Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
ИККИЛАМЧИ ҚОҒОЗ ЧИҚИНДИЛАРИНИ ТЎПЛАШ, ТАЙЁРЛАШ ВА ҚАЙТА ИШЛАШ УЧУН ЕТКАЗИБ БЕРИШ ТИЗИМИНИ ТАРТИБГА СОЛИШ ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА
Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 19 декабрдаги 1015-сонли «Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитаси ҳузуридаги Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига асосан ўз кучини йўқотган.
Тармоқда назорат, ҳисобга олиш ва бошқаришни мақбуллаштириш асосида қоғоз чиқиндиларини тайёрлаш тизимини ривожлантириш ва такомиллаштириш, реал сектор корхоналарининг, кичик ва хусусий бизнес субъектларининг иккиламчи қоғозга бўлган эҳтиёжларини янада тўлиқ таъминлаш учун иккиламчи хом ашёдан саноат йўли билан фойдаланишнинг самарали механизмларини жорий этиш, шунингдек тармоқ корхоналарининг, шу жумладан «Sаnoatqalinqogʼozsavdo» ХИ ОАЖ ва «Ўзбек қоғози» ОАЖнинг мавжуд қувватларидан фойдаланишни кўпайтириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. «Sаnoatqalinqogʼozsavdo» ХИ ОАЖ ва «Ўзбек қоғози» ОАЖнинг келгусида қайта ишлаш учун жойларда тўпланган иккиламчи хом ашё — қоғоз чиқиндиларини қабул қилиш пунктлари ташкил этиш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари, Ўзбекистон Республикаси Давлат мулки қўмитаси фойдаланилмаётган турар жой бўлмаган биноларни қоғоз чиқиндиларини қабул қилиш пунктлари ташкил этиш учун «Sаnoatqalinqogʼozsavdo» ХИ ОАЖ ва «Ўзбек қоғози» ОАЖга белгиланган тартибда берсин.
2. Ўзбекистон Республикаси ҳудудида қоғоз чиқиндиларини тўплаш, тайёрлаш ва қайта ишлаш учун етказиб бериш масалалари бўйича Республика комиссияси иловага мувофиқ таркибда тузилсин.
Ўзбекистон Республикаси ҳудудида қоғоз чиқиндиларини тўплаш, тайёрлаш ва қайта ишлаш учун етказиб бериш масалалари бўйича Республика комиссияси:
давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, уларнинг ҳудудий бўлинмалари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан «Sаnoatqalinqogʼozsavdo» ХИ ОАЖ ва «Ўзбек қоғози» ОАЖнинг қоғоз чиқиндиларини тайёрлаш ва қабул қилиш пунктларига топшириш бўйича 2009 йилнинг II — IV чораклари ва кейинчалик ҳар йил учун прогноз кўрсаткичларни ўн кун муддатда белгиласин;
қоғоз чиқиндиларини тўплаш ва тайёрлаш бўйича тасдиқланган прогноз кўрсаткичларнинг бажарилиши ҳар ойда назорат қилиб борилишини таъминласин;
Давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, уларнинг ҳудудий бўлинмалари, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг масъул ходимларини қоғоз чиқиндилари тайёрлаш бўйича белгиланган прогноз кўрсаткичларни бажарганлик ва ошириб бажарганлик учун рағбатлантириш тўғрисидаги низомни бир ой муддатда ишлаб чиқсин ва белгиланган тартибда тасдиқласин.
Кейинги таҳрирга қаранг.
3. Давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, уларнинг ҳудудий бўлинмалари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари тасдиқланган прогноз кўрсаткичларга мувофиқ қоғоз чиқиндиларини тўплаш ва топширишни белгиланган тартибда амалга оширсинлар.
4. Белгилаб қўйилсинки, «Sаnoatqalinqogʼozsavdo» ХИ ОАЖ ва «Ўзбек қоғози» ОАЖ қабул қилиш пунктлари қоғоз чиқиндиларини тайёрлаш ва топшириш бўйича ҳисоб-китобларни эркин нархларда, шу жумладан уларни жисмоний шахслардан қабул қилиб олишда — нақд пул билан ва юридик шахслардан қабул қилиб олишда — нақд пулсиз амалга оширадилар.
5. Ўзбекистон Республикаси Монополиядан чиқариш, рақобат ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш қўмитаси Иқтисодиёт вазирлиги, Молия вазирлиги, Марказий банк, «Sаnoatqalinqogʼozsavdo» ХИ ОАЖ «Ўзбек қоғози» ОАЖ ҳамда бошқа манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда Қоғоз чиқиндиларини тўплаш, тайёрлаш ва қайта ишлаш учун етказиб бериш тартиби тўғрисидаги низомни бир ой муддатда ишлаб чиқсин ва тасдиқласин.
6. Белгилаб қўйилсинки:
қоғоз чиқиндиларини тўплаш ва топширишнинг ташкил этилиши учун давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари раҳбарлари жавоб берадилар;
бюджет ташкилотлари бўйича қоғоз чиқиндиларини сотишдан олинган маблағлар уларнинг бюджетдан ташқари ҳисоб рақамига ўтказилади ва улардан ташкилотнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлашда фойдаланилади.
7. Республика тижорат банкларига тармоқ қайта ишлаш корхоналарига, шу жумладан технологик асбоб-ускуналарни модернизациялаш учун, кредитлар ажратиш тавсия этилсин.
8. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосарлари Э.Р. Шоисматов ва Н.М. Ханов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири Ш. МИРЗИЁЕВ
Тошкент ш.,
2009 йил 16 март,
70-сон
Вазирлар Маҳкамасининг 2009 йил 16 мартдаги 70-сон қарорига
ИЛОВА
ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси ҳудудида қоғоз, уларни тўплаш, тайёрлаш ва чиқиндиларини қайта ишлаш учун етказиб бериш масалалари бўйича Республика комиссияси
ТАРКИБИ
Олдинги таҳрирга қаранг.
| | | |
| Ханов Н.М. | — | Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари, комиссия раиси |
| Шоабдурахмонов Р.М. | — | Иқтисодиёт вазирининг ўринбосари, комиссия раисининг ўринбосари |
| Парпиев А.П. | — | Олий ва ўрта махсус таълим вазири |
| Шоумаров Ғ.Б. | — | Халқ таълими вазири |
| Алихонов Б.Б. | — | Давлат табиатни муҳофаза қилиш қўмитаси раиси |
| Алимов Б.Ш. | — | Матбуот ва ахборот агентлиги бош директори |
| Абдуллаев А.Х. | — | «Ўзархив» агентлиги бош директори |
| Абдувалиев А.А. | — | «Ўзстандарт» агентлиги бош директори |
| Якубов Р.Я. | — | «Ўзкимёсаноат» давлат-акциядорлик компанияси раисининг ўринбосари |
| Аҳмедов О.Ю. | — | «Ўзкоммунхизмат» агентлиги бош директорининг ўринбосари |
| Эшонқулов Қ.Т. | — | «Ўзнефтмаҳсулот» акциядорлик компанияси бош директори |
| Зарипов Б.К. | — | «Ўзқурилишматериаллари» акциядорлик жамияти раиси |
| Умаров М.М. | — | «Ўзбек қоғози» ОАЖ бошқаруви раиси |
| Осмонов Ш.М. | — | «Sanoatqalinqogʼozsavdo» ХИ ОАЖ бошқаруви раиси |
| Омонов Ф.Б. | — | «Ўзпахтасаноат» уюшмаси раиси |
| Содиқов М.М. | — | Касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши раисининг биринчи ўринбосари |
| Алимов А.М. | — | «Камолот» ёшлар ижтимоий ҳаракати марказий кенгаши раиси |
| Ахмедов А.А. | — | «Маҳалла» жамғармасининг раиси |
| Юнусов А.Х. | — | «Шарқ» нашриёт-матбаа акционерлик компаниясининг бош директори |
| Қурбонов Д. | — | Вазирлар Маҳкамасининг Геология, ёқилғи-энергетика комплекси, кимё, нефткимё ва металлургия саноати масалалари ахборот-таҳлил департаменти бош мутахассиси, комиссия котиби |
Республика комиссияси таркибига Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раисининг, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимларининг қурилиш ва коммунал хўжалиги масалаларига мутасадди ўринбосарлари киритилади.
Республика комиссияси аъзолари бошқа ишга ўтганда унинг таркибига ушбу лавозимга янгидан тайинланган шахслар ёхуд тегишли функцияларни бажариш зиммасига юкланган шахслар киритилади.
(илова Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 22 декабрдаги 412-сонли қарори таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2016 й., 52-сон, 602-модда)
Кейинги таҳрирга қаранг.
Кейинги таҳрирга қаранг.
(Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2009 й., 12-сон, 131-модда; 2016 й., 52-сон, 602-модда; 2017 й., 37-сон, 996-модда; Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 23.02.2019 й., 09/19/161/2600-сон)