Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг
Қарори
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ 2009 ЙИЛГИ ДАВЛАТ БЮДЖЕТИ ТЎҒРИСИДА
Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати томонидан тақдим этилиб, муҳокама қилиш мобайнида Қонунчилик палатаси депутатларининг фикр-мулоҳазалари ва таклифлари ҳисобга олинган ҳолда маромига етказилган Ўзбекистон Республикасининг 2009 йилги Давлат бюджети лойиҳасини кўриб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикасининг 2009 йилги Давлат бюджети ҳамда солиқ ва бюджет сиёсатининг асосий йўналишлари Давлат бюджети тақчиллигининг энг юқори даражаси ялпи ички маҳсулот ҳажмига нисбатан 1,0 фоиз миқдорида белгиланган ҳолда қабул қилинсин.
2. Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати:
макроиқтисодий барқарорлик, иқтисодиётнинг изчил ва мутаносиб ўсиш суръатларини, инфляция даражасининг белгиланган энг юқори даражадан ошмаслигини таъминласин, тўғридан-тўғри чет эл инвестицияларини жалб этиш ҳисобига иқтисодиётдаги таркибий ўзгаришларни, етакчи тармоқларни модернизация қилиш ва янгилашни рағбатлантиришга доир чора-тадбирларни давом эттирсин;
корхоналарга, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликка солиқ юкини камайтириш ва солиқ маъмуриятчилигини янада соддалаштиришга доир ишларни давом эттирсин, шунингдек янги иш ўринларини яратишга эътибор қаратсин;
давлат бюджети харажатларини устувор тарзда ижтимоий соҳага ва аҳолини ижтимоий жиҳатдан қўллаб-қувватлашга йўналтирсин;
бюджет ходимларининг иш ҳақи, пенсиялар, стипендиялар ва нафақалар миқдорини ошириш тамойилини сақлаб қолсин;
таълимни, соғлиқни сақлашни ва илм-фанни ислоҳ қилишга доир Давлат дастури доирасида қабул қилинган чора-тадбирларнинг амалга оширилишини таъминласин;
иқтисодиётни, айниқса қишлоқ хўжалигини ривожлантиришга қаратилган чора-тадбирларни белгиланган бюджет параметрлари доирасида молиялаштиришга доир барча зарур чора-тадбирларни амалга оширсин;
бюджет маблағларидан самарали ва мақсадли фойдаланилишини таъминлаш мақсадида давлат бюджети ижросининг ғазначилик тизимини жорий этишга доир чора-тадбирларнинг амалга оширилишини жадаллаштирсин;
Давлат бюджетининг тақчиллиги ноинфляциявий манбалар ҳисобига молиялаштирилишини назарда тутсин.
3. Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари бюджет даромадларининг тасдиқланган кўрсаткичлари бажарилишини таъминласин, минтақаларнинг солиқ солинадиган базасини кенгайтириш ва молиявий салоҳиятини мустаҳкамлаш юзасидан зарур чора-тадбирларни амалга оширсин, бюджет маблағларидан мақсадли фойдаланилиши устидан қатъий назорат ўрнатсин.
4. Ушбу Қарор Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенатига юборилсин.
5. Ушбу Қарор қабул қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Спикери Д. ТОШМУҲАМЕДОВА
Тошкент ш.,
2008 йил 11 ноябрь,
895-I-сон
(Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2008 й., 11-сон, 572-модда)