Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг
Қарори
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ОЛИЙ МАЖЛИСИ ҚОНУНЧИЛИК ПАЛАТАСИ ХАЛҚАРО ИШЛАР ВА ПАРЛАМЕНТЛАРАРО АЛОҚАЛАР ҚЎМИТАСИНИНГ 2005 — 2007 ЙИЛЛАР ҲАМДА 2008 ЙИЛНИНГ ЎН ОЙИДАГИ ИШИ ТЎҒРИСИДА
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Халқаро ишлар ва парламентлараро алоқалар қўмитасининг 2005 — 2007 йиллар ҳамда 2008 йилнинг ўн ойидаги иши тўғрисидаги ҳисоботни эшитиб ва муҳокама қилиб, Қонунчилик палатаси шуни таъкидлайдики, Қўмитанинг иши Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенатининг 2005 йил 28 январдаги қўшма мажлисида Ўзбекистон Республикаси Президенти И.А. Каримов томонидан илгари сурилган жамиятни демократлаштириш ва янгилаш, мамлакатни ислоҳ этиш ва модернизация қилиш концепциясининг амалий ижросини таъминлаш учун депутатлар томонидан қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Қонунчилик палатасининг 2005 йил ва кейинги йиллар учун мўлжалланган Қонун ижодкорлиги дастурига мувофиқ олиб борилган, шунингдек, Қўмитанинг ўзига хос хусусиятига кўра, халқаро ҳуқуқ нормаларини миллий қонунчиликка уйғунлаштиришга ҳамда парламентлараро ҳамкорликни янада ривожлантиришга йўналтирилган.
Қўмита Ўзбекистон Республикаси халқаро ҳамкорлигининг ҳуқуқий асосларини яратишга, унинг халқаро ҳамжамиятдаги сиёсий нуфузини оширишга қаратилган қонунчилик базасини такомиллаштириш борасида муайян ишларни амалга оширган.
Қўмита томонидан ҳисобот даврида Қонунчилик палатасида кўриб чиқиш ва қабул қилиш учун 36 та, шу жумладан Ўзбекистон Республикаси номидан имзоланган кўп томонлама ва икки томонлама халқаро конвенция, шартнома, битим ва баённомаларни ратификация қилиш билан боғлиқ 20 та, Ўзбекистон Республикасининг кўп томонлама ва икки томонлама халқаро конвенция, шартнома, битим ва баённомаларга қўшилишига тааллуқли 10 та, «ГЎУОМ иштирокчи давлатларининг консуллик масалалари бўйича ўзаро ёрдам кўрсатиш тўғрисидаги (Ялта, 2001 йил 7 июль)», «Белгиларни халқаро рўйхатдан ўтказиш тўғрисидаги (Мадрид, 1891 йил 14 апрель)», «Аҳолини Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигига аъзо бўлган давлатлар ҳудудида ишлаб чиқарилаётган дори-дармон воситалари, вакцина ва бошқа иммунобиологик дорилар, тиббий буюмлар ва тиббий техника билан таъминлаш тўғрисидаги (Ашхобод, 1993 йил 24 декабрь)» конвенция ва битимларни денонсация қилиш билан боғлиқ Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳалари тайёрланган.
Қўмита фаолиятида депутатлар ташаббуси билан қонун лойиҳалари тайёрлашга ҳам эътибор қаратилган. Жумладан, «Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги, «Ўзбекистон Республикаси айрим қонун ҳужжатларининг баъзи нормаларини вақтинча тўхтатиб туриш тўғрисида»ги, «Ўзбекистон Республикасининг чет давлатлардаги дипломатик ваколатхоналари бошлиқларини тайинлаш ва чақириб олиш тўғрисида»ги ҳамда бошқа бир қатор қонун лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва тайёрлашда фаоллик кўрсатилган.
Қўмита томонидан амалга оширилган 11 та назорат-таҳлил фаолиятида асосий эътибор қатор ҳудудларда, вазирликлар ва идораларда Ўзбекистон эътироф этган халқаро конвенциялар, шунингдек амалдаги қонунлар талаблари ва нормаларининг ижро этилишига қаратилган. Бунда «Бола ҳуқуқлари тўғрисида»ги, «Қийноқларга солишга ҳамда муомалада бўлиш ва жазолашнинг бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни таҳқирловчи турларига қарши кураш тўғрисида»ги, «Хотин-қизларни камситишнинг барча шаклларига барҳам бериш тўғрисида»ги, Халқаро Меҳнат Ташкилотининг «Иш билан таъминлаш соҳасидаги сиёсат тўғрисида»ги, «Техникавий ва касб-ҳунар таълими тўғрисида»ги конвенцияларининг тегишинча Қашқадарё, Тошкент, Хоразм вилоятлари ва Қорақалпоғистон Республикасидаги ижроси ҳақидаги назорат-таҳлил ишлари бевосита Ўзбекистон Республикасининг ўз Конституциясида «инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр қиммати ва бошқа дахлсиз ҳуқуқлари» олий қадриятдир деб белгиланган устувор масалалар билан боғлиқдир.
Халқаро шартномалар, конвенциялар миллий қонунчилик норма ва талабларининг бажарилишини ўрганиш ҳамда мониторинг қилиш натижалари бўйича тегишли тавсиялар ишлаб чиқилган ва Қўмита қарорлари қабул қилинган. Қўмита мазкур қарор ва тавсияларнинг ижроси, уларнинг қай даражада бажарилиши ҳамда амалиётга татбиқ этилишини доимий назорат ва мониторинг қилиб борган.
Ҳисобот даврида ўтказилган 46 та конференция, семинар ва давра суҳбатларининг мавзуи Қўмита фаолиятининг устувор йўналишлари ва кўриб чиқилаётган қонун лойиҳаларидан келиб чиққан ҳолда белгиланган. Қўмита ташаббуси билан қатор сайёр йиғилишлар ташкил этилган. Қўмита аъзолари бошқа қўмиталар, идоралар ва ташкилотлар томонидан ўтказилган 90 дан ортиқ тадбирларда иштирок этишган.
Қўмита томонидан парламентлараро алоқалар масалаларига алоҳида эътибор қаратилган, уларни ривожлантириш ва мустаҳкамлаш бўйича тизимли фаолият олиб борилган. Ҳисобот даврида қўмита аъзолари 140 дан ортиқ чет эл делегациялари (уларнинг 50 дан зиёди парламент делегациялари) билан, шунингдек 2006 йили октябрь ойида Қирғизистон Президенти Қ. Бакиевнинг ва жорий йил октябрь ойида Латвия Республикаси Президенти В. Затлерснинг Ўзбекистонга ташрифи давомида Ўзбекистон Республикаси давлат делегацияси таркибида иштирок этганлар. Қўмита раиси «Ўзбекистон-Европа Иттифоқи» парламент ҳамкорлиги қўмитасининг 6 ва 7-йиғилишларида Ўзбекистон делегациясининг, 2006 йил ноябрда тузилган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Корея Республикаси Миллий Ассамблеяси билан ҳамкорлик бўйича гуруҳининг раҳбари этиб сайланган.
Хитой Халқ Республикасига Қўмита аъзолари ва Қонунчилик палатаси Девони ходимидан иборат таркибдаги парламент делегацияси ташрифи ташкил этилган.
Сайловчилар билан ишлаш бўйича фаолияти доирасида Қўмита аъзолари 800 га яқин учрашувлар ўтказишган, уларда И.А. Каримов раҳнамолигида мамлакатда амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятини тушунтириш, депутатлар, Қонунчилик палатаси ва умуман Олий Мажлиснинг мамлакатимиз ижтимоий ҳаётининг барча соҳаларини янада демократлаштириш ва либераллаштириш стратегик дастурининг ҳуқуқий таъминотига қаратилган фаолияти тўғрисида кенг тушунтириш ишлари амалга оширилган. Бунда Ўзбекистон Республикаси томонидан эътироф этилган (ратификация қилинган ёки қўшилинган) универсал конвенциялар ҳамда Ўзбекистон Республикаси томонидан имзоланган шартномалар билан боғлиқ халқаро ишлар, нормалар ва талабларга алоҳида эътибор қаратилган. Қўмита аъзолари томонидан фуқароларнинг жами 600 дан ортиқ мурожаатлари кўриб чиқилиб, улар бўйича тегишли чоралар кўрилган ва жойлардаги долзарб ижтимоий-иқтисодий масалаларни ҳал қилишда амалий ёрдам кўрсатилган, сайловчилар ва учрашувлар иштирокчиларининг қонунчиликни такомиллаштиришга қаратилган қатор таклифлари эса қонун лойиҳаларини тайёрлашда инобатга олинган.
Сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий соҳалардаги кенг қамровли ислоҳотларнинг моҳиятини аҳолига тушунтириш, ҳуқуқий базани мустаҳкамлаш, амалдаги қонун ҳужжатларининг ижроси, парламент, сиёсий партиялар ҳамда уларнинг Қонунчилик палатасидаги фракциялари фаолиятини, шунингдек, сиёсий партияларнинг халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги депутатлар гуруҳи фаолиятини ёритиш мақсадида қўмита аъзоларининг радио ва телевидение орқали 300 га яқин чиқишлари амалга оширилган, уларнинг 264 та мақолалари газета ва журналларда чоп этилган.
Шу билан бир қаторда, Қўмита фаолиятида камчиликлар ва фойдаланилмаётган имкониятлар мавжуд. Жумладан, Қўмитанинг қонунчилик ташаббуси субъектлари билан ишини яхшилаш, қонун лойиҳаларини тайёрлаш ва жойларда қонунлар ижросини ўрганиш масалаларида жамоатчилик эксперт гуруҳининг имкониятларидан кенгроқ фойдаланиш, Ўзбекистон Республикасининг 500 дан ортиқ халқаро шартномасини унификация қилиш ҳамда таснифлаш ва шу каби бошқа ишларни амалга ошириш тақозо этилади.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Халқаро ишлар ва парламентлараро алоқалар қўмитасининг 2005 — 2007 йиллар ҳамда 2008 йилнинг ўн ойидаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботи маълумот учун қабул қилинсин.
2. Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Халқаро ишлар ва парламентлараро алоқалар қўмитасига:
қонунчилик ташаббускори субъектлари билан ҳамкорликни, қонун лойиҳаларини Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасида кўриб чиқиш учун ўз вақтида тайёрлаш ва киритишга доир ишларни янада такомиллаштириш;
халқаро ҳуқуқ нормаларининг миллий қонунчиликка уйғунлаштирилишини мониторинг қилиш ишларини кучайтириш;
парламентлараро ҳамкорликни кенгайтириш ишларини жадаллаштириш;
назорат-таҳлил фаолиятининг самарадорлигини ошириш, 2009 йилда Қўмита назоратида турган қонунлар ижросини ўрганишни назарда тутиш чораларини кўриш;
сайёр йиғилишлар ўтказиш амалиётини кенгайтириш, қабул қилинаётган қонунларнинг аҳамияти ва моҳиятини аҳоли ўртасида тарғиб қилишни кучайтириш, бунда оммавий ахборот воситаларининг имкониятларидан кенг фойдаланиш;
Қўмита ҳузуридаги қонун лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва экспертиза қилиш жамоатчилик эксперт гуруҳи таркибини қайта кўриб чиқиш, уни халқаро ҳуқуқ ва халқаро муносабатлар соҳасида иш тажрибасига эга бўлган мутахассислар билан кучайтириш;
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Кенгашининг 2008 йил 21 майда қабул қилинган «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси қабул қилинганлигининг 60 йиллигига бағишланган тадбирлар дастури тўғрисида»ги ва «Ўзбекистон Республикасида адвокатура институтини янада ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонларидан келиб чиқадиган вазифалари ҳақида»ги 789-1-сонли Қарорининг Қўмита олдига вазифалар қўйилган қисми бажарилиши самарали ташкил этилишини таъминлаш;
округларда сайловчилар билан учрашувлар чоғида ҳамда Қонунчилик палатасининг бевосита ўзига фуқаролардан тушган оғзаки ва ёзма мурожаатларга ўз вақтида муносабат билдириш.
3. Ушбу Қарорнинг ижроси устидан назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг ўринбосари А.Х. Шодмонов зиммасига юклатилсин.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Спикери Д. ТОШМУҲАМЕДОВА
Тошкент ш.,
2008 йил 12 ноябрь,
910-I-сон
(Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2008 й., 11-сон, 587-модда)