Ўзбекистон Республикаси Президентининг
Қарори
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ МУСТАҚИЛ ДАВЛАТЛАР ҲАМДЎСТЛИГИ УСТАВЛИ ВА БОШҚА ОРГАНЛАРИ ҲУЗУРИДАГИ ДОИМИЙ МУХТОР ВАКИЛИ ТЎҒРИСИДА
Ўзбекистон Республикасининг Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги уставли ва бошқа органлари ҳузуридаги Доимий мухтор вакили фаолиятини тартибга солиш мақсадида:
1. Қуйидагилар:
Ўзбекистон Республикасининг Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги уставли ва бошқа органлари ҳузуридаги Доимий мухтор вакили тўғрисидаги низом 1-иловага мувофиқ;
Олдинги таҳрирга қаранг.
(1-банднинг учинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 16 июлдаги ПҚ-3860-сонли қарорига асосан чиқарилган)
2. Белгилансинки, Ўзбекистон Республикасининг Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги уставли ва бошқа органлари ҳузуридаги Доимий мухтор вакили (кейинги ўринларда — Доимий вакил) Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги тизимига киради ва мақом жиҳатидан Ўзбекистон Республикаси Элчисига тенглаштирилади.
3. Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги (В.И. Норов) Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги билан келишган ҳолда 2009 йилдан бошлаб Доимий вакил таъминотининг харажатлар сметаси ҳар йили тасдиқланишини таъминласин.
4. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги (Р.С. Азимов) навбатдаги молия йили учун белгиланган тартибда тасдиқланадиган Ташқи ишлар вазирлигининг хорижий муассасаларини молиялаштиришга ажратилган бюджет маблағлари ҳажми доирасида Доимий вакил таъминотига ва фаолиятини амалга ошириш учун зарур маблағларни харажатлар сметасига мувофиқ ажратсин.
5. Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикасининг Евросиё иқтисодий ҳамкорлик органлари ҳузуридаги Доимий вакили тўғрисида» 2006 йил 12 октябрдаги ПҚ-488-сон қарори ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
6. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари Р.С. Азимов ва Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири В.И. Норов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти И. КАРИМОВ
Тошкент ш.,
2009 йил 10 март,
ПҚ-1069-сон
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2009 йил 10 мартдаги ПҚ-1069-сон қарорига
1-ИЛОВА
1-ИЛОВА
Ўзбекистон Республикасининг Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги уставли ва бошқа органлари ҳузуридаги Доимий мухтор вакили тўғрисидаги
НИЗОМ
I. Умумий қоидалар
1. Ўзбекистон Республикасининг Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги уставли ва бошқа органлари ҳузуридаги Доимий мухтор вакили (кейинги ўринларда — Доимий вакил) Ўзбекистон Республикасининг Элчи мақомидаги дипломатик вакили ҳисобланади ва Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги тизимига киради.
2. Доимий вакил ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси, Ўзбекистон Республикасининг қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари қарорлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишлари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишлари, Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги тўғрисидаги низом, мазкур Низом ва Ўзбекистон Республикасининг бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлари, шунингдек, 1961 йилда қабул қилинган Дипломатик муносабатлар тўғрисидаги Вена конвенцияси ва халқаро ҳуқуқнинг бошқа нормаларига риоя қилади.
Доимий вакилнинг турган жойи Минск шаҳридир (Беларусь Республикаси).
II. Доимий вакилнинг асосий функциялари
3. Қуйидагилар Доимий вакилнинг асосий функциялари ҳисобланади:
Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги (кейинги ўринларда — МДҲ) органларида Ўзбекистон Республикасининг манфаатларини илгари суриш ва ҳимоя қилиш;
МДҲ иштирокчи — давлатларининг сиёсий, иқтисодий, илмий-техникавий ва бошқа йўналишлардаги ҳамкорлиги ҳолатини ва асосий тенденцияларини тизимли таҳлил қилиш;
МДҲ доирасида амалга ошириладиган кўп томонлама халқаро шартномалар, лойиҳалар ва дастурларда Ўзбекистон Республикаси иштирокининг самарадорлигини ошириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш;
МДҲ органлари йиғилишларининг кун тартибидаги масалалар бўйича таклифлар тайёрлаш ва позицияларни келишиш;
МДҲ, унинг уставли органлари фаолиятига оид масалалар, ушбу органлар томонидан қабул қилинаётган қарорлар бўйича ахборот-таҳлилий материаллар тайёрлаш ва бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Президенти, Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати, Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигини белгиланган тартибда ўз вақтида хабардор қилиб бориш;
МДҲ органларининг Ўзбекистон Республикасидаги тегишли вазирлик ва идоралар билан ҳамкорлигини таъминлаш, МДҲ доирасида ўтказилган ва ўтказилиши режалаштирилаётган йиғилишлар, мажлислар ва бошқа тадбирлар материалларини уларга ўз вақтида етказиш;
МДҲ Ижроия қўмитаси, МДҲ иштирокчи — давлатларининг доимий мухтор вакиллари, ўзи бўлиб турган мамлакатнинг давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, жамоат бирлашмалари, ишбилармон, маданий ва илмий доиралар, оммавий ахборот воситалари билан Доимий вакил ваколатига кирувчи масалалар юзасидан самарали ҳамкорликни амалга ошириш;
Ўзбекистон Республикаси Президенти, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ва Ташқи ишлар вазирлигининг топшириқларини бажариш;
Ўзбекистон Республикаси мансабдор шахслари ва расмий делегацияларининг МДҲ доирасидаги тадбирларни ўтказиш билан боғлиқ ташрифларига тайёргарлик кўриш ва ўтказишда қатнашиш;
МДҲ доирасида халқаро шартномалар лойиҳаларини, шунингдек, МДҲ органларининг қарорлари лойиҳаларини ишлаб чиқишда иштирок этиш ва музокаралар олиб бориш;
МДҲ доирасида тузилган халқаро шартномалар ва қабул қилинган қарорларни амалга оширишга кўмаклашиш;
халқаро ҳуқуқ нормалари ва Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига мувофиқ бошқа функцияларни бажариш.
III. Доимий вакил фаолиятини ташкил этиш
4. Доимий вакил қонунчиликда белгиланган тартибда лавозимга тайинланади ва лавозимидан озод этилади.
5. Доимий вакилга Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига мувофиқ ўриндошлик асосида Ўзбекистон Республикасининг бошқа халқаро ташкилотлардаги вакили лавозими юклатилиши мумкин. Бундай ҳолларда Доимий вакилнинг харажатлар сметасида ўриндошлик асосида ишлагани учун унинг ойлик маошига тегишли устама назарда тутилади.
6. Доимий вакил фаолиятини молиялаштириш тасдиқланган смета асосида Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги орқали белгиланган тартибда амалга оширилади. Доимий вакил фаолиятини молиялаштириш билан боғлиқ бухгалтерлик ҳисоби ва ҳисоботини юритиш Ўзбекистон Республикасининг қонунчилигига мувофиқ амалга оширилади.
7. Доимий вакил ўз ваколатлари доирасида буйруқлар ва фармойишлар чиқаради, ўзига хизмат қилувчи маъмурий-техник ходимларни ишга қабул қилади ва ишдан бўшатади, ўзининг таъминоти учун ажратиладиган маблағларни Ўзбекистон Республикаси қонунчилигида белгиланган тартибда тасарруф этади.
8. Доимий вакил давлат ва қонун билан қўриқланадиган бошқа сирларнинг сақланишини, ўз хавфсизлигини лозим даражада таъминлаш бўйича тегишли чораларни кўради.
IV. Якунловчи қоидалар
9. Доимий вакил Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тасвири туширилган муҳрга, тегишли муҳр ва штампларга эга бўлиб, банк муассасаларида исталган валютада ҳисоб рақами очиши мумкин.
10. Доимий вакил ўзига юклатилган функцияларнинг бажарилиши учун шахсан жавобгардир.
11. Доимий вакил ўзига бириктирилган мол-мулкка Ўзбекистон Республикасининг ва бўлиб турган мамлакатнинг қонунчилигига мувофиқ эгалик қилади, ундай фойдаланади ва тасарруф этади.
(Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2009 й., 10-11-сон, 108-модда)