хизматларни) экспорт қилиш ҳажми, атроф муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида қонун ҳужжатларига риоя қилиш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш, меҳнат ҳақидаги қонунлар ва техника хавфсизлиги, мол-мулкни суғурта қилиш ва жавобгарлик, ишлаб чиқариш фаолиятининг бошқа жиҳатлари бўйича ҳуқуқ ва мажбуриятлари;
«Навоий» ЭИИЗ дирекциясининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари:
лойиҳа-смета ҳужжатларини тайёрлаш, пудрат ишларига шартномалар тузиш муддатлари, молиялаштириш манбалари, лойиҳани амалга ошириш жадваллари, инвестиция лойиҳасини амалга ошириш устидан техник назорат қилиш тартиби тўғрисидаги маълумотлар;
инвестор томонидан ўз мажбуриятлари бажарилиши тўғрисида ҳисоботлар тақдим этиш тартиби ва муддатлари;
жойлашиш жойи ва ажратиладиган ер участкаси ўлчами;
инвестициялаш тўғрисидаги битим шартларига риоя қилинмаганлиги учун томонларнинг жавобгарлиги;
инвестициялаш тўғрисидаги битимга ўзгартиришлар киритиш тартиби;
инвестициялаш тўғрисидаги битимни тўхтатиш тартиби;
инвестициялаш тўғрисидаги битимдан келиб чиқадиган низоларни ҳал этиш тартиби ва кўриб чиқиш жойига доир кўрсатмаларни ўз ичига олиши керак.
Инвестициялаш тўғрисидаги битимда инвестиция лойиҳасининг ўзига хослигига қараб бошқа шартлар, шу жумладан қуйидаги шартлар бўлиши мумкин:
ишлаб чиқариш, муҳандислик инфратузилмаси ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш бўйича томонларнинг ўзаро мажбуриятлари;
Ўзбекистон Республикасининг жисмоний шахсларидан бўлган ходимларни ёллаш ва ўқитиш бўйича инвесторнинг мажбуриятлари, технологиялардан фойдаланиш шартлари, шунингдек ташкил этилган хўжалик юритувчи субъект ходимларини ўқитиш бўйича инвесторнинг мажбуриятлари.
6. Инвестициялаш тўғрисидаги битимни тайёрлаш учун инвестор «Навоий» ЭИИЗ дирекциясига қуйидаги ҳужжатларни тақдим этади:
инвестициялаш тўғрисидаги битим лойиҳаси;
«Навоий» ЭИИЗ ҳудудида жойлаштириш учун Маъмурий кенгашнинг ижобий қарори нусхаси;
лойиҳанинг бизнес-режаси нусхаси.
7. Инвестордан ушбу Низомнинг 6-бандида кўрсатилмаган қўшимча маълумотларни талаб қилиш тақиқланади.
8. Инвесторлар Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларига мувофиқ тақдим этиладиган маълумотлар ва ҳужжатларнинг ишончлилиги ва ҳақиқийлиги учун жавоб берадилар.
9. Инвестициялаш тўғрисидаги битим лойиҳаси ва бошқа материаллар «Навоий» ЭИИЗ дирекцияси томонидан улар олинган кундан бошлаб 10 иш куни мобайнида кўриб чиқилади.
Зарурият бўлганда «Навоий» ЭИИЗ дирекцияси инвестициялаш тўғрисидаги битимнинг айрим қоидалари бўйича ваколатли давлат органларининг хулосасини сўраши мумкин. Бунда инвестициялаш тўғрисидаги битим лойиҳасини кўриб чиқишнинг умумий муддати ушбу банднинг биринчи хатбошида кўрсатилган муддатдан ортиқ бўлмаслиги керак.
10. Зарурият бўлган тақдирда инвестициялаш тўғрисидаги битим қоидаларини келишиш мақсадида «Навоий» ЭИИЗ дирекцияси билан инвестор (инвесторлар) ўртасида музокаралар ўтказилиши мумкин.
11. Инвестициялаш тўғрисидаги битим инвестициялаш тўғрисидаги битимда белгиланган муддатга ва «Навоий» ЭИИЗ дирекцияси фаолият кўрсатишидан ортиқ бўлмаган муддатга тузилади.
12. Инвестор билан «Навоий» ЭИИЗ дирекцияси ўртасида инвестициялаш тўғрисидаги битим инвестор томонидан ташкил этилган хўжалик юритувчи субъектга «Навоий» ЭИИЗ қатнашчисининг гувоҳномаси берилган санадан бошлаб кучга киради.
13. Инвестициялаш тўғрисидаги битимнинг амал қилиши:
инвестициялаш тўғрисидаги битим тузилган муддат тамом бўлгандан кейин;
шахс «Навоий» ЭИИЗ қатнашчиси мақомидан маҳрум этилган тақдирда;
«Навоий» ЭИИЗ муддатидан олдин тугатилган тақдирда;
қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа ҳолларда тўхтатилади.
III. Хўжалик юритувчи субъектларни «Навоий» ЭИИЗ қатнашчилари сифатида рўйхатга олиш тартиби
14. Инвестор инвестициялаш тўғрисидаги битим имзоланган пайтдан бошлаб 10 иш куни мобайнида қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолларда рўйхатдан ўтказувчи органга у томонидан ташкил этилаётган хўжалик юритувчи субъектни давлат рўйхатидан ўтказиш учун зарур бўлган тегишли ҳужжатларни тақдим этади.
15. «Навоий» ЭИИЗ ҳудудида жойлаштириш учун инвесторлар томонидан ташкил этилаётган хўжалик юритувчи субъектларни давлат рўйхатидан ўтказиш юридик шахсларни давлат рўйхатидан ўтказиш учун Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.
16. Давлат рўйхатидан ўтказиш учун зарур ҳужжатларни тайёрлаш инвесторнинг ихтиёрига кўра:
инвесторнинг ўзи томонидан;
шартнома асосида — «Навоий» ЭИИЗ дирекцияси ёхуд бошқа шахслар томонидан амалга оширилади.
17. Давлат рўйхатидан ўтказиш амалга оширилгандан кейин инвестор томонидан «Навоий» ЭИИЗ дирекциясига қуйидаги ҳужжатлар тақдим этилади:
«Навоий» ЭИИЗ қатнашчиси реестрига киритишга ариза;
юридик шахс давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳноманинг нотариал тасдиқланган нусхаси;
«Навоий» ЭИИЗ қатнашчиси сифатида Маъмурий кенгаш томонидан белгиланган миқдорда рўйхатдан ўтказилганлик учун тўлов тўланганлигини тасдиқлайдиган ҳужжатлар.
18. «Навоий» ЭИИЗ дирекцияси тақдим этилган ҳужжатлар асосида икки иш куни мобайнида хўжалик юритувчи субъектни «Навоий» ЭИИЗ қатнашчилари реестрига киритади ва «Навоий» ЭИИЗ қатнашчиси гувоҳномасини беради.
19. «Навоий» ЭИИЗ дирекцияси «Навоий» ЭИИЗ қатнашчилари реестрига тегишли ёзув киритилган кундан бошлаб бир кун муддатда ўз ҳудудида жойлашган давлат солиқ ва божхона хизмати органлари бўлинмаларига хўжалик юритувчи субъект «Навоий» ЭИИЗ қатнашчилари реестрига киритилганлиги тўғрисидаги маълумотларни маълум қилади.
20. «Навоий» ЭИИЗ дирекцияси томонидан бериладиган «Навоий» ЭИИЗ қатнашчиси гувоҳномаси хўжалик юритувчи субъектлар «Навоий» ЭИИЗ қатнашчиси сифатида рўйхатдан ўтказилганлигини тасдиқлайдиган ҳужжат ҳисобланади.
21. Таъсис ҳужжатларида қайд этилган «Навоий» ЭИИЗ қатнашчисининг устав фонди қонун ҳужжатларида белгиланган муддатларда шакллантирилиши керак.
22. «Навоий» ЭИИЗ қатнашчилари ишлаб чиқариш дастурларини мустақил шакллантирадилар ва ўзлари ишлаб чиқарган ўзлари тўлиқ тасарруф қиладиган маҳсулотларни (ишлар, хизматларни) сотадилар, «Навоий» ЭИИЗ ҳудудида ишлаб чиқарилган товарлар, ишлар (хизматлар) бўйича қонун ҳужжатларига мувофиқ ҳар қандай ташқи иқтисодий операцияларни амалга ошириш ҳуқуқига эгадирлар.
23. Хўжалик юритувчи субъектни «Навоий» ЭИИЗ қатнашчиси мақомидан маҳрум қилишга фақат «Навоий» ЭИИЗ қатнашчиси томонидан қонун ҳужжатлари ва инвестициялаш тўғрисидаги битим бузилган тақдирда «Навоий» ЭИИЗ дирекциясининг аризаси бўйича йўл қўйилади ҳамда бу инвестициялаш тўғрисидаги битимнинг амал қилиши тўхтатилишига олиб келади.
«Навоий» ЭИИЗ дирекцияси суднинг хўжалик юритувчи субъектни «Навоий» ЭИИЗ қатнашчиси мақомидан маҳрум этиш тўғрисидаги қарори кучга кирган санадан бошлаб уч кун мобайнида «Навоий» ЭИИЗ қатнашчилари реестрига хўжалик юритувчи субъектлар «Навоий» ЭИИЗ қатнашчиси мақомидан маҳрум этилганлиги тўғрисидаги ёзувни киритади.
24. «Навоий» ЭИИЗ дирекцияси «Навоий» ЭИИЗ қатнашчилари реестрига тегишли ёзув киритилган кундан бошлаб бир кун муддатда ўз ҳудудида жойлашган давлат солиқ ва божхона органларига хўжалик юритувчи субъект «Навоий» ЭИИЗ қатнашчиси мақомидан маҳрум этилганлиги тўғрисидаги маълумотларни маълум қилади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
(Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2009 й., 15-сон, 189-модда; 35-сон, 385-модда; 2011 й., 47-сон, 489-модда; 2017 й., 1-сон, 12-модда; 15-сон, 252-модда)