Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
Қарори
«СИҚИШ КОМПРЕССОР СТАНЦИЯСИ ҚУРИШ БИЛАН ПОМУҚ КОНИНИ ОБОД ҚИЛИШНИ ЯКУНЛАШ» ИНВЕСТИЦИЯ ЛОЙИҲАСИНИ АМАЛГА ОШИРИШГА ДОИР ҚЎШИМЧА ЧОРА-ТАДБИРЛАР ТЎҒРИСИДА
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Сиқиш компрессор станцияси қуриш билан Помуқ конини обод қилишни якунлаш» инвестиция лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2007 йил 18 декабрдаги ПҚ-749-сон қарорини бажариш юзасидан Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. «Ўзбекнефтгаз» миллий холдинг компанияси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси томонидан «Сиқиш компрессор станцияси қуриш билан Помуқ конини обод қилишни якунлаш» лойиҳасини умумий эквивалент суммаси 40,62 млн. доллар миқдорида молиялаштириш тўлиқ ҳажмда очилганлиги маълумот учун қабул қилинсин.
2. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ва «Ўзбекнефтгаз» миллий холдинг компаниясининг лойиҳани тугаллаш учун 1,5 йилдан иборат имтиёзли даврни қўшган ҳолда муддати 5 йил бўлган, қайта молиялаштирувчи банкнинг 0,25 фоизли маржасини қўшганда йиллик 2,25 фоизли ставка билан «Ўзсаноатқурилишбанк» акциядорлик компанияси орқали қайта молиялаштириладиган Ўзбекистон Республикаси Тикланиш ва тараққиёт жамғармасининг 21 млн. доллар миқдоридаги қўшимча кредитини жалб этиш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.
3. Ўзбекистон Республикаси Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси, «Ўзсаноатқурилишбанк» акциядорлик компанияси ва «Ўзбекнефтгаз» миллий холдинг компанияси бир ҳафта муддатда тегишли кредит шартномаларининг белгиланган тартибда тузилишини таъминласинлар.
4. «Ўзбекнефтгаз» миллий холдинг компанияси Адлия вазирлиги, Молия вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси ҳамда «Ўзсаноатқурилишбанк» акциядорлик компанияси билан биргаликда бир ой муддатда амалдаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида таклифлар киритсин.
5. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Э.Р.Шаисматов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири Ш. МИРЗИЁЕВ
Тошкент ш.,
2008 йил 17 апрель,
69-сон