ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ОЛИЙ ВА ЎРТА МАХСУС ТАЪЛИМ ВАЗИРЛИГИ БИЛАН ЛАТВИЯ РЕСПУБЛИКАСИ ТАЪЛИМ ВА ФАН ВАЗИРЛИГИ ЎРТАСИДА
Битим
Таълим соҳасида ҳамкорлик тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ва Латвия Республикаси Таълим ва фан вазирлиги, бундан кейин «Томонлар» деб аталувчилар,
иккала Томон ўртасида кўп томонлама дўстона муносабатларни ривожлантиришга интилишни изҳор этиб,
олий таълим соҳасидаги ҳамкорлик халқлар ўртасида ўзаро англашувни яхшилашга ёрдам беради деб ҳисоблаб,
қуйидагилар тўғрисида келишиб олдилар:
1-модда.
Томонлар иккала Томон давлатлари қонунчилигини инобатга олган ҳолда ўзаро ҳурмат ва шерикчилик принциплари асосида олий таълим соҳасидаги узоқ муддатли ҳамкорликни ривожлантиришга ёрдам берадилар,
2-модда.
Томонлар олий таълим соҳасида тажриба алмашишга, таълим соҳасидаги қонунчилик ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисидаги ахборот билан ҳамда муайян соҳаларда чора-тадбирларни амалга ошириш учун зарур бўлган, таълим ва илмий тадқиқотларни ривожлантириш ва режалаштириш бўйича бошқа ахборот билан алмашишга ёрдам берадилар.
3-модда.
Томонлар таълим тизимларини такомиллаштириш ва уларни халқаро таълим тенденцияларига яқинлаштириш бўйича ҳамкорлик қиладилар.
4-модда.
Томонлар иккала Томон таълим муассасалари, ўқув юртлари, олимлари, профессор-ўқитувчилар ва мутахассислари ўртасида тўғридан-тўғри алоқаларни ҳамда илмий ҳамкорликни ўрнатишда ёрдам кўрсатадилар, ва шунингдек Европа Иттифоқи, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг маориф, фан ва маданият масалалари бўйича ташкилоти, Европа Кенгаши ва бошқа халқаро ташкилотларнинг умумий лойиҳалари доирасида академик фаолликни рағбатлантирадилар.
Томонлар ҳозирда мавжуд бўлган ва келгусида режалаштириладиган халқаро қўшма дастурлар ва лойиҳаларни ишлаб чиқишда ёрдамлашадилар ва уларни амалга оширишда иккала Томон ўқитувчилари, олимлари ва мутахассисларини фаол иштирок этишга жалб этадилар.
5-модда.
Томонлар олий ўқув юртларида таҳсил олиш, докторантурада ўқиш, профессор-ўқитувчилар ва мутахассисларнинг малакасини ошириш учун ҳар йили бир-бирига стипендиялар таклиф қиладилар. Ўқишга қабул қилиш шартлари ва молиявий масалалар Томонлар томонидан, иккала Томоннинг молиявий маблағлари ва қонунчилигини инобатга олган ҳолда, алоҳида Дастурда белгиланади.
6-модда.
Томонлар олий ўқув юртлари талабалари, илмий ва педагогик ходимлари билан; алмашинувни рағбатлантирадилар.
7-модда.
Таълим ва алмашувнинг молиявий ва бошқа шартлари музокаралар олиб бориш йўли билан расмий хатлар алмашиш шаклида ёки алоҳида баённомаларни ишлаб чиқиш ва имзолаш йўли билан Томонлар томонидан тузилади, ҳамда улар Ушбу Битимнинг ажралмас қисми ҳисобланадилар.
Ушбу Битимни амалга ошириш ва амал қилишини баҳолаш мақсадида Томонлар доимий икки томонлама комиссия тузадилар. Комиссия ҳамкорлик шартлари муддати ва молиявий масалаларни кўзда тутадиган ҳамкорлик дастурларини ишлаб чиқиш мақсадида уч йил давомида камида бир марта навбатма-навбат Томонлардан бирининг ҳудудида йиғиладилар.
8-модда.
Ушбу Битим доирасидаги тадбирларга бериладиган моддий ёрдам, Томонларнинг молиявий имкониятларидан келиб чиққан ҳолда белгиланади.
9-модда.
Ушбу Битим Томонлар аввал келишиб қўйган бошқа биргаликдаги тадбирларни ўтказишга имконият бериши мумкин.
10-модда.
Ушбу Битимга Томонларнинг ўзаро ёзма розилиги билан Битимнинг ажралмас қисми ҳисобланадиган алоҳида баённомалар тузиш йўли билан ўзгартиш ва қўшимчалар киритилиши мумкин.
11-модда.
Ушбу Битим имзоланган кундан бошлаб кучга киради ва беш (5) йил давомида амал қилади. Агар томонлардан бири бошқа томонга унинг амал қилишини тўхтатиш ниятидалиги ҳақида олти (6) ой олдин ёзма хабарнома юбормаса, Битим ўз-ўзидан кейинги беш йиллик муддатга узаяверади.
Тошкент шаҳрида 2008 йил 6 октябрда икки асл нусхада, ҳар бири ўзбек, латиш ва рус тилларида имзоланди, бунда барча матнлар бир хил кучга эгадир.
Матнларни талқин қилишда келишмовчиликлар юзага келган тақдирда рус тилидаги матн устувор ҳисобланади.
(имзолар)
(Ўзбекистон Республикаси халқаро шартномалари тўплами, 2008 й., 3-4-сон)