Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
«НАВОИЙ» ЭРКИН ИНДУСТРИАЛ-ИҚТИСОДИЙ ЗОНА ДИРЕКЦИЯСИ» ДАВЛАТ УНИТАР КОРХОНАСИНИНГ УСТАВИНИ ТАСДИҚЛАШ ТЎҒРИСИДА
Кейинги таҳрирга қаранг.
Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 29 декабрдаги 786-сонли «Ташқи беғараз кўмак маблағларини жалб этиш механизмларини ва донорлар билан ишлаш тизимини такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорига асосан ўз кучини йўқотган.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Навоий» эркин индустриал-иқтисодий зонаси фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида» 2009 йил 27 январдаги 21-сон қарорини бажариш юзасидан Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
Кейинги таҳрирга қаранг.
1. «Навоий» эркин индустриал-иқтисодий зона дирекцияси» Давлат унитар корхонасининг Устави иловага мувофиқ тасдиқлансин.
Кейинги таҳрирга қаранг.
2. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари Р.С.Азимов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири Ш. МИРЗИЁЕВ
Тошкент ш.,
2009 йил 19 февраль,
48-сон
Вазирлар Маҳкамасининг 2009 йил 19 февралдаги 48-сон қарорига
ИЛОВА
ИЛОВА
«Навоий» эркин индустриал-иқтисодий зона дирекцияси» Давлат унитар корхонасининг
Кейинги таҳрирга қаранг.
УСТАВИ
I. Умумий қоидалар
1. «Навоий» эркин индустриал-иқтисодий зона дирекцияси» Давлат унитар корхонаси (кейинги ўринларда Дирекция деб аталади) тезкор бошқарув учун ўзига берилган давлат мулки бўлган мулк базасида Давлат унитар корхонаси шаклида ташкил этилган тижорат ташкилоти ҳисобланади, у ўзига биркитилган мулкка нисбатан, қонунда белгиланган доирада, ўз фаолияти мақсадларига, Муассис топшириқларига мувофиқ эгалик қилиш, фойдаланиш ва тасарруф этиш ҳуқуқини амалга оширади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
2. Дирекция ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ва қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорлари ва бошқа ҳужжатларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорларига, фармойишларига, бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга, шунингдек ушбу Уставга амал қилади.
3. Дирекция юридик шахс ҳисобланади, алоҳида мулкка, мустақил балансга, банкларда ҳисоб рақамларига, шу жумладан валюта ҳисоб рақамларига, рамзга, штамплар ва бланкаларга, Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тасвири туширилган, ўз номи давлат тилида ёзилган муҳрга ва бошқа реквизитларга эга бўлади.
4. Корхонанинг расмий номи:
а) давлат тилида:
тўлиқ номи — «Navoiy» erkin industrial-iqtisodiy zona direktsiyasi» Davlat unitar korxonasi;
қисқартирилган номи — «Navoiy» EIIZ direktsiyasi» DUK;
б) рус тилида:
тўлиқ номи — Государственное унитарное предприятие «Дирекция свободной индустриально-экономической зоны «Навои»;
қисқартирилган номи — ГУП «Дирекция СИЭЗ «Навои»;
в) инглиз тилида:
тўлиқ номи — «Directorate of the free industrial-economic zone «Navoi» State Unitary Company;
қисқартирилган номи — «Directorate of FIEZ «Navoi» SUC.
Кейинги таҳрирга қаранг.
5. Дирекциянинг жойлашган жойи (почта манзили): 210100, Навоий шаҳри, А. Темур кўчаси, 4-уй.
Кейинги таҳрирга қаранг.
6. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Дирекциянинг муассиси (кейинги ўринларда Муассис деб аталади) ҳисобланади.
7. Дирекция ўз номидан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда мулкий ва шахсий номулкий ҳуқуқларни олиши ва амалга ошириши, мажбуриятлар олиши, судда даъвогар ва жавобгар бўлиши, низоларни ҳал этишда бошқа органларда вакиллик қилиши мумкин.
8. Дирекция Муассиснинг розилигига кўра тижорат ташкилотларининг, шунингдек қонун ҳужжатларига мувофиқ юридик шахсларнинг қатнашишига йўл қўйиладиган нотижорат ташкилотларда қатнашчи (аъзо) бўлиши мумкин.
9. Дирекция давлат бошқа корхонасининг муассиси бўлиши мумкин эмас.
II. Дирекция фаолиятининг предмети ва мақсади
10. «Навоий» эркин индустриал-иқтисодий зонаси (кейинги ўринларда «Навоий» ЭИИЗ» деб аталади) фаолиятини, шу жумладан «Навоий» ЭИИЗни ривожлантириш давлат дастурларининг тўлиқ ва ўз вақтида бажарилишини таъминлаш йўли билан тезкор бошқариш, «Навоий» ЭИИЗ ҳудудида алоҳида ҳуқуқий режимга риоя этилишини таъминлаш, шунингдек «Навоий» ЭИИЗ ҳудудидаги хўжалик фаолияти қатнашчиларига (кейинги ўринларда «Навоий» ЭИИЗ қатнашчилари» деб аталади) хизматлар кўрсатишдан ҳамда ушбу Уставда назарда тутилган бошқа ишлар ва хизматлардан фойда олиш Дирекция фаолиятининг мақсади ҳисобланади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
11. Қуйидагилар Дирекция фаолиятининг асосий йўналишлари ҳисобланади:
11.1. Белгиланган тартибда танланган инвесторлар билан «Навоий» ЭИИЗ ҳудудида инвестициялаш тўғрисида битимлар тузиш;
Кейинги таҳрирга қаранг.
11.2. «Навоий» ЭИИЗ қатнашчиларини рўйхатдан ўтказиш ва уларнинг реестрини юритиш, уларга тегишли гувоҳномалар бериш;
Кейинги таҳрирга қаранг.
11.3. «Навоий» ЭИИЗ ҳудудида «Навоий» ЭИИЗ қатнашчилари ҳисобланмайдиган бошқа хўжалик юритувчи субъектлар ҳисобини юритиш;
Кейинги таҳрирга қаранг.
11.4. Белгиланган тартибда танланган инвесторлар томонидан ўз зиммасига қабул қилган мажбуриятларнинг зарур даражада бажарилишини назорат қилиш, кейинчалик уларнинг натижаларини «Навоий» ЭИИЗнинг Маъмурий кенгашига (кейинги ўринларда Маъмурий кенгаш деб аталади) тақдим этади;
Кейинги таҳрирга қаранг.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Кейинги таҳрирга қаранг.
11.5. «Навоий» ЭИИЗ қатнашчиларига ва бошқа хўжалик юритувчи субъектларга «Навоий» ЭИИЗ ҳудудида ер участкаларини ижарага бериш;
Кейинги таҳрирга қаранг.
11.6. «Навоий» ЭИИЗ ҳудудида жойлашган давлат мулки бўлган объектлардаги кўчмас мулкни ўзига берилган ваколатлар доирасида бошқариш;
Кейинги таҳрирга қаранг.
11.7. «Навоий» ЭИИЗ фаолиятини тезкор бошқариш бўйича бошқа функцияларни амалга ошириш.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Ушбу Уставда назарда тутилган тегишли фаолиятнинг қонун ҳужжатларида лицензияланиши зарурлиги белгиланган тақдирда Дирекция фаолиятнинг ушбу турини лицензия олмасдан, тегишли лицензияловчи орган билан тузилган лицензия битими асосида амалга оширишга ҳақлидир.
12. Дирекция қонун ҳужжатларида тақиқланмаган фаолиятнинг бошқа турларини ҳам амалга ошириши мумкин.
III. Дирекция фаолиятини бошқариш
13. Дирекция Муассисга ва Маъмурий кенгашга ҳисоб беради.
Кейинги таҳрирга қаранг.
14. Муассис қуйидаги ҳуқуқларга эга:
Дирекция фаолиятининг мақсади, предмети ва турларини белгилаш;
Дирекция Уставига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида қарорлар қабул қилиш;
Дирекцияни қайта ташкил этиш ёки тугатиш тўғрисида қарор қабул қилиш, тугатиш комиссиясини тайинлаш ва тугатиш балансини тасдиқлаш;
Дирекциянинг ортиқча, фойдаланилмаётган ёхуд белгиланган мақсадда фойдаланилмаётган мулкини олиб қўйиш ва уларни тасарруф этиш;
Дирекция томонидан ўзига берилган мулкдан фойдаланишдан олинган соф фойданинг бир қисмини ёки ҳаммасини олиш;
Дирекция мулки билан амалга оширилган битишувларни ҳаққоний эмас деб эътироф этиш тўғрисида судга даъво аризаси билан мурожаат қилиш;
Дирекция етказган зарарларни ундириш тўғрисида Дирекциянинг ижро этувчи органига даъво аризаси тақдим этиш.
Муассис қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.
15. Маъмурий кенгаш Дирекция фаолиятига раҳбарликни ва уни назорат қилишни, шунингдек «Навоий» ЭИИЗнинг мустақил бюджети ҳамда «Навоий» ЭИИЗни ривожлантириш жамғармаси маблағларидан мақсадли фойдаланилиши устидан назоратни амалга оширади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
16. Маъмурий кенгаш ваколатига қуйидагилар киради:
«Навоий» ЭИИЗни ривожлантириш бўйича Дирекция фаолиятининг стратегик вазифалари ва йўналишларини белгилаш ҳамда «Навоий» ЭИИЗни ривожлантиришнинг тегишли ўрта муддатли ва узоқ муддатли дастурларини ишлаб чиқишни ташкил этиш;
«Навоий» ЭИИЗнинг самарали фаолиятини таъминлаш учун зарур бўлган ҳар йилги инвестиция дастурларини ва бошқа ташкилий-техник тадбирларни тасдиқлаш, шунингдек уларнинг бажарилиши тўғрисидаги ҳисоботларни кўриб чиқиш;
Дирекциянинг молия-хўжалик фаолиятини ҳар чоракда ўрганишни ташкил этиш;
Дирекция фаолияти тўғрисида ижро этувчи органнинг ҳисоботини ҳар чоракда эшитиш ва тасдиқлаш;
Директорнинг ёллаш тўғрисидаги меҳнат шартномасини Муассис номидан тузиш ва бекор қилиш;
Дирекциянинг ташкилий тузилмасини ва бошқарув аппарати тузилмасини маъқуллаш;
Дирекциянинг штатлар рўйхатини ва харажатлари сметасини тасдиқлаш;
ички аудит хизматини ташкил этиш ва унинг ходимларини тайинлаш;
ижро этувчи орган фаолияти тартибини белгилайдиган ҳужжатларни тасдиқлаш.
Маъмурий кенгаш қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларга ҳам эга бўлиши мумкин.
Кейинги таҳрирга қаранг.
17. Маъмурий кенгаш ўзига юкланган вазифаларни бажариш учун Дирекция фаолиятига тааллуқли ҳужжатларни талаб қилиб олиш ҳуқуқига эга. Олинган ҳужжатлардан Маъмурий кенгаш ва унинг аъзолари томонидан фақат хизмат мақсадларида фойдаланилади.
18. Дирекциянинг жорий фаолиятига раҳбарликни Маъмурий кенгаш томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимдан озод этиладиган Директор амалга оширади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
19. Директор якка ижро этувчи орган ҳисобланади.
20. Директор Маъмурий кенгаш билан келишган ҳолда Дирекция ходимларини лавозимга тайинлайди ва лавозимдан озод қилади.
21. Директор:
Дирекция ходимлари меҳнат шароитларини муҳофаза қилиш ва яхшилаш, атроф муҳитни муҳофаза қилиш ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш соҳасидаги норма ва қоидаларга қатъий риоя этилишини таъминлаш мақсадида «Навоий» ЭИИЗ бўйича қонун ҳужжатлари талабларини бажаришга йўналтирилган тадбирларни ишлаб чиқади ва жорий этади;
Кейинги таҳрирга қаранг.
ривожлантириш дастурлари амалга оширилишини ташкил қилади;
Дирекциянинг асосий фаолиятини такомиллаштиришга, бошқарувнинг энг янги услубларини жорий этишга йўналтирилган тадбирларни амалга ошириш чора-тадбирларини кўради;
Дирекция номидан ишончномасиз ҳаракат қилади, мамлакатимиздаги ва хорижий барча корхоналар, муассасалар ва ташкилотларда унинг манфаатларини ифодалайди;
ходимларни ишга қабул қилади, улар билан меҳнат шартномалари тузади ва уларни ўзгартиради ва тўхтатади;
қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ишончномалар беради;
кадрларни тайёрлаш ва ўқитиш, уларнинг малакасини ошириш чора-тадбирларини кўради;
Дирекциянинг барча ходимлари учун мажбурий бўлган буйруқлар, фармойишлар ва кўрсатмалар чиқаради;
Дирекциянинг ички тартибини ва хўжалик фаолиятини регламентлайдиган ҳужжатларни тасдиқлайди;
Дирекция томонидан Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларига риоя қилинишини ташкил этиш ва назорат қилишни таъминлайди;
белгиланган мақсадларни, Дирекцияга юкланган вазифаларни амалга ошириш учун зарур бўлган бошқа функцияларни амалга оширади.
22. Директор ўз ҳуқуқларини амалга оширишда ва вазифаларини бажаришда Дирекция манфаатларини кўзлаган ҳолда ҳаракат қилади.
23. Директор «Навоий» ЭИИЗнинг Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги билан келишган ҳолда Маъмурий кенгаш томонидан тасдиқланадиган мустақил бюджет маблағларининг тасарруф этувчиси ҳисобланади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
24. Директор «Навоий» ЭИИЗнинг мустақил бюджети ижроси тўғрисидаги ҳисоботни келишиш учун Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигига белгиланган тартибда тақдим этади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Директор ўз зиммасига юкланган вазифаларнинг бажарилиши, шунингдек Дирекцияга берилган давлат мулкининг сақланиши ва ундан мақсадли фойдаланилиши юзасидан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб беради.
IV. Дирекция устав фондининг миқдори
25. Дирекциянинг устав фонди «Навоий» ЭИИЗ фаолиятини тезкор бошқаришни амалга ошириш учун Муассис томонидан ўзига берилган маблағлар, мулклар ва бошқа активлардан иборат бўлади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
26. Дирекция устав фондининг миқдори 4,89 млрд. сўмни ташкил қилади.
V. Дирекция устав фондини кўпайтириш ва камайтириш тартиби
27. Дирекция устав фондини кўпайтириш ёки камайтириш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда Муассис қарорига биноан амалга оширилади.
VI. Дирекция мулкини тасарруф этиш
28. Муассис томонидан Дирекцияга тезкор бошқарув ҳуқуқи билан биркитилган асосий фондлар ва айланма маблағлар Дирекция мулкини ташкил қилади.
29. Дирекциянинг асосий фондлари ва айланма маблағлари бўлинмайди ва улушлар (ҳиссалар, пайлар) бўйича тақсимланиши мумкин эмас.
30. Маъмурий кенгаш Муассис номидан Дирекцияга берилган давлат мулкидан белгиланган мақсадда фойдаланилишини ва унинг сақланишини, шунингдек ўзгага берилишини назорат қилади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
31. Директор Муассис билан келишган ҳолда Дирекция мулкини қуйидаги ҳолларда:
асосий воситаларни сотишда, уларни ижарага ёки гаровга топширишда;
мулкни бошқа хўжалик жамиятининг устав фондига улуш сифатида киритишда;
бошқа хўжалик жамиятларининг акциялари (улушлари)ни сотиб олишда ва сотишда;
хўжалик жамиятларидаги Дирекцияга тегишли акциялар (улушлар)ни сотишда;
мулкдан Дирекция фаолиятининг мақсадларига номувофиқ тарзда фойдаланилганда тасарруф этиши мумкин.
VII. Даромадларни шакллантириш тартиби
32. Дирекция даромади:
хизматлар кўрсатишдан олинган даромадлар;
Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги билан келишган ҳолда, Маъмурий кенгаш фойдаланилишида ва бошқарувида бўлган ер участкалари, бинолар ва ишноотларни ижарага топширганлик учун тушумларнинг бир қисми;
қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа тушумлар ҳисобига шакллантирилади.
VIII. Даромад (фойда)ни тақсимлаш ва зарарларни қоплаш тартиби
33. Дирекцияда қоладиган соф фойда барча солиқлар ҳамда бюджетга ва бюджетдан ташқари жамғармаларга бошқа мажбурий тўловлар тўлангандан кейин Дирекция тасарруфида қолади ва Маъмурий кенгаш қарорига кўра фойдаланилади.
34. Муассис ўз қарори билан мурувват мақсадларига ҳамда бегона юридик ва жисмоний шахсларга ҳомийлик ёрдами кўрсатишга йўналтириладиган пул маблағларининг чекланган суммасини, уларни тасарруф этиш ҳуқуқини Директорга берган ҳолда белгилайди.
35. Дирекциянинг хўжалик фаолияти натижасида кўрилган зарарларини қоплаш ушбу мақсадлар учун ташкил этилган захира фонди маблағлари ҳисобига амалга оширилиши мумкин.
IX. Захира фондини ва бошқа фондларни ташкил этиш тартиби
36. Дирекция ўз тасарруфида қоладиган соф фойда ҳисобига захира фондини, шунингдек бошқа фондларни ташкил этиши мумкин, уларнинг миқдори ва шакллантириш тартиби Муассис томонидан тасдиқланади.
X. Ҳисоботлар тақдим этиш тартиби
37. Дирекция ҳисобот даври тугагач ваколатли органларга молия ҳисоботини ва рўйхати қонун ҳужжатларида белгиланган бошқа ҳужжатларни тақдим этади ҳамда ҳужжатларнинг сақланиши ва уларнинг давлат томонидан сақлашга берилиши юзасидан белгиланган тартибда жавоб беради.
38. Дирекциянинг хўжалик субъекти сифатидаги фаолиятини назорат қилиш Муассис ва бошқа ваколатли органлар томонидан, қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.
39. Директор ҳар чоракда фаолияти натижалари ва тасдиқланган ривожлантириш дастурларининг амалга оширилиши тўғрисида Маъмурий кенгашга ҳисоб беради.
Кейинги таҳрирга қаранг.
XI. Дирекциянинг жавобгарлиги
40. Дирекция ўз мажбуриятлари бўйича ўзига тегишли мулк билан жавоб беради. Муассис Дирекциянинг мулки етарли бўлмаган тақдирда унинг мажбуриятлари бўйича субсидиар жавобгарликни амалга оширади.
41. Дирекция Муассис мажбуриятлари бўйича жавоб бермайди.
XII. Дирекциянинг филиаллари ва ваколатхоналари
42. Дирекция Муассис билан келишган ҳолда Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ҳам, унинг ташқарисида ҳам қонун ҳужжатлари талабларига риоя қилган ҳолда филиаллар ташкил этиши ва ваколатхоналар очиши мумкин.
43. Дирекциянинг филиаллари ва ваколатхоналари Дирекция томонидан тасдиқланган Низом асосида фаолият кўрсатади.
44. Ўзбекистон Республикасидан ташқарида жойлашган ваколатхоналар ва филиаллар Дирекция томонидан тасдиқланган Низом асосида ҳамда ҳудудида ўзлари жойлашган мамлакатларнинг қонун ҳужжатларига мувофиқ фаолият кўрсатади.
45. Дирекция филиали ёки ваколатхонасининг раҳбари Маъмурий кенгаш билан келишган ҳолда Директор томонидан тайинланади ва улар берган ишончнома асосида фаолият кўрсатади, ишончнома ушбу раҳбар билан тузилган меҳнат шартномаси тўхтатилган тақдирда Директор томонидан бекор қилиниши керак.
46. Дирекция томонидан ташкил этиладиган филиаллар ва ваколатхоналарнинг мажбуриятлари бўйича Дирекция жавоб беради.
XIII. Дирекцияни тугатиш ва қайта ташкил этиш
47. Дирекция Муассиснинг қарорига кўра, қонун ҳужжатларида назарда тутилган тартибда ёки суд қарорига биноан тугатилиши ёки қайта ташкил этилиши мумкин.
48. Дирекцияни тугатиш унинг фаолиятининг ҳуқуқ ва мажбуриятлар ҳуқуқий ворислик тартибида бошқа шахсларга ўтмаган ҳолда тўхтатилишига сабаб бўлади, Дирекция қайта ташкил этилган тақдирда ҳуқуқ ва мажбуриятлар ҳуқуқий ворисга ўтади.